Гўдак иммунитетини кўтарай десангиз…

Уни она сути билан озиқлантиринг

Кўкрак сути – гўдак ҳаётининг дастлабки 6 ойи мобайнида ўта муҳим ва ягона бўлган озуқадир. Чақалоқ ярим йил мобайнида она сутидан ташқари ҳеч қандай овқат ёки суюқликка, ҳаттоки, жазирамада сувга ҳам муҳтожлик сезмайди.

Болага кўкрак сутидан ташқари бошқа егулик ёки суюқликлар бериш унда ичкетар ва бошқа касалликлар келиб чиқиш хавфини кучайтиради.

6 ойликдан ошган ҳар бир гўдак қўшимча овқат ва суюқликларга ўзида эҳтиёж сезади. Бола хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин икки ёшгача она уни кўкрак сути билан боқишни давом эттириши зарур. Агар чақалоқ туғилиши билан онасини эма бошласа, она сути кўпаяди.

Гўдак эмиши учун ўзини бўш тутиши ва кайфияти яхши бўлиши зарур. Болангизни эмизиш чоғида уни нотўғри ушласангиз кўкракда оғриқ ва ёриқлар пайдо бўлади. Шунингдек, она сути етарли даражада ажралиб чиқмайди. Натижада бола эмишдан бош тортади.

Гўдак яхши эмаётганлигининг белгиларидан бири унинг оғзини катта очиб, она кўкраги атрофидаги ареолани, яъни жигарранг терисини қамраб олиб эмишидир. Шунда у ҳаво ютиб юбормайди ва чақалоқни ҳиқичоқ тутмайди. Боланинг ияги онанинг кўкрагига тегиб туриши зарур.

Одатда ҳар бир онанинг кўкрагида гўдагини тўйдирадиган даражада сут бўлади. Шунинг учун чақалоқни фақат она сути билан эмизиб боқиш керак.

Болани эҳтиёжига қараб эмизиш лозим. Кўкракдаги оғиз сути яъни дастлабки қуюқ, сариқ рангли сут янги дунёга келган чақалоқ учун беқиёс озуқа бўлиб, уни ҳар хил инфекциялардан ҳимоялашга ёрдам беради. Чунки, бу озуқа таркибида табиий антитаначалар мавжуд. Улар эса турли юқумли инфекцияларга қарши илк эмлашдай таъсир этади.

Гўдакни она ҳар гал тўйгунча эмизса, унинг вужуди кўпроқ сут ишлаб чиқишни таъминлайди. Чақалоққа тинчлантирувчи восита сифатида сўрғич ёки шишачада сут бериш мумкин эмас. Бу эса она сутининг камайиб кетишига ҳамда боланинг эмишдан бош тортишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар бир янги онага туғруқхонада гинеколог ёки доя (ҳамшира ҳам бўлиши мумкин) гўдакни қандай парвариш этиш, тўғри эмизиш тартиби ҳамда эмизикли онага қандай маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкинлиги ҳақида тушунтириш беради. Она фарзандини эмизиб боқиши учун унда кўкрак сути етарли эканлигига, аввало, ўзи ишонч ҳосил қилиши шарт. Бунинг учун у иссиқ, суюқ таомлар ва кўпроқ суюқликлар ичиши зарур. Шунингдек, арпабодиённи дамлаб ичса, нафақат она сути кўпаяди, балки чақалоқнинг ичи ҳам дам бўлмайди.

Яна ўқинг:  Қандай омиллар ақли заифликка олиб келиши мумкин?

Она сути билан эмизиб боқиш қуйидаги афзалликларга эга. Яъни, ушбу беқиёс озуқа гўдак вужудига биологик мосдир. Шу сабабли у аллергия чақирмайди. Она сутидаги оқсилларнинг 1/3 қисми меъдада парчаланмай сўрилади ва унинг аллергенлик хавфи камаяди. Болаларда юқумли касалликлар ва ичак инфекцияларига нисбатан пассив иммунитет пайдо бўлади. Эмизадиган она сувчечак, қизамиқ, тепки ва бошқа юқумли касалликларни бошидан кечирган бўлса, чақалоқда ушбу хасталиклар учрамайди ёки енгил ўтади. Чунки, сут орқали бола танасига иммуноглобулинлар (махсус оқсиллар) ўтади. Сут таркибидаги А иммуноглобулини ичак деворини қамраб олади ва касаллик чақирувчи микробларнинг ўтишига тўсқинлик қилади. Она сутини қабул қилишнинг қулайлиги, унинг доимо истеъмол қилишга тайёрлигидир.

Эмизиш сабабли она ва бола ўртасида меҳр-оқибат туйғулари кучлироқ шаклланади. Кўкрак сути билан боқилган болалар ота-онасига, яқинларига ўта меҳрибон ва садоқатли бўлади. Ақлий салоҳият, яъни Q коэффиценти она сутини эмган болаларда юқори бўлиши кузатилган.

Аёлларда кўкрак бези саратонининг олдини олишда ҳам эмизиш фойдали ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, гўдакни кўкрак сути билан боққан оналарда ушбу хавфли касаллик кам учрайди.

Эмизиш сабабли аёлда туғруқдан кейин бачадондан қон кетишининг олди олинади. Миттивой онасини эмганда организмда окситоцин деб номланувчи махсус модда ажралиб бачадоннинг силлиқ мушакларини қисқартиради. Натижада она бачадонидан қон кетиши тўхтайди. Туғруқдан кейин аёлнинг тез қайта ҳомиладор бўлишининг олди олинади. Эмизикли онанинг овқатланиши тўғри йўлга қўйилса, чақалоқни сунъий аралаш озуқалар билан боқишга зарурат бўлмайди.

Гўдакни эмизиш уни меъда-ичак касалликлари, нафас ва пешоб йўли инфекциясидан асрайди. Шунингдек, она сути гўдакни бурун-қулоқ инфекцияси ҳамда хириллаб нафас олиш (стридор хасталигиги)дан ҳам муҳофаза қилади.

Болани эмизиб боқиш эса онани камқонлик, кўкрак саратонининг эрта бошланиши ҳамда тухумдонлар ракидан ҳимоя қилади. Қолаверса, қариликда суякларнинг хасталаниши (остеопороз)дан асрайди. Чунки, эмизикли она организмида гормонлар етарли ишлаб чиқарилади. Бу эса танада кальций алмашувига ижобий таъсир этади.

Туғилганидан то 6-9 ой давомида кўкрак сути билан озиқлантирилаётган чақалоқларнинг онги ва ақлий қобилиятлари она сутида таркиб топган ярим тўйинмаган ёғ кислоталари сабабли яхши ривожланади.

Моҳира ҚАМБАРОВА,

Гулноза ТОШМАТОВА,

Яна ўқинг:  Тут шодасидаги шифобахш инжу

Саломатлик ва тиббий статистика институти услубчи шифокорлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: