Болалар футболи: орзулар рўёби сари

Тасаввур қилинг, сиз футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзосисиз. Мамлакатимиз бош жамоаси футбол бўйича ўтказилаётган навбатдаги жаҳон чемпионати финал баҳсларида иштирок этмоқда. Галдаги рақибимиз футбол ватани вакиллари бўлмиш инглиз жамоаси.

Одатга кўра, майдон марказида икки жамоа ўйинчилари саф тортишган. Қисқача танишувдан сўнг мамлакатларнинг давлат мадҳиялари янграйди. Минглаб жонли томошабин ҳамда дунёнинг миллиардлаб футбол ишқибозлари қаршисида сиз ҳам қўлингизни кўксингизга қўйганча ўз мадҳиямизни куйлайсиз. Ўзингизни қўя турингу, ота-онангиз, ака-укаларингизнинг бу пайтдаги ҳаяжонини, қувонч кўз ёшларини бир тасаввур қилиб кўринг-а. Кўксини ғурур ва ифтихор туйғулари қамраган, шодликдан осмонга сапчимоқчидек шодланаётган юртдошларимиз ҳолатини ҳам бир кўз олдингизга келтиринг…

Мана футболнинг қудрати, мана футболнинг чинакам сеҳри.

Юртимизда ҳам футболни, хусусан, болалар футболини ривожлантириш борасида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Биргина давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 1 майдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини айтиб ўтишнинг ўзи кифоя.

Андижонлик Камолиддин Абдуқаҳҳоров ҳам давлатимизда яратиб берилаётган мазкур имкониятлардан тўлақонли фойдаланган ҳолда Андижон вилоят Болалар ва ўсмирлар футбол мактабида таҳсил олмоқда. Унинг бу ерда ўзи каби иқтидорли тенгқурлари кўп. Улар ҳар бирининг нияти эзгу, орзулари юксак.

– Нафақат менинг, балки бу ердаги барча болаларнинг ҳам орзулари бисёр. Энг асосийси, келажакда етук футболчи бўлиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жаҳон чемпионати баҳсларида қатнашиш. Шу сабабдан мураббийларимизнинг, “ҳар бир футболчининг биринчи мақсади, юрт шаънини ҳимоя қилиш”, деган ўгитларини доимо ёдда сақлаймиз, – дейди Камолиддин.

Футбол мактаби раҳбари Бекзод Каримов муассаса фаолияти ҳақида шундай дейди:

– Бугунги кунда мактабимизда 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 680 нафарга яқин ёш футболчи тарбияланмоқда. Уларга Ислом Аҳмедов, Фарҳод Қодиров каби жами 14 нафар мураббий тезлик олиш, рақибдан дриблинг қилиб ўтиш, тез ва аниқ қарор қабул қилиш бўйича сабоқ бериб келмоқда. Бугунги кунда республикамиз миқёсида ўтказиб келинаётган турли мусобақаларда фаол иштирок этиб келяпмиз. Жорий йилда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида Бекобод, Наманган ҳамда Шаҳрихон шаҳарларида бўлиб ўтган республика очиқ турнирларида мактабимиз жамоаси фахрли ўринларни эгаллади. Бу мусобақаларда Собир Маҳмудов, Жамшид Набиев, Шоҳжаҳон Ёрқинбоев каби иқтидорли тарбияланувчиларимиз ўз иқтидорларини тўла намойиш этишди. Муҳими, болаларнинг нигоҳларида ўт, юрагида эса иштиёқ бор. Бизни қувонтирадиган жиҳат ҳам аслида шу.

Яна ўқинг:  “Ким ўзар?” – кўнгил бузар

Тасаввурларимизни бойитишда давом этамиз. Муросасиз кечган мундиал баҳслари якунида Ўзбекистон жаҳон чемпиони, деган шарафли номга эга бўлди. Футбол қироли, дея таърифланадиган Пеле байрамона безатилган чиройли шоҳсупа устида кўкси фахрга лиммо-лим ҳолда саф тортиб турган ўзбек футболчиларига яқинлашади. Юртдошларимизга бир-бир боқиб, ҳаяжон билан шундай дейди ва бу иқрорни бутун дунё эшитади: “Ўзбекистон футбол бўйича шу даражада ривожланишга эришгани мени ҳайратга соляпти. Насиб бўлса яқинда, албатта, Ўзбекистонга бораман. Мамлакатингизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятларни ўз кўзим билан кўрмоқчиман”.

Ниҳоят кўксига “UZBEKISTAN” дея зарҳал ҳарфлар билан ёзилган чемпионат кубоги футболчиларимизга топширилади. Шунқорларимиз совринни боши узра баланд кўтаришади. Олқишлар, ҳавасли нигоҳлар… Телеэкран орқали бу шодумон лавҳаларга барча халқлар ҳавас билан боқади. Улар орасида кўзидаги севинч кўз ёшларини тиёлмай, “ўзимни футболчи боламдан айланай” дея дуо қилиб турган онангиз, отангиз ҳам бор. Сизга қўшилиб, балки сиздан-да минг чандон хурсанд бўлаётган халқимиз бор.

Энди айтинг-чи: мана шу лаҳзалар учун ҳам футболни севмай бўладими? Эртанги шу шодлик учун ҳам бугун чин дилдан меҳнат қилгингиз келмайдими?

Назаримизда, бу ҳаяжонли лаҳзаларга гувоҳ бўлишимизга жуда оз фурсат қолди. Сиз нима дейсиз?

Фарҳод ЭШМЎМИНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: