Илмнинг нурафшон йўли

Болаликдаги орзуларим вақти келиб рўёбга чиқишига астойдил ишонганман. Бу ишонч ва қатъиятни менга ота-онам ўргатишган. Зеро, оиламизнинг асосини меҳр-муҳаббат, қўллаб-қуватлаш ҳамда рағбатлантириш, улкан орзуларни қўрқмай тузиш ва буюк мақсадлар сари одимлаш каби фазилатлар ташкил этади. Дадам Шавкат Аюпов математика йўналишида академик олим саналади. Онам Фахрия Аюпова тиббиёт фанлари доктори. Хуллас, илм йўлини тутган мўъжаз оила.

Ота-онамнинг вақти қанча тиғиз бўлмасин, бизга ҳамиша вақт топади. Режаларимиз ва мақсадларимизни тинглашар, улкан орзуларимиз сари рағбатлантириб боришар, керакли маслаҳатларини сира аяшмасди. Шу муҳитда уч ўғил ва бир қиз улғайдик, камол топдик ва ҳар биримиз ота-онамиз каби илм йўлини танладик. Мен онам каби тиббиёт йўналишида изланиш олиб боришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Бу йўлда изландим ва ўргандим. 2008 йилда чет тиллари бўйича республика фан олимпиадасида ғолиб бўлдим. Бу муваффақиятга эришишимда устозим Вали Мажидовнинг ўрни беқиёс. Илм олишимда ва чет тилларини ўрганишимда у кишининг кўплаб хизмати синган.

2011 йилда халқаро “Erasmus Mundus” дастури бўйича Швеция­даги Уппсала университетида малака ошириб қайтдим. Айни дамда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида “Болалар неврологияси” мутахассислигида таҳсил олаяпман. Касбимнинг ўзига хос масъулияти ва салмоғи бор. Ҳар дақиқа соҳа янгилик ва кашфиётлар билан бойиб бормоқда. Шифокорнинг эса бу янгиликлардан бохабар бўлиши ва уларни ўрганиши ўз меҳнат фаолиятига татбиқ эта олиши муҳим масалалардандир. Ана шундагина унинг тажрибаси, билим ва кўникмалари ортади. Устозим, Европа Неврологлар ассоциацияси аъзоси Ёқутхон Мажидованинг кўмаги билан тайёрлаган ва республикамиз ҳамда халқаро миқёсидаги илмий журнал ва тўп­ламларда нашр этилган қатор илмий мақолаларим ва тезисларим ана шу изланишларимнинг самараси деб биламан.

Турмушга чиқиб фарзандли бўлганимдан сўнг энди бу қизнинг изланишлари бир мунча сусаяди деганлар ҳам учради. Аммо қайнона ва қайнотам, турмуш ўртоғим рўзғор юмушлари ва бола тарбиясида яқин кўмакдош бўлди. Ибн Сино номидаги давлат стипендиясини олишимда ҳам уларнинг қўллаб-қувватлаши катта аҳамият касб этади. Инг­лиз, француз ва грек тилларини чуқур ўргандим. Шунингдек, шу йили Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот мутахассисликлари бўйича Президент стипендиати бўлдим. Жорий йилнинг декабрь ойида Италия давлатининг Милан шаҳрида бўлиб ўтган тиббиётчилар конгрессида Паркинсонизм мавзуси бўйича маъруза билан иштирок этдим. Келажакда Корея Республикасида таълимнинг кейинги босқичини давом эттириш ниятим бор. Олган илм ва тажрибаларимни устозимга ўхшаб шогирдларимга ўргатсам дейман.

Яна ўқинг:  Фаровонлик асоси саломатликда

Эришган ютуқларим борасида сўз айтсам доимо кўз олдимга тинч ва фаровон, ҳар бир фарзандининг таълим олиши ва ўз устида изланишига замин яратиб берган осойишта Ватаним келади. Зеро, бу муваффақиятимнинг бошида юртим, ғамхўр Юртбошимиз туради.

Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги тантанасида Президентимизнинг сўзлаган нутқларини оиламиз билан жон қулоғимиз билан тингладик. Уларнинг пурмаъно сўзларида фидойилик, куюнчаклик ҳамда эртанги куннинг истиқболига бўлган юксак ишонч мужассам. 2016–йилни Соғлом она ва бола йили дея эълон қилиниши эса юртдошларимизга ўзига хос кўтаринки кайфият бахшида этди. Жумладан менга ҳам. Зеро, танлаган касбим келажак авлод саломатлиги борасида ўзига хос масъулият талаб этади.

Дилором АЮПОВА,

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот мутахассисликлари бўйича Президент стипендиати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: