Истиқлол – иқбол йўли

Гўдак туғилдими, замонасига қараб улғаяди, дейишса ишонмасдим. Минг йиллар аввал ҳам одам боласи ривожланиши худди бугунги кундагидай бўлган-ку ахир. Бироқ ота бўлганимдан кейин ўз фарзандимнинг фикрлаши, фавқулодда одамни ўйлантириб қўядиган саволлар бериши, эҳтиёжлари, интилишлари, қизиқишларини кўриб, баъзан ёқа ушлайман. Таажжубланаман. Наҳот ҳали тўрт ёшга ҳам кирмаган қизалоқ кийимни танлаб кийса, ўйинчоқни ҳам саралаб ўйнаса.

 

Рубобнинг зўри шу

“Дада, менга пианино олиб беринг”, деди бир куни ишдан қайтсам, қизим ёшига хос эркалик билан. Телевизорда кўргандир, ё бирор қўшнининг боласида бор бўлса, ҳаваси кетгандир, ўксимасин, деган ўй билан эртаси куни ўйинчоқ пианино олиб келдим.

Остона ҳатлаб уйга кирарканман, қизим саломини ҳам унутиб қўлимга ёпишди. Кўнглидаги нарсасини олиб келмаганим учун “Мен каттакон пианинони айтувдим” дея бироз хафа бўлди. Тўғриси, бу воқеа менга бироз таъсир қилди. Уйқумдан ҳаловат қочди. Беихтиёр болалик йилларим ёдга тушди.

Кичкиналигимда ўзимнинг рубобим бўлишини жуда жуда орзу қилардим. Мен ҳам отамнинг ҳоли-жонига қўймай, ушбу мусиқа асбобини олиб беришини сўрайверардим. Қаёқда дейсиз?! У вақтлар рўзғордан орттириб, рубоб сотиб олиш жуда мушкул эди. Бир куни болалар билан ўйнаб, кўчадан уйга қайтсам, отам мени қўлида икки четига мих қоқиб, сим тортилган тахта билан қарши олди. “Мана, ўғлим, рубобнинг зўри шу бўлади” деди қўлбола буюмни менга узатаркан. Ўшанда севинчим ич-ичимга сиғмаган. Анча пайтгача “қадрдон рубобим”ни қўлимдан қўймай юрганман. Уйга ким келса, мақтанишни ҳам канда қилмасдим.

 

Бу болалар чемпион бўлади

Қиш ўтиб, баҳорнинг илиқ кунлари бошланади. Мактабдан қайтишимиз билан сумкани бир чеккага отамиз-у, матодан ясалган қўлбола коптокни олиб кўчага отиламиз. Қий-чув, чанг-тўзонда футбол ўйнайман. Кеч тушгач, уйга ҳориб кириб келаман. Аммо “копток”ни эҳтиётлаб олиб қўяман. Ахир, эртага ҳам футбол бор.

– Болаларнинг тўп тепишини қаранг, ҳали булар ўзбек футболини жаҳонга олиб чиқади, – нотаниш одамнинг гапидан хаёлларимни йиғиб оламан. Замонавий футбол майдончасида, спорт формалари ўзига ярашиб турган болаларга диққатимни қаратаман. Аммо жавоб беришга шошилмайман. Суҳбатдошим эса сўзини давом эттиради.

– Ўн йил олдин қишлоқ жойларида ана шундай ихчам, шинам ва замонавий спорт майдончалари қурилади, деса биров ишонмасди. Болалигимиз чанг кўчада, топилса резина тўп, топилмаса консерва қути тепиб ўтиб кетди, – дейди у жилмайганча. – Мен футболчи бўлишни жуда орзу қилардим. У вақтларда ихтисослашган футбол мактаблари ҳам йўқ эди-да. Энди орзуларимни болаларим тимсолида кўрмоқчиман. Худо хоҳласа, улар футбол юлдузи бўлади. Бунинг учун юртимизда шароит ҳам, имконият ҳам етарли.

Яна ўқинг:  Xushxabar raqamlar

 

***

Кечки овқат олди дастурхон атрофида жам бўламиз. Юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, одилона сиёсатимизнинг ҳаётдаги инъикоси ҳақида ота-ўғил узоқ суҳбатлашамиз. Мавзу кетидан мавзу, шукроналик ортидан шукроналик ёғилиб келаверади.

 Бир-бир, узуқ-юлуқ юқорида хотирлаганим, болалик дамларимни ҳам эслаймиз. Бу воқеалар ҳам тарихнинг қай бир саҳифасида қолиб кетди. Мустақилликка эришган ўзбек халқи эртанги кунига бўлган қатъий ишонч ва узоқни кўзлаган одилона сиёсат туфайли оғир кунларни бирбағирликда, аҳилликда мардонавор енгиб ўтди.

Ҳа, халқимиз бу дориломон кунларга шунчаки етиб келмаган. Бу ўзбекнинг матонати, шижоати, ёруғ кунларга бўлган юксак ишончининг маҳсулидир.

 

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: