Яшнаётган юрт – яшараётган юрт

Сафарга чиққанингизда, йўл ҳақида ўйлаганмисиз? Бу йўллардан кимлар ўтди, кимлар ўтмади? Танимиздаги қон томирларга ўхшайди? Агар шундай бўлса, дунёнинг ушбу томирлари туташадиган юраги қаерда,  десалар баралла, фахр билан Ўзбекис­тон деган бўлардим!

Эрта тонг ишга кетаётиб, автобусда икки отахоннинг суҳбати қулоғимга чалинди:

“Қаранг, қандай чиройли ва равон йўл бўлибди. Байрам кўчаю хонадонлар, маҳаллалар ободлиги билан янада файз­ли-да. Шундай доруломон кунларга етказганига шукр. Илоҳим шаҳримизга кўз тегмасин!”.

Бугун бу шукроналик сўзларини кўчадаги ҳар бир кишидан эшитиш мумкин. Тарихга назар солсак, юртимиз ҳудудидан элларни элларга боғловчи карвон йўллари ўтган. Шу боис, қадимдан мамлакатимизда йўл қурилишига алоҳида эътибор берилган. Узоқ манзилларга отланган савдогарлар она Ватанимиз ҳудудидан ўтаётганларида карвонсаройларимизда дам олиб, бозору шаҳарларимизни айланган. Буюк бобомиз Амир Темур ҳам жойлардаги мулозимларидан йўл ва кўприк қурилишларига алоҳида эътибор беришни тайинлаган.

Шукрки, бугун ҳам манзилимизга ўз вақтида етиб бормоқдамиз. Ўзимизда ишлаб чиқарилган “учқур” автомобиллар, равон йўллар одамлар хизматида. Бу ҳам бўлса, мус­тақиллик берган имкониятдир.

Мамлакатимизда яшаш сифати, аҳоли даромадлари ошиб бораётгани натижасида автомобиллар сони тобора кўпа­йиб бормоқда. Шунга мувофиқ, йўл-коммуникация тармоқлари изчил ривожлантирилмоқда. Барча ҳудудларда янги йўллар қурилмоқда, мавжудлари кенгайтирилмоқда. Пойтахтимизда шаҳарнинг келгуси ривожи ҳам ҳисобга олинган ҳолда кенг ва равон йўллар, кўприклар бун­ёд этилмоқда. Эътиборлиси, бундай иншоотларни лойи­ҳалаштиришда иқлим шароитлари, санитария ва хавфсизлик талаблари, халқимизнинг миллий ҳаёт тарзига оид барча жиҳатлар ҳисобга олинаётир.

Куни кеча пойтахтимизнинг Нурафшон кўчасидан Оқтепа майдонигача бўлган 4 километр йўл узайтирилди ва Муқимий кўчасига уланди. Муқимий, Усмон Носир ва Шота Рус­тавели кўчалари чорраҳасида замонавий кўприк барпо этилди. Ушбу чорраҳадан бошланган берк кўчанинг иккинчи томони Бобур кўчасига уланди. Шу тариқа пойтахтимизда яна бир айланма йўл барпо этилди.

Муқимий, Усмон Носир ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасида илгари соатига меъёрдаги 6 минг ўрнига 11 минг 500 автомобил, яъни қарийб икки баробар кўп транспорт ҳаракатланар эди. Оқибатда тирбандлик юзага келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўларди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда эни 19, узунлиги қарийб 1 километр бўлган замонавий кўприк бунёд этилди. Муқимий кўчасининг ҳар бир йўналиши беш тасмали қилиб кенгайтирилди. Янги кўп­рикнинг қурилиши нафақат ушбу чорраҳадаги тирбандликни бартараф этади, балки Бунёдкор, Чилонзор, Чўпонота, Қушбеги, Бобур кўчаларидаги қатновга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Яна ўқинг:  “Осиёда ўқитувчиларни касбий тайёрлашда гeндeр масалаларнинг баҳоланиши” мавзусида ўқув-сeминари ўтказилди

Ушбу иншоот “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприкқурилиш” трести томонидан бунёд этилган бўлиб, лойиҳа қурилишида хорижнинг энг замонавий технологиялари ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланилган. 

Кўприкнинг ёнида пиёдалар учун қарийб 90 метрлик битта, Оқтепа майдонида 48 ва 60 метрлик иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилган. Уларнинг усти ёпилган, атрофи бежирим панжара ва ойналар билан ўралган. Бу одамларни қишда ёғингарчиликдан, ёзда иссиқдан ҳимоялайди, атрофдаги манзарадан баҳра олишига имкон беради.

Бундай бунёдкорлик ишлари пойтахтимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун янада қулайлик яратиш мақсадида Тараққиёт кўчаси узайтирилди. Унинг Паҳлавон Маҳмуд ва Мирзо Улуғбек кўчалари билан туташган жойи­дан Оҳангарон кўчасигача бўлган ҳудудида 3 километрли янги йўл қурилди. Тараққиёт кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли чорраҳасидаги кўприк реконструкция қилинди.

Бир сўз билан айтганда, йўлларнинг равонлиги кўнгилларга ёруғлик бахш этади. Бу ёруғлик эса кўнгиллар ободлигидан далолатдир.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: