Она соғлом – фарзанд омон, оила обод – юрт фаровон

 Онасининг вужудидаёқ гўдакни қил эҳтиёт,

Унга бирор офат етмай, туғилсин у барҳаёт.

Абу Али ибн Сино

 

Оилавий поликлиникада навбатдаги текширувдан ўтаётган Мадина шифокорнинг “Ҳомила 20 ҳафталикка яқинлашиб қолибди. Унинг қандай ривожланаётганини билиш учун скрининг марказига бориб текширувдан ўтиб келсангиз”, деган гапини эшитиб, кўнглига бироз ғулғула тушди.

Биринчи фарзанди, бунинг устига ҳомиладорликнинг илк кунларида гриппга чалинганлиги боис, бу текширув унинг учун аҳамиятли эканлигини ҳис этди ва ўша куннинг ўзидаёқ “Она ва бола скрининг маркази”га йўл олди.

Мадина текширув пайтида шифокорнинг юзига диққат билан разм солар, гўёки натижани унинг ҳаракати, қарашларидан англаб олишга интиларди. Ниҳоят, шифокор унга юзланиб, “Ҳаммаси жойида, бола яхши ривожланяпти, юракчаси меъёрида уриб турибди. Назаримда ўғилга ўхшайди”, деган сўзларини эшитгач, енгил нафас олди. Энди Мадина оилавий шифокорининг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда хотиржам ҳомиладорликни ўтказса ҳам бўлади.

Бугунги кунда ультратовушли скрининг замонавий перинатал ташхис услублари орасида алоҳида ўрин тутади. Инвазив ва ноинвазив текширувлар орасида эса биринчи ўринда туради ва юқори даражада маълумот олиш, хавфсизлиги ва оммавий фойдаланиш имконини бериши билан бошқа перинатал ташхис услубларидан алоҳида ажралиб туради. Чунки, у ҳар томонлама соғлом фарзанд дунёга келаётганининг биринчи даракчисидир.

Юртимизда биринчи Скрининг маркази 1997 йили Нукус шаҳрида ташкил этилган ва у Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти аҳолисига хизмат кўрсата бошлаган. Президентимиз ташаббуси билан 1998 йил “Она ва бола скрининги” Давлат дастурининг қабул қилиниши мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ана шундай муассасалар ташкил этилишига асос бўлиб хизмат қилди. 1998 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ногирон болалар туғилишини барвақт олдини олиш мақсадида янги туғилган болаларда ва ҳомиладор аёлларда туғма патологиянинг юзага келиш сабабларини аниқловчи “Она ва бола Скрининги” Давлат тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистон Республикасида тиббий-генетикани келажакда ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан ирсий патологияга эга болаларга, туғма нуқсонли ёки ногиронликка олиб келадиган хасталикка эга бола туғилишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларга ихтисослаштирилган тиббий-генетик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.

Яна ўқинг:  Tafakkur sandig`idan (2013-36)

Бугунги кунда Скрининг марказининг ташкилий тузилмаси республиканинг барча ҳудудларида мавжуд бўлиб, унинг асосий вазифаси – ирсий касаллик билан туғилган болаларга махсус тиббий-генетик хизмат кўрсатиш ва ҳомилани ривожланиш нуқсони ёки ногиронлигига олиб келувчи касалликлар билан туғилишини олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларни текширувдан ўтказишдан иборат.

Скрининг марказлари замонавий юқори технологияли тиббий жиҳозлар ва малакали ходимларга эга бўлиб, асосан 3 хил фаолиятни амалга оширади. Яъни, перинатал (туғруққача бўлган) даврда ҳомилада ривожланиш нуқсонини аниқлаш, янги туғилган чақалоқларни туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия касалликларига оммавий скрининг ўтказиш ҳамда ирсий ва туғма касаллик билан туғилганларга ва шундай фарзандлари бор оилаларга тиббий-генетик маслаҳат беришдан иборат.

Биргина перинатал ташхислаш ҳомиладорлик вақтида ҳомила саломатлигини аниқлашга имкон беради. Ушбу текширувнинг асосий мақсади ҳомиладор аёлларнинг 16 кундан 20 ҳафтагача бўлган соғлиғини аниқлаш, яъни туғма нуқсонли ва ногиронликка олиб келувчи касалликлар билан болалар туғилишини олдини олишдан иборат.

Бугунги кунда туғма гипотиреоз ва фенилкетонурияга оммавий неонатал скрининг текширувлар ўтказиш мамлакатимизда туғилган барча чақалоқларда амалга оширилмокда.

Республика Скрининг марказида 2012 йилдан бошлаб замонавий юқори технологияли тандем масс-спектрометрия усули ёрдамида чақалоқлар ва илк ёшдаги болаларда 15 та моддалар алмашинувининг ирсий касалликларига селектив скрининг текширувлари ўтказилмоқда.

Давлат дастури ижроси доирасида 2014 йилдан республика бўйича соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини – туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг марказий поликлиникаларида ҳомиладорликнинг эрта даврида (ҳомиладорликнинг 10-14 ҳафталарида) оммавий туғруққа қадар ультратовуш текширувлари ўтказилмоқда. 2014–2015 йилларда 995 920 нафар ҳомиладор аёллар ультратовуш текширувидан ўтказилди. Аниқланган акушерлик патологияси ва ҳомилада ривожланишнинг туғма нуқсонлари билан тиббий-генетик кўрсатмаларга мувофиқ, 32 598 нафар аёллар ҳомиладорликни тўхтатишга юборилди.

– Жорий йилнинг май ойида барча скрининг марказлар қўшимча 13 та ультратовуш аппаратлари билан жиҳозланди. Бу эса ўз навбатида ҳомиладорларни ультратовуш текширувлари билан қамраб олиш фоизини ошишига ва ҳомилада туғма нуқсонларни аниқлашнинг имконини бермоқда. Олиб борилган чора-тадбирлар самарасида мамлакатимизда туғма нуқсони бор болалар дунёга келиши камайгани кузатилмоқда, – дейди Республика “Она ва бола скрининг маркази” бўлим бошлиғи Марҳабо Шамсиддинова. – 2013 йилда 2013–2017 йиллар даврида болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш давлат дастури қабул қилинди. Айни пайтда бу борадаги ишларга 10-14 ҳафталик бўлган барча аёллар туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига жалб қилинган.

Яна ўқинг:  Мен ва оилам спортчи

Бундан ташқари, Давлат дастурига мувофиқ, Тошкент вилоятида ҳам яна битта ҳудудий скрининг маркази ташкил этилади. Бу мамлакатимизнинг йирик ҳудудларидан бирида туғма ва ирсий касалликларни аниқлашни янада яхшилаш имконини беради. Барча скрининг маркази мутахассислари Ўзбекистонда шу пайтгача эрта муддатларда ташхис қўйилмаган ва даволанмаган турли касалликларга ташхис қўйиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича янги усулларни ўзлаштирмоқда. “Она ва бола скрининги” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида ҳудудий скрининг марказлар биокимёвий анализаторлар билан жиҳозланди. Бу эса асаб-мушак тизимининг кўплаб ирсий касалликлари ва танадаги ўзгариш билан кечадиган патологик ҳолатларга ташхис қўйиш имконини беради. Шунингдек, Самарқанд вилоятида ҳам ушбу соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Вилоят Она ва бола скрининг маркази ҳамда вилоят репродуктив саломатлик марказининг янги биноси 2016 йил 29 апрелда фойдаланишга топширилди, – дейди марказ бўлим бошлиғи Дилфуза Файзуллаева. – Бу эса аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилишида муҳим аҳамият касб этади. Янги бинода Хитойдан келтирилган юқори даражали диагностик ультратовуш аппарати, акушер-гинекология, таҳлилхона каби 17 та бўлим фаолият кўрсатади. Марказ мутахассислари Тошкент шаҳридаги Республика скрининг маркази ва бошқа нуфузли тиббиёт муассасаларида ўз малакасини ошириб келмоқда. Охирги беш ой мобайнида 10 157 нафар аёл текширувдан ўтказилди ҳамда уларга тиббий ёрдам кўрсатилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб республика миқёсида 1998–2015 йилларда 2, 1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл туғруқ олди ультратовушли текшируви, 4, 8 миллиондан зиёд чақалоқ неонатал скрининг текширувидан ўтказилди. Бунинг самарасида мамлакатимизда туғма нуқсони бор болалар дунёга келиши, 2000 йилга қараганда 1, 8 баробар камайди.

 

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: