Бир ручкада 16 миллион ранг
Кўпчилик, айниқса, болалар рангли ручкалар, фломастерлар ва қаламлар билан расм чизишни яхши кўрадилар. Аммо, қаламлар тез синади, фломастерлар эса қуриб қолиб, чизмай қўяди.
Энди тасаввур қилинг, барча рангли қалам ёки фломастерларнинг тўплами битта ғаройиб ручкада жам бўлса.
Scribble – бу исталган рангда ёзиш ёки бўяш мумкин бўлган ғаройиб ручка. Ушбу ноёб ўқув қуроли “Adobe Photoshop” редакторидаги “томизгич”га ўхшаб автомат тарзда ранг танлай олади. Бунинг учун ручканинг бир учини исталган буюмга яқинлаштирсангиз, у предмет рангини аниқлайди. Бир неча сониядан сўнг эса сизнинг ихтиёрингизда шу рангдаги сиёҳ бўлади. Масалан, ручкани помидорга теккизсангиз, бирданига қизил ранг билан, сабзига теккизсангиз айнан унинг рангида чизишингиз мумкин.
“Ақлли” сенсор ва ғаройиб сиёҳлар
Ручканинг барча сири RGB-sensor ва рангли сиёҳ тўлдирилган картрижларда бўлиб, унинг тепа қисмига махсус ранг датчиги ва микропроцессор ўрнатилган. Улар ҳаётда учрайдиган деярли барча рангни фарқлайди.
Ғаройиб қурилмани яратувчилар, ушбу ихтиро 16 миллион рангни аниқлай олади, деб ваъда беришмоқда.
Г. ЭГАМБЕРДИЕВА