Қабул жараёнидаги янгиликлар: улар нималардан иборат?

Бу йил юртимиздаги олий таълим муассасаларининг қабул жараёнига кўплаб ўзгариш ва янгиликлар жорий этилди. Бу ўз навбатида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарида турли саволларнинг туғилишига сабаб бўлмоқда. Ушбу мақоламиз орқали уларни қийнаётган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдик.

Саволларга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қабул жараёнида фуқаролар мурожаатларини ўрганиш бўйича масъул ходими Абдулазиз Сайдуллаев жавоб берди.

Мақсадли қабул нима?

Президентимизнинг 2017 5 майда имзолаган қарори иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, республикамизнинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлари учун мутахассисларга бўлган ўринли эҳтиёжни қондириш мақсадида олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш каби вазифалар келтирилган. Унга кўра белгиланган вилоятларга давлат гранти бўйича ажратилган квоталарни назарда тутади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси олий таълим муассасалари имкониятларидан келиб чиқиб, вилоятлардан келган абитуриентларни давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш кўрсаткичларини белгилайди. Мазкур танловда иштирок этиб, ўқишга тавсия этилганларга белгиланган вилоятда ва жойда ишлаб бериш шарти қўйилади.

Муҳим жиҳати шундаки, Низомнинг 10-бандига асосан, мақсадли қабулда қатнашмоқчи бўлган абитуриентлар тегишли ҳудудда яшаётган бўлиши лозим. Агар доимий рўйхатда ўша ҳудудда бўлса-ю, лекин мақсадли қабулга тушмайдиган ҳудудда яшаётган бўлса, унда ўша абитуриент бу қабулда қатнаша олмайди.

Шу билан бир қаторда тегишли ҳудудларга ажратилган мақсадли қабул квоталарига фақат ўша жойнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари томонидан берилган дипломга эга бўлган абитуриентлар ҳужжат топшира олади. Тошкент шаҳрида жойлашган тиббиёт коллежлари ва академик лицейларни тугатган абитуриентларнинг доимий яшаш манзили вилоятларда бўлса ҳам давлат гранти асосида қабул қилинмайди. Улар учун фақат тўлов-контракт асосида ўқиш имкони мавжуд.

Низомнинг 3-бандига асосан мақсадли қабул танловида қатнашиб давлат гранти асосида қабул қилинмаган абитуриентлар мазкур таълим йўналишида тўплаган тест баллари билан умумий тўлов-контракт доирасидаги танловда иштирок этади.

Қўшимча контракт нархлари қай тартибда белгиланди?

2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 393-сонли қарори қабул қилинди.

Яна ўқинг:  Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юрт тараққиётига хизмат қилади

Қарорда бакалавриат ва магистратура босқичига талабаларни қабул қилишнинг янги тартиблари белгиланган.

Шунингдек, қарорда абитуриентларни тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилинишининг тартибига ойдинлик киритилди ва унга кўра кўпчилик абитуриентлар ўзларини қизиқтириб келаётган саволларга жавоб олишди.

Қўшимча қабулни амалга ошириш таклифлари олий таълим муассасалари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда 15 октябрга қадар Давлат комиссиясига киритилади;

Давлат комиссияси олий таълим муассасаларининг имконияти, танлов ва тўпланган баллар миқдоридаи келиб чиқиб, оширилган тўлов-контракт шарти билан абитуриентларни қўшимча қабул қилиш кўрсаткичлари юзасидан 20 октябрга қадар қарор қабул қилади.

Етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқиш учун тест натижалари эълон қилингандан бошлаб 1 ой ичида ариза бериши керак. Баллар кетма-кетлиги бўйича рўйхатдаги олдинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишни аризаси билан рад этган ҳолда ёки тест синови натижалари эълон қилинган кунидан бошлаб 1 ой муддатда ариза бермаганда рўйхатдаги кейинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади.

