Осуда уйқу учун шинам макон танлаймиз

Фарзандингиз учун каравот харид қилишда энг сўнгги урфда бўлган жиҳоз унинг дам олиши учун қулай шароит яратади, деб ўйласангиз янглишасиз. Одатда жиҳознинг ташқи кўринишига эътиборли инсонлар танлов борасида анчайин хатоликларга йўл қўйишади.

Шуни унутмаслик керакки, бундай мебел танлашда унинг сифати ва турли вазифаларни бажара олишлик қобилиятига эътибор бериш жуда муҳим саналади.

 

Чақалоқ учун каравот танлашда нималарга эътибор қаратиш зарур?

Энг аввало, унинг хавфсиз ва экологик тоза хомашёдан тайёрланганлигига аҳамият беринг. Имкони борича каравотнинг ҳимоя деворлари баланд бўлмаслиги, унинг туби ердан жуда ҳам юқорида жойлашмаслиги зарур. Шунингдек, бундай жиҳоз учун мўлжалланган махсус тўшама унинг туби ва ўлчами билан бир хил бўлиши керак. Агар каравот тўр матоси билан ўралган бўлса, айни муддао. Қолаверса, энг қулай каравот чақалоқ кийими, чойшаблари ва ўйинчоқларини жойлаштириш учун қўшимча тортмаларга эга бўлганидир.

 

Болалар учун мўлжалланган каравот учун қандай хомашё маъқул?

Ҳар қандай жиҳоз харид қилишдан олдин унинг гигиеник сертификатга эътибор қаратинг. Чунки, унинг қай турдаги хомашёдан ясалганлиги жуда муҳим. Агар каравот ёғочдан ишланган бўлса, айни муддао. Чунки ёғоч экологик тоза маҳсулот бўлиб, у гигиеник, токсик хусусиятларга эга эмаслиги, мустаҳкамлиги ва шу билан бирга, болага шикаст етказмаслиги билан аҳамиятлидир.

Шуни таъкидлаш жоизки, болалар учун мўлжалланган мебел жиҳози тайёрлашда граб, шумтол, эман, ёнғоқ, қайин ёки қора қайин турига кирувчи ёғоч турларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Пластик ёки бошқа турдаги табиий бўлмаган хомашёдан ишланган каравотларни хавфсиз бўёқ ёки зарарли ҳидларни ўзидан таратмаслигига кафолат берилсагина харид қилиш тавсия этилади.

Каравотларнинг ўзига хос яна бир тури осиб қўйиладиган беланчак ҳисобланади. У чақалоқ учун ўзида барча хусусиятларни жамлаган шинам макон ярата олади. Беланчак узоғи билан болажонга бир ёшгача хизмат қилиши мумкин.

 

Мактаб ёшигача бўлган болалар учун каравот танлашда нималарга аҳамият бериш лозим?

Кичкинтой учун мўлжалланган беланчак боланинг дам олиши, ўйнаши, ухлаши учун мослаштирилган бўлса, мактаб ёшигача бўлган болалар учун танланган каравот фақатгина ухлаш учун мўлжалланади. Шу сабаб, танловнинг энг муҳим жиҳати қулай ётоқ танлаш саналади. Бунда боланинг бўйини инобатга олиш муҳим. Одатда бу ёшга мўлжалланган каравотлар бир хил, яъни эни 70 см. бўйи эса 140-150 см. ўлчамда бўлади. Жиҳознинг жароҳат етказмайдиган ҳамда экологик тоза хомашёдан ясалганлигига алоҳида аҳамият қаратиш керак. Унутманг, айнан мазкур ёшда тўғри танланган жиҳоз фарзандингизга гўзаллик ҳақида муайян тасаввур бера олиши керак. Боиси, боланинг нимага қизиқиши, қайси ранг унинг руҳиятига кўпроқ яқин эканлиги, қай турдаги шакл уни кўпроқ ўзига жалб этиши айнан шу даврда шакллана боради.

Яна ўқинг:  Бақлажонли рулет

Бу ёшдаги ўғил-қизлар учун каравотлар турли кўринишда учрайди. Шу боис, жиҳознинг машина, кема ёки карета шаклидаги бир қанча турларидан муносибини танлаш фарзандингизга бир олам қувонч бағишлайди. Шу билан биргаликда, мазкур ётоқнинг қаттиқ, текис асосга эга тахта ва тўшамаси, чекловчи мосламалари, яъни ён деворлари, тортмалари бўлиши керак. Ҳозирда урф бўлаётган ишкомли ётоқ бу ёшдаги ўғил-қизлар учун айни муддао. Унинг биринчи қаватида болажоннинг дарс столи, диван ва шкафи, спорт бурчаги жойлашган бўлса, иккинчи қават, яъни ишком қисмида унинг ётоғи жойлашади. Бу айниқса, кўп қаватли уйда яшовчилар учун жуда қулай саналади.

 

Мактаб ёшидаги болалар учун каравот танлаймиз.

Мактаб ёшидаги фарзандингиз учун бир кишилик классик усулдаги ётоқ танлаш пайти келди. Унинг эни 70 см. дан 90 см. гача, узунлиги эса 190-200 см бўлиши мумкин. Иложи борича болангизга ҳар томонлама универсал дизайндаги ётоқни ҳарид қилинг. Шунда ундан бир неча йил фойдаланиш мумкин бўлади. Каравотни уйнинг турли жойига кўчириш учун у қулай ва ихчам бўлиши лозим. Ахир сиз жиҳозни ҳар йили янгидан харид қила олмайсиз-ку, тўғрими?

Бу ёшдаги болалар учун қатъий шаклга ва кўпи билан 2 хил тусга эга ётоқни танланг. Юмшоқ пружинали тўшама унинг умуртқаси учун зарардир. Имкони борича матрас қаттиқ, ортопедик матодан бўлгани мақул.

Агар бир хонада икки нафар бола истиқомат қилса, унда икки қаватли каравот танлаш маъқул. Бунда ота-оналар жиҳознинг хавфсиз турига эътибор қаратишлари даркор.

Сабаби, болажонлар нафақат ётоқда ухлайди, балки ўйнайди ҳам. Шу сабабли, бу каби жиҳознинг ҳимоя деворлари баланд, ости эса чуқур, иккинчи қаватга болажон шикастсиз кўтарила олиши учун барча имкониятларга эга бўлиши керак.

Бир сўз билан айтганда, фарзандингиз қайси ёшда бўлишидан қатъий назар, у учун танланган каравот қулай, шинам ва хавфсиз бўлмоғи жуда муҳим.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: