“САЛОМАТЛИК” ПОЕЗДИ саҳро бекатларида

Аввал хабар берганимиздек, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компанияси ҳамкорлигида “Саломатлик” поезди Қорақалпоғистон Республикасининг узоқ ҳамда бориш қийин бўлган ҳудудларида истиқомат қилувчи ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда инсонпарварлик ёрдамларини етказиш мақсадида Тошкент – Қорақалпоғистон – Жаслиқ – Тошкент йўналишида ташкил этилди.

Мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тиббий-ижтимоий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани, оналар ва болалар саломатлигини сақлашга қаратилаётган эътибор бунга ёрқин мисолдир.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бу борадаги вазифаларни кенг йўлга қўйиш мақсадида қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

…Поезд Қўнғирот туманининг “Жаслиқ” бекатига етиб келди. Вокзал байрамона безатилган. Ҳамманинг кўзида ҳаяжон, қувонч, мамнуният. Айниқса, мезбонларнинг бу учрашувга ўзгача тайёргарлик кўрганлиги нигоҳларидан сезилиб турарди. Меҳрнинг қудратини қарангки, улар билан худди узоқ йиллик қадрдонлардек кўришиб, бир зумда самимий суҳбат бошланди.

Дарҳақиқат, мазкур хайрия акцияси юртимизда инсон ва унинг манфаатлари нечоғли улуғ эканидан бир нишонадир. “Саломатлик” поезди доирасида амалга оширилаётган тиббий ва инсонпарварлик ёрдамлари мамлакатимизнинг олис ва экологик жиҳатдан шароити ноқулай бўлган чекка ҳудудларида ҳам соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юртимиз келажагига ўз ҳиссасини қўшадиган баркамол авлодни вояга етказишда муносиб хизмат қилаётир.

Бу галги “Саломатлик” поезди таркибидаги малакали шифокорлар Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда фонднинг ҳудудий филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадасининг тажрибали мутахассисларидан ташкил топган. Улар аҳолини, жумладан, аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, эҳтиёжманд аҳолига манзилли ёрдам кўрсатди. Поездда тиббий кўрикларни юқори савияда ташкил этиш, замонавий тиббий-диагностика воситалари ёрдамида касалликка аниқ ташхис қўйиш, хасталикни эрта босқичларда аниқлаш ва соғломлаштириш имконияти мавжуд.

– Ушбу акциямиз давомида 1 минг 743 нафар кишига сифатли тиббий хизмат кўрсатилди, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АКнинг “Саломатлик” тиббий санитария ёрдам поезди шифокори Ўткиржон Мардонов – Кўрикдан ўтганларнинг 536 нафарини аёллар (улардан 483 нафари фертиль(туғруқ) ёшидаги аёллар), 400 нафарини болалар ва ўсмирлар ташкил этди. Малакали тиббий текширувлар давомида шифокорлар томонидан жами 3 минг 280 та тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Яна ўқинг:  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида янги жамғарма ташкил этилади

Тадбир давомида 57-умумтаълим мактабида таълим олувчи ва спорт билан шуғулланувчи болаларга 4 турдаги спорт инвентарлари топширилди.

Президентимизнинг “Қиз бола соғлом ва бахтли бўлса, у қурадиган оила ҳам, унинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият бахтли ва фаровон бўлади. Буни ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз зарур”, – дея таъкидлагани бежиз эмас. Мазкур ўқув муассасасида тиббий кўрикдан ўтиш, саломатликни асраш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини олдини олиш мавзуларидаги буклетлар тарқатилиб, турли мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилди.

Маълумки, чекка, экологик шароити ноқулай бўлган ҳудудларда яшовчи аҳолига малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувлар ўтказиш катта аҳамият касб этади. Шу боис, тиббий кўрик давомида аниқ лаборатор таҳлилларга ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташхислар қўйилади. Жумладан, 620 нафар фуқаро ЭКГ текшируви, 746 нафар фуқарога ультратовуш текшируви ҳамда 637 нафар фуқарога 1 минг 911 та лаборатория текширувлари ўтказилди.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоялаш фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир. Шу боис, мамлакатимизда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар ҳамда ёлғиз қарияларга инсонпарварлик, меҳр-мурувват ёрдамларини кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

 – Ушбу хайрия акцияси давомида 2 минг нафардан зиёд фуқарога ҳамда 11 та ташкилот ва махсус муассасаларга 1 миллиард 101 миллион сўмга тенг бўлган дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват юклари етказиб берилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “Оналик ва болалик” бўлими бошлиғи Жумабек Нуров.

Фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали, кўп тармоқли болалар маркази, туғруқ мажмуасига 348 миллион сўм миқдоридаги тиббий анжомлар ва дори-дармонлар етказиб берилди. Шунингдек, Хўжайли тумани 1-сонли “Меҳрибонлик” уйи, Тахиатош “Гўдаклар” уйига 18 миллион 400 минг сўмлик кийим-кечак, дори-дармон ва санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари топширилди.

Ҳаёт давомийлигининг асоси бўлган аёлни, наслимиз давомчиси фарзандларимиз саломатлигини асраш – бу миллатни, халқни асрашдир. Бинобарин, аёлга, онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан. Президентимиз томонидан 2016 йилнинг мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили деб эълон қилиниши замирида ҳам ана шундай юксак эътибор ва ғамхўрлик мужассам.

Яна ўқинг:  СОҒЛОМ БОЛА – МИЛЛАТ ТАЯНЧИ

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом ва интеллектуал шахс этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш бу олис сафаримизнинг олий мақсаддир.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ,

Тошкент – Қорақалпоғистон – Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: