“Ўзбекистон ёш фермерлари Кенгаши” ташкил этилди
Ўзбекистонда ёш фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёш фермерлари Кенгаши” ташкил этилди.
Бу ҳақида ташкилотнинг Адлия вазирлигидан фаолияти учун тегишли гувоҳномани олгани ҳақида кенгашнинг маъсул вакили Илёс Сафаров хабар берди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 5847 нафар ёш фермерлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар 200753 гектар ер майдонига эга. 1158 нафар ёш фермерлар кўп тармоқли мақомига эгадир.
Афсуски, бу кўрсаткич республикамиздаги жами фермер хўжаликларининг атиги уч фоиздан кўпроқни ташкил этади.
Янги ташкилот ўз олдига фаолиятида фермерлик фаолиятини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантириш, ёшлар айниқса, уюшмаган ёшларни фермерлик ҳаракатига кенг жалб этиш, ёш фермерларни қўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантиришда кўмаклашиш, шунингдек, ёш фермерлар фаолиятида дуч келинаётган муаммолар ва масалаларни биргаликда ҳал этиш, хорижий илғор тажрибаларни ўрганиб ёш фермерлар фаолиятига жорий қилишда амалий ёрдамлар кўрсатишни мақсад қилган.
Шунингдек, ёш фермерларни хорижий илғор тажрибалар билан таништириш ва илғор тажрибаларни ёш фермерлар фаолиятига жорий қилиш бўйича халқаро кўргазмаларда ёш фермерларимизнинг иштирокини таъминлашга ҳам ушбу Кенгашнинг алоҳида эътиборида бўлади.
Кенгаш раиси Соатмурод Қулмирзаевнинг таъкидлашича, 2018 йил ҳосили учун бошоқли донни сифатли экиш ва ҳосил олиш, тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини экиш ва уни парваришлаб, юқори ҳосил олишда ёш фермерлар фаоллик кўрсатади.
Шунингдек, Кенгаш томонидан “Ёшлар телерадиоканали” билан “Муваффақият калити” теле лойиҳаси ҳамда “Ёш фермерлар мактаби” радио лойиҳалари ҳам ташкил этилди.
Ёш фермерларга ҳуқуқий, иқтисодий ва агротехник кўмак беришни ташкил этиш мақсадида туманларда “Ёш фермерлар мулоқот клуби”ни ташкил этиш, шунингдек Ўзбекистон фермерлари Кенгаши билан ҳамкорликда“Фермер консультант” консалтинг марказлар тармоғини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Хуршида ҲУСЕНОВА