Гўзаллик деб, соғлигимиз қурбон бўлмасин!

Сир эмаски, тиббиётимизда нафақат хасталикларни даволаш, балки инсоннинг ташқи кўринишидаги ноқисликларни бартараф қилиш борасида ҳам талай ютуқлар қўлга киритилмоқда. Авваллари Голливуд юлдузлариникидек қош-кўз, лаб ёки чиройли қомат фақат орзу қилинган бўлса, бугун булар одатий ҳаёт тарзимизга айланиб улгурди.
Пластик жарроҳлик соҳаси жадал ривожланаётгани қувонарли, албатта. Бироқ аёлларимиз орасида кўз қовоқларини олдириш, юз терисини торттириш каби амалиётларга билиб-билмай мурожаат қилаётганлар, мутахассис бўлмаганлардан ёрдам сўраётганлар кўп. Ачинарлиси, нотўғри бажарилган муолажа кўп ўтмай асорат беради. Хориж оммавий ахборот воситаларида пластик жарроҳликдан сўнг юз нерв толаларининг сиқилиши, юз мушаклари карахтлиги ёки терисининг осилиб қолиши каби ҳолатлар ҳақида кўп ёзилади. Хўш, қачон пластик жарроҳлик соғлик учун хавфли бўлади? Амалиёт нега нотўғри бажарилиши мумкин?

Қачон мурожаат этилади?


Бугунги кунда икки йўналиш бўйича пластик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Булар – пластик реконструктив ҳамда эстетик пластик жарроҳликдир.

Пластик реконструктив жарроҳлик – туғма нуқсонлар, танадаги турли хил аномалиялар, орттирилган жароҳатлар, тери куйишларидан кейинги ўзгаришларни бартараф этиш мақсадида бажариладиган амалиёт ҳисобланади. Бунда танадаги муайян бир аъзо фаолиятини қайта тиклаш усули татбиқ қилиниб, танадаги ўзгаришлар жарроҳлик усулида асл ҳолига қайтарилади.
Пластик эстетик жарроҳлик ёки муолажалар – вақт ўтгани сайин инсон организми, хусусан, тери қатламида ёшга доир ўзгаришлар содир бўлиши тайин. Буни бартараф этиш, яъни қариш жараёни ташқи кўринишда акс этишининг олдини олишда эстетик пластик муолажалар услуби қўлланади.

Натижаси бир умрликми?


Аслида бу нисбий тушунча. Ҳар қандай натижа танланган амалиёт турига боғлиқ. Масалан, туғруқдан кейинги қорин мушаклари шакли ўзгаришини олайлик. Ушбу амалиёт бошқа туғмасликка қарор қилган аёлларда бажарилиб, муолажадан сўнг қорин мушаклари шакли туғруқдан аввалги ҳолатга қайтишига эришилади. Табиийки, бу бир умр шундай сақланиб қолади. Юз терисида ўтказиладиган эстетик пластика ҳам шундай. Гарчи, организмда ёшга доир ўзгаришлар кечиши тери қаватида акс этса-да, ўзгаришлар нисбатан камроқ бўлади.

Қош-қовоқни «торттириш» хавфли эмасми?


Тиббиётда блефаропластика номи билан аталувчи мазкур амалиёт натижасида қовоқлардаги шишларни кетказиш, кўз ости қопчаларини бартараф этиш ва кўз атрофидаги терини таранг­лаштириш (майда ажинларни йўқотиш)га эришиш мумкин. Мазкур амалиёт нафақат аёлларда, балки эркакларда ҳам ўтказилиб, хавфсиз ва қисқа фурсатда бажариладиган амалиёт саналади. Бунда бемор маҳаллий анестезия усулида 30 дақиқадан бир соатгача операция хонасида бўлади. Жарроҳлик амалиётидан сўнг уч-тўрт кун ўтгач, кесимдаги чок иплари олиб ташланади.

Амалиётнинг бирламчи натижаси бир ойдан сўнг маълум бўлади. Операциядан сўнг 5 кун ўтиб, декоратив косметика воситаларидан фойдаланиш мумкин. Блефорапластика қандли диа­бет, қон билан боғлиқ хасталиклар ёки юрак-қон томир касалликлари мавжуд бўлганида ўтказилмайди.


Шунингдек, амалиёт махсус ихтисослаштирилган марказларда ёки клиникаларда бажарилмаса, дейлик, гўзаллик салонида амалга оширилса, ижобий натижа кафолатланмайди. Ҳолбуки гўзаллик салонларида бундай муолажаларни амалга ошириш учун тегишли рухсатнома берилмайди.

Яна ўқинг:  Олимлар очлик саломатликка қандай таъсир кўрсатишини ўрганишди

Бурун нуқсонини тузатиш


Бурун шаклини ўзгартириш, туғма нуқсонларни бартараф этиш ва нафас йўллари билан боғлиқ ўзгаришларни бартараф этиш ринопластика усулида бажарилади.

Шунингдек, бурун дўнглиги, шакли қийшайиши, бурун ўлчамининг катта ё кичиклигини коррекция қилиш ҳам мазкур амалиёт сирасидандир. Муолажа 1,5-2 соат давомида маҳаллий ёки вена орқали анастезия ёрдамида амалга оширилади. Операциядан сўнг бир ҳафта давомида гипс боғлами тақилади. Натижа 1-1,5 ойда сезила бошлайди.

Ринопластика амалиёти заргарлик ишига тенг­лаштирилади. Сабаби бурун шакли ўзгартирилгач, юз тузилишига қанчалик мос келиш-келмаслигини олдиндан айтиш қийин. Шифокорлар фақат тахмин қилишади, холос. Аммо натижа гипс боғлами олиниб, шишлар тарқагачгина маълум бўлади. Ринопластика нотўғри бажарилганида эса бурунни қайта коррекциялашга тўғри келиши ҳам мумкин. Аммо кўп марталик қайта ўтказилган амалиётлар бурун кемирчагининг бузилишига олиб келади.

Мезоиплар – юз шаклини ўзгартириши мумкин


Лифтинг муолажасининг бир тури бўлган мезоиплар ёрдамида терини таранглаштириш, афсуски, доим ҳам кутилган натижани беравермайди. Масалан, бундай муолажадан сўнг гематомалар, терининг кўкариб қолиши, иплар нотўғри жойлашганида тери юзаси текислигининг йўқолиши, ҳатто мезоиплар ўрни йиринг­лаб кетиши ҳам мумкин. Баъзан шишлар таъсирида юз мимикаси ҳаракатига жавобгар нерв толалари сиқилиб қолади. Оқибатда юзнинг маълум қисми ишламай қолиши мумкин. Ёки иплар жойлаштирилаётганида қайсидир нерв толасига тегиб кетилса ҳам юз мимикаси йўқолади. Яқинда шу каби воқеа россиялик бир аёл билан содир бўлгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинганди. Аёл юзининг бир қисми карахт ҳолга келиб қолгани, аммо шифокор айбини тан олишни истамаётгани учун уни судга берган. Кейинроқ маълум бўлишича, шифокор операция пайтида нерв толасига тегиб кетган.
Мезоиплар ҳаддан ташқари тортилган бўлса, юзнинг табиий кўриниши йўқолади. Бунда қошлар юқорига кўтарилиб қолиши, ёноқлар яққол ажралиб туриши сезилади ва баъзан тери юзасида тўлқинсимон бурмалар юзага келади.

Амалиёт гигиена қоидаларига риоя этилмаган ҳолда бажарилса ёки мутахассис керакли малакага эга бўлмаса, терига инфекция тушиши эҳтимоли ортади. Бу эса ўтказилган муолажадан сўнг ортга қайтариб бўлмас асоратлар ва хунук чандиқларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Иплар тузилишига кўра фарқланади. Агар у жуда ингичка бўлса, маълум вақтдан сўнг йиғилиб қолиши ва тери юзасида сезилиши мумкин.

Операцияолди текширувлари муҳим

Яна ўқинг:  Тил ҳам оғрийдими?


Энг аввало, шифокор мурожаат этувчи билан суҳбат ўтказиб, унинг шикоятлари, талаб ва истакларини ўрганади. Сўнг жарроҳлик амалиёти олдидан бир қатор тиббий текширувлар ўтказилади. Амалиётнинг қай бир тури танланишидан қатъи назар, қоннинг умумий таҳлили, биоким­ёвий текшируви, қоннинг ивувчанлик факторлари ва инфекциялар текшируви, кардиограмма (юрак), зарур ҳолларда ички аъзолар ҳолатини аниқлаш мақсадида УТТ текшируви ўтказилиб, мурожаат этувчининг суҳбат асносидаги умумий шикоятлари ўрганилади. Тиббий таҳлиллар натижасига кўра, бирор ўзгариш аниқланса, даволаш муолажаларидан сўнггина пластик амалиёт тавсия этилади. Операцияга тайёргарлик жараёни танланган амалиёт турига кўра, бир ҳафта ёки ўн кун кечади. Сўнг режали операция амалга оширилади.

Шифокор жарроҳлик амалиётидан олдин ҳеч қандай текширувлар ўтказмаса, фақат беморнинг гапи билан кифояланса, бундай хизматдан фойдаланмаган маъқул. Негаки, операция вақтида нима юз беришини олдиндан айтиб бўлмайди.

Мезотерапия


Мезотерапия бу умумий тушунча бўлиб, турли хил мезотерапевтик дори воситаларини тери ва тери ости ёғ қаватига юбориш ҳисобланади. Бунда турли хил таркибга эга бўлган, синовдан ўтказилган косметологик инъекцион дори воситалари қўлланилиб, уларни ишлатишдан мақсад-терининг фото ва хронологик қаришини секинлаштириш ҳамда олдини олиш чораси сифатида амалга оширилади. Мезотерапия муолажасини махсус диплом ва сертификатга эга бўлган шифокор амалга оширади. Ушбу муолажани олишдан аввал қилинадиган мезотерапевтик дори воситаси, ундан олинадиган натижалар тўғрисида тўлалигича, бемор тушунадиган тилда маълумотлар берилиши лозим.

Яна бир муҳим жиҳати, пациент мезотерапия муолажасини олишдан аввал, ушбу мезотерапевтик дори воситаси Ўзбекис­тон Республикасида махсус гувоҳнома ва мувофиқлик сертификатига эга эканлигига ишонч ҳосил қилиш лозим. Бундай ҳужжатлари бўлмаган инъекцион воситаларни олиш тавсия этилмайди. Акс ҳолда бирор ножўя таъсирлар юзага келиши мумкин.

Бобур ТОИРОВ,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: