Чивиндан ҳимояловчи билагузук
Швейцариянинг “Nopixgo”компанияси ультратовуш ва кимёвий репеллентлар ўрнига электромагнит тебранишни қўллаш орқали майда ҳашоратлардан ҳимояланиш мумкинлигига доир янги ғояни таклиф этди.
Мутахассислар ҳашоратларни электромагнит сигналлар ёрдамида чўчитадиган ақлли билагузук яратди. Қурилма тарқатадиган сигналлар момақалдироқдан олдин юзага келадиган атмосферадаги электр зарядини эслатувчи ҳаво тебранишини ҳосил қилади. Бу эса чивинларни беркиниш ёки учиб кетишга мажбур қилади. Билагузук икки метр радиусга тенг таъсир кучига эга. Тадқиқотчиларнинг фикрича ҳашорат учун момақалдироқ ва жаладан ҳимояланиш учун бошпана излаш инстинкти чақишдан кўра устунлик қилиши бу ерда муҳим роль ўйнайди.
Маҳсулот инсонлар учун хавфсиздир. Унда кимёвий реактивлар ва ультратовуш йўқ. Тўлқиннинг кучи уяли алоқа воситаси билан солиштирганда юз марта кучсиздир. Чивиндан 48 соат ҳимояланиш учун билагузукни бир соат қувватлантириш кифоя. Ушбу билагузукни айни кунларда 70 АҚШ долларига сотиб олиш мумкин.