Мактаб ярмаркалари: арзон маҳсулот, юқори сифат, харид учун қулай шароит

Ёз мавсуми охирлаб, янги ўқув йилининг бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Албатта бундай пайтда кўпгина ота-оналар фарзандларига зарур ўқув қуролларини ҳарид қилиш каби ширин ташвишлар билан овора бўлади. Табиийки, улар маҳсулот танлашда унинг ташқи кўриниши, қулайлиги, айниқса, сифати ва нархининг ҳамёнбоп эканига алоҳида эътибор қаратади.

Xозирда республикамизнинг барча ҳудудларида юртдошларимизга қулайлик яратиш мақсадида мактаб бозорлари ҳамда ярмаркалари ташкил этилган. Мавсумга тайёргарлик кўриш ишлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят ҳокимликлари ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилди. 10 августдан 10 сентябргача давом этиши режалаштирилган бу йилги мактаб ярмаркаларини ташкил этишда биринчи навбатда ота-оналар, ўқитувчилар, ўқувчиларнинг фикрлари эътиборга олиниб, уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда барча зарурий ўқув қуроллари жойларга етказиб берилди.

Ҳозирда республиканинг 1000 га яқин мактабларида бир неча таълим масканларини қамраб олган мактаб ярмаркалари ташкил этилди. Бунинг учун махсус жой ажратилган бўлиб, унда ота-оналар 26 турдаги эҳтиёж учун зарур бўлган ўқув қуроллари, кийим-бош ва пойабзалларни харид қилиши мумкин. Шунингдек, ўрта-махсус таълим муассасалари қошида 200дан ортиқ мактаб ярмаркалари ташкил этилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Республикамизнинг туман ва шаҳар марказларидаги аҳоли гавжум бўлган савдо марказларида, бозорларида ташкил этилаётган мактаб ярмаркаларидан 1 миллион 498 минг 400 нафар фуқароларимиз фойдаланиши кутилмоқда. Олис ва бориш қийин бўлган тоғли ҳамда чўл ҳудудларида яшовчи аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 98 та кўчма автодўконлар хизмат кўрсатмоқда. Айниқса, маҳсулотлар сифати ҳеч бир хориж мамлакатиникидан қолишмаслиги кишини беҳад қувонтиради.

Шунингдек, бу йилги ўқув йилида 640 мингга яқин болаларни биринчи синфга қадам қўйиши кутилаяпти. Уларга 12 турдаги ўқув қуроллари жамланган “Президент совғаси”ининг берилиши ҳам алоҳида эътиборга олинган.

Хабарингиз бор, 2012 йили Президентимизнинг “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Эътиборлиси, юртимизда жорий йилдан чет тилларни ўқитишнинг яхлит тизимига ўтилади. Шу муносабат билан 4-синф ўқувчилари учун чет тили китоби янгитдан яратилди. Уларга сабоқ берадиган ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ишлари тўлиқ якунланди.

Яна ўқинг:  Бадиий гимнастика бўйича "Камолот" кубоги" халқаро турнири якунланди

Бу йил ҳам бошланғич синфларга катта эътибор қаратилиб, ўқувчиларнинг фанларга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида ўтган йиллардаги тажрибаларни давом эттирган ҳолда 3-синфнинг 7 та асосий фанларига мультимедиа иловаларини тайёрлаган ҳолда дарсларни ташкил этиш жорий этилмоқда. Бундан ташқари 5-9-синфларда информатика, математика, кимё, физика, биология, география каби туркум фанларни ўқитишда янгича, яъни жаҳон тажрибасининг энг илғор ютуқларини жорий этган ҳолда фан дастурларига ўзгартиришлар киритилиши ва дарсликларни дастурга мувофиқлаштириш ишлари, шунинг билан бирга, лаборатория жараёнларини ўтказишда виртуал электрон лабораториялардан фойдаланишни жорий этиш масалаларига катта эътибор қаратилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика мультимедиа маркази томонидан шу йилнинг ўзида 9 та ана шундай фанларнинг электрон мультимедиа дастурлари яратилиб, таълим жараёнига жорий этишга тайёрлаб қўйилган. Ҳозирги кунда 493 номдаги ана шундай электрон медиа вариантлардаги дастурлар шаклланди ва бу орқали ўқувчиларимизнинг, биринчи навбатда, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш компитенцияларини ошириш учун хизмат қиладиган ва ўзлари устида ишлаш, қўшимча маълумот олиш имконини берадиган дастурлар вужудга келди. Бу эса таълим сифати самарадорлигининг муҳим мезони саналади.

Мухтасар қилиб айтганда, янги ўқув йили янги орзу, янги марраларни кўзлаш демакдир. Фарзандларимиз учун яратиб берилаётган бундай шарт-шароит ва имкониятлар ишонамизки, келгусида, албатта, ўзининг ижобий мевасини беражак.

 

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” muxbiri

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: