Номи қандли, аммо азоби аччиқ
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра ҳозир сайёрамизда 320 миллион нафардан зиёд инсон қандли диабет хасталигидан азият чекмоқда.
Агар ўз вақтида самарали чоралар амалга оширилмаса, бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб, дунё тараққиётига жиддий рахна солиши мумкин.
– Қандли диабет (лотинча diabetes mellitus) – эндокрин касалликлар турига мансуб бўлиб, инсулин гормонининг тўлиқ ёки қисман етишмовчилигидан келиб чиқади, – дейди Қашқадарё вилоят эндокринология диспансери диабетология бўлими шифокори Адолат Мўминова. – Натижада қонда гипергликемия – глюкоза миқдорининг давомли ортиб бориши кузатилади. Касаллик сурункали давом этиши ва организмдаги моддалар алмашинув жараёнлари (углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз алмашинуви)нинг бузилиши билан тавсифланади. Бундай патологик ҳолатнинг биринчи таърифлари касалликнинг энг кўзга кўринган клиник белгилари – пешоб орқали кўп суюқлик йўқотиш (полиурия) ва қондириб бўлмайдиган ташналик (полидипсия) билан берилган.
Инсулин гормони организмда қанчалик етишмаса, қондаги қанд миқдори ошиб боради ва натижада углеводларни тўқималарга етиб бориши қийинлашади. Инсулин етишмаслиги батамом ёки нисбатан бўлади. Инсулин батамом етишмаслиги, яъни қандли диабетнинг I тури кўпроқ болалар ва ўсмирларда кузатилса, катталарда касалликнинг II тури кузатилади. Бу турнинг келиб чиқиш сабаблари нотўғри овқатланиш, яъни тўйиб овқат еб ётиш, сурункали алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш, кам ҳаракатлилик, ортиқча вазн (семизлик натижасида меъда ости бези орқали инсулин гормонини ишлаб чиқариш камаяди ва қонда қанд миқдори ошиб кетади) билан боғлиқ. Шунингдек, бу касаллик беморга наслдан наслга (ота-онадан, яқин қариндошлардан) ўтиши ҳам кузатилади.
– Замонавий тиббиётда даво воситаларини танлашда касалликнинг оғир-енгил кечиши, асоратлари бор-йўқлиги ҳисобга олинади, – дейди А. Мўминова. – Чунончи, беморда ирсият сабабли ёшлик пайтида инсулин етишмаганида унинг ўрнини босиш мақсадида организмга инсулин юборилади. Кексаларда ва тўла кишиларга кўпинча парҳез буюрилади. Ёғли овқатлар миқдори камайтирилади. Касаллик зўрайиб кетганда беморга сариёғ ва бошқа ёғ маҳсулотлари берилмайди. Овқат калориясининг деярли 20 фоизи оқсиллардан иборат бўлиши керак.
Олимлар олиб борган сўнгги тадқиқотларга қараганда гўдаклигида сунъий озиқлантирилган инсонлар қандли диабетга кўпроқ мойил бўлар эканлар. Қандли диабет баъзи бир сурункали касалликлар (грипп, кизилча, қизамиқ, аллергия) таъсирида ҳам ривожланиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса болаларни гўдаклигидан жисмоний чиниқтириш, юқумли касалликларга қарши вақтида эмлатиш зарур.
Мутахассислар қандли диабет касаллигини узоқ давом этадиган руҳий зўриқиш, доимо бирон нарсадан безовталаниш, сабабсиз қўрқув, ваҳима каби салбий ҳислар ҳам келтириб чиқаришини унутмаслигини уқтиради.
Шоҳиста БОЗОРОВА