Қўшимча қабулга абитуриентлар 2 хил категория бўйича қабул қилинади:

Тўплаган бали қабул чегараларига 4 балгача етмаган абитуриентлар;

68 баллдан кўп тўплаган барча абитуриентлар.

Булар бир-биридан тўлайдиган оширилган контракт нархининг миқдори билан кескин фарқланади. Бундан ташқари тўплаган бали қабул чегарасига 4 балгача етмай қолган абитуриентларда квотага тушиш имконияти кўпроқ бўлади.

Нархи оширилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

1-тоифа.

Тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига бир балгача етмаган абитуриентлар учун – 1,5 баробар;

1.1 балдан 2 балгача етмаганлар учун – 2,0 баробар;

2.1 балдан 3 балгача етмаганлар учун – 2,5 баробар;

3.1 балдан 4 балгача етмаганлар учун – 3,0 баробар.

2-тоифа.

Кириш синовларида тўплаган натижалари энг юқори балнинг 30 фоизи (68,0 балл)дан кам бўлмаган, асосий квоталар доирасида ва Давлат комиссияси томонидан белгиланган қўшимча ўринларга (4 баллик ҳудуд) қабул қилинмай қолган ва ўқиш истагини билдирган абитуриентлар амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорида тўлов тўлаш шарти билан ўқишга қабул қилинади.

Оширилган контракт бир йилда бир марта тўланади. Қўшимча қабул қилинган талабалар биринчи ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги ўқув йилидан бошлаб амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдори асосида ўқишини давом эттирадилар.

Яна ўқинг:  Mehr ulashish saodati

Магистратура босқичида нима янгиликлар?

2017 йил 1 июль куни республикамизнинг барча олий таълим муассасаларида (ҳарбий ОТМлардан ташқари) магистратура йўналишларига қабул комиссиялари иш бошлади. Ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлга қадар қабул қилинади. Магистратурада умумий квоталар сони ўтган йилгига қараганда ўзгармаган. 2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан янги низом тасдиқланди. Низомга биноан қабул жараёнларига айрим ўзгаришлар киритилди.

Аввало, имтиҳонларга янги фан киритилди. Абитуриентлар эндиликда магистратурага кириш имтиҳонларида информатика ва ахборот технологиялари фанидан ҳам имтиҳон топширадилар.

Шунга кўра магистратурага қуйидаги фанлардан ёзма (ёки ижодий) кириш синовлари (махсус тест синовлари) бўлиб ўтади:

  1. Магистратура мутахассислигига мувофиқ келувчи таълим йўналишининг махсус фанлари (2 тагача)
  2. Информатика ва ахборот технологиялари.
  3. Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти.
  4. Чет тили (хорижий филология, хорижий тил ва адабиёти таълим йўналишлари базасидаги мутахассисликлар учун иккинчи чет тили).

Янги киритилган информатика фанидан синов 50 баллик тизимда баҳоланади. Бунинг натижасида умумий баллар миқдорида ҳам ўзгариш бўлди. Магистратурага ўқишга киришда энг кўп тўпланиши мумкин бўлган балл эндиликда 400 баллни ташкил этади. Илгари бу кўрсаткич 350 баллни ташкил этарди. Шу билан бир қаторда, чет тили фанидан кириш синовида қатнашмасдан максимал балл бериладиган имтиёзли сертификатлар сони кенгайди. Илгари фақат TOEFL бўйича камида 58 ёки IELTS бўйича камида 5 балл олганлиги тўғрисида сертификати бор абитуриентга автоматик 50 балл берилар эди. Эндиликда бу каби имтиёзли сертификатлар рўйхатига CEFR бўйича камида В2 даража ёки ДТМ томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ёки С1 даражасидаги сертификат тақдим этганларга ҳам чет тилидан 50 балл қўйилади ва улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди. Қолган жиҳатларда эса, аввалги тартиб сақлаб қолинган.

Хуршида ҲУСЕНОВА ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: