Мустақилликка менинг ҳиссам
Ёшлар ижод саройида “Мустақилликка менинг ҳиссам” шиори остида “Ишбилармон ўқувчи – 2016” стипендияси учун кўрик-танловнинг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ишбилармон ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган танловда туман ва шаҳар босқичларида юқори ўринларни қўлга киритган коллеж ва академик лицейларнинг 30 нафар ўқувчиси қатнашди.
Беллашувда ёшлар ўзлари тайёрлаган маҳсулотлари кўргазмасини намойиш этиб, бизнес лойиҳалари тақдимотини ўтказди. Уларнинг юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга оид билимлари суҳбат ва савол-жавоблар орқали аниқланди.
Танлов якунида мутахассислар ёшларга ўз лойиҳа ва ташаббусларини амалга ошириш бўйича тавсиялар берди.
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўз мухбиримиз