Суянганим Ватан бўлди

Фарзанди дунёга келганда, ота-она чексиз қувончга тўлади. Жажжи меҳмон меҳру муҳаббат ришталарини мустаҳкамлайди, хонадон бахт нурига чулғанади.

Маҳкамжон дунёга келганида конимехлик Ёрқин ака ва Мавжуда опа ҳам шундай бахтдан масрур эди. Аммо орадан бир-икки йил ўтиб, фарзандининг оёғида нуқсони борлигини билгач, ёш ота-онанинг дили хира бўлди. Олиб бормаган шифокор мутахассислари қолмади. Ойлар кетидан ойлар, йиллар кетидан йиллар қуварди. Маҳкамжон ҳам улғайиб, ақлу ҳушини таниб борар, оёғидаги нуқсон эса бола қалбини тирнарди.

Бироз вақт ўтиб, “Маҳкамжон Германияда даволанармиш”, деган хабар маҳаллада тарқалди…

…Бу хабардан сўнг Маҳкамжон қувониб кетди. Ҳали шифокорларга учрашмасдан туриб, соғайгандек. Унда умид куртак ёзди. Ўша кунни кута бошлади. У ёзнинг иссиқ тунлари, осмон юлдузларга тўла кечаларда укаси Маъруфга орзулари ҳақида гапириб берарди. Уларнинг танлаган юлдузлари бор эди. Борган сари ўй-хаёллари, орзу-мақсадлари уйғунлашиб борди.

Ота-она фарзандини не-не орзу-умидлар билан улғайтиради. Бўйига кўз тикади. Эл корига ярасин, Ватан равнақига ҳисса қўшсин, дейди. Мавжуда опа ҳам ўғлининг соғайиши, юксак орзуларига етишини хоҳлайди. Шу мақсадда 2007 йил Маҳкамжонни “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти билан ҳамкорлигида Германияга мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун умидли сафарга кузатди.

…Бир йил ўтиб, Маҳкамжон қайтди. У тўлиқ соғаймаганди. Хорижлик шифокорлар муолажани давомли, босқичма-босқич олиб бориш зарурлигини айтишди. Бу сўзларни эшитган Мавжуда опа кўнгли ўксиб, кўзига ёш олди: “Наҳот, энди ўғлим тузалмаса…” деган ўй ўтди. Аммо, умидини узмади. Дилига яхши ниятларни тугди ва ўғлига:

– Маҳкамжон, шифокорлар айтди, тузалиб кетасан. Яна у ёққа боришинг керак. Улар билан немис тилида гаплашасан. Бунинг учун тилни яхши билишинг керак. Ҳали ўзинг айтгандек, дипломат бўласан!

Шу тариқа Маҳкамжон икки йил кетма кет хорижга бориб келди. Кутилган кун келди. Дилдаги тилаклар, дуолар ижобат бўлди. Маҳкамжон дардидан фориғ бўлди. Ота-она, дўст-биродарлар хурсанд. Хорижий тилларни ўрганишга иштиёқи баланд Маҳкамжон академик лицей ва касб-ҳунар коллеж ўқувчилари ўртасида ўтказилган Республика фан олимпиадасида немис тили бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Ушбу олимпиадада қўлга киритилган сертификат билан 2015 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинди.

Яна ўқинг:  БИТИРУВЧИНИНГ ИШ ЖОЙИ ТАЙИН

– Германияда ўтказган ўша кунлар ҳали ҳам ёдимда. Мен қатори келган бемор болалар билан уйга қайтишни, ота-онамизнинг қувончини кўришни жуда-жуда истардик. Саломатлигимни тиклашда шифокор ва ҳамширалар ўз вазифаларини масъулият билан адо этишди. Бунинг учун ҳукуматимизга, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондига ўз миннатдорлигимни билдираман. Уларнинг кўмагисиз мен ҳозирги ютуқларга эришмаган бўлардим, – дейди Маҳкамжон Ҳамидов. – Соғайиб юртимга қайтганимда, ота-онамнинг қувонганини кўриб, ўзимга ишончим ортди. Мен энди уч йил олдинги Маҳкамжон эмасдим. Шунда мақсадларим сари ҳаракат қилишим лозимлигини тушуниб етдим. “Сен тўла ишонган хаёл ҳақиқатга айланади”, деганлари рост экан. Шукурки, ҳозирда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабасиман. Келгусида она Ватаним, халқим корига ярайдиган фарзанд бўлишни истайман.

Сезяпсизми, озод юртнинг бахтиёр фарзандининг сўзи бу. Ватан хизматига бел боғлаган эр йигитнинг сўзи бу. Зеро, отаётган ҳар бир тонгимиз бир-биридан гўзал, тароватли, фусункор. Саховатли қуёш мўл-кўл нур сочмоқда. Кун сайин яшараётган, янгиланаётган юрт жамолига боқиб тўймайсан киши. Катта-ю кичик дунёқарашида ўзгариш, қалбида ҳаяжон, кайфиятида кўтаринкилик… Кўчаларимиз ораста, шаҳар-қишлоқларимиз обод, борар манзилимиз аниқ, мақсадларимиз бир, эртанги кунга бўлган ишончимиз барқарор.

Бу – Истиқлол шарофати, Озодлик берган буюк неъматлар меваси! Мамлакатимизда инсон, унинг бахтли-саодатли ҳаёт кечириши, орзуларини амалга ошириши учун кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик ифодаси.

2002–2016 йил давомида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ҳамкорлигида Германиянинг нуфузли клиникаларида 322 нафар бемор болалар жарроҳлик операциялари орқали соғломлаштирилди.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: