Ҳалинчак – бағри беланчак

Халқимизнинг Наврўз сайли билан боғлиқ анъанавий удумларидан бири “Ҳалинчак учиш” ёки “Арғимчоқ учиш” маросими бўлиб, асрлар мобайнида кўкламнинг файзига файз қўшиб, эзгу умидларга қанот бахш этиб келган. Анъанага кўра, йилбоши сайли кунлари қиз-жувонлар тўпланишиб, боғ-роғларга чиққанлар ва азим ўрикларнинг бақувват шохларига арқон ташлаб, арғимчоқ – ҳалинчаклар ясашган, ҳамма навбати билан арғимчоқ учган.

Ёзма манбаларда келтирилган далиллар баҳор кунлари, айниқса, йилбошида ҳалинчак учиш удумининг тарихий асослари ғоят қадимийлигини кўрсатади. Жумладан, бу ўйин халқимиз томонидан асрлар мобайнида авайлаб-асраб келинган азалий қадрият эканлигини XI асрда яшаб ижод қилган машҳур тилшунос олим Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” номли асарида келтирилган бир маълумот ҳам тасдиқлайди. У ўша даврда аждодларимиз орасида урф бўлган “йалнгу” номли ўйинни тавсифлаб, қуйидагиларни ёзган эди: “бу жориялар ўйнайдиган бир хил ўйин номи. Шундайки, арқоннинг икки учи бир дарахтга ёки устунга боғланади, сўнг уларнинг бири арқон ўртасига ўтиради – оёқларини сакратиб, баъзан юқори, баъзан қуйи тушиб учади”.

Ҳалинчак учиш удумининг келиб чиқиши ҳақида Абу Райҳон Беруний қуйидаги афсонани келтирган: “Жамшид ўзига арава ясаттириб олгач, ўша куни аравага чиқди. Жинлар ва шайтонлар уни ҳавога кўтариб, бир кунда Дунбованддан Бобилга олиб бордилар. Одамлар бу ажойиб воқеани кўргач, ўша кунни ҳайит қилдилар ва Жамшиднинг аравада учишига тақлид қилиб, арғимчоқларда учдилар”.

ХХ асрнинг 20-йилларида Қорабулоқ қишлоғидан ёзиб олинган этнофольклористик материалларнинг гувоҳлик беришича, бу ўйин “ҳалгимчак” деб аталган. Боғлардаги икки дарахтга арқон боғлаб арғимчоқ ясалган ва қизлар навбати билан унда учганлар. Қизлардан бири арғимчоқда ўтирган пайтда унинг дугоналари:

Ҳалгимчак, силгимчак,

Опаям салом,

Додаям салом, – деб айтим айтганча, арғимчоқни тебратиб, учирганлар.

Бундан ташқари, арғимчоқни ипидан тутиб тебратаётган қизлар қуйидаги қўшиқни ҳам ижро этишган:

Ҳалгимчак жўнасин,

Сариқ отим сақлансин,

Кўк отим кўклансин,

Пушти отим пишлансин,

Оқ отим оқлансин.

Қашқадарё вилоятининг айрим туманларида эса арғимчоқ учаётган қизлар:

Ҳалинчагим беланчак,

Лакила холам келинчак,

Ҳай-юв! – деб қўшиқ айтиб, ҳалинчакни баландлатишган.

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Тангачар қишлоғида яшовчи Яхшигул момо Мулла Ниёзберди қизининг айтишича, кимки Наврўзда арғимчоқ учса, йил бўйи билиб-билмай қилган гуноҳлари “тўкилармиш”. Шу боис, кекса момолар ҳам “Арғимчоқ учсак, савоб бўлади! Оғирлигимиз ерга тўкилади, қушдек енгил бўламиз!” – дейишиб, ҳазил-ҳузул билан арғимчоқ учишган. Набиралари эса “Момоларимизнинг ёшига етайлик” деган эзгу ниятда арғимчоқнинг ипидан тутиб ҳаракатлантирганлар.

Яна ўқинг:  Рио-Де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган XXXI ёзги олимпиада ўйинлари ғолибларини пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида

Турмушга чиқмаган қизлар, фарзанд кутаётган келинчаклар арғимчоқни баландлатиб, ҳаволатиб учишга ҳаракат қилганлар. Улар ҳар гал шўх кулгу билан ўрикнинг энг баланд шохидаги оппоқ гуллар орасидан бўртиб чиққан навжувон япроқни узиб олишга интилганлар. Дарахт шохидаги эндигина кўкара бошлаган баргни узиб олишни савоб, деб билганлар: бундай баргни янги йилдаги орзуларга етишиш рамзи сифатида асраганлар.

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Назари қишлоғида “ҳалинчак” учиш одати “аймола учиш” дейилади. Шу қишлоқлик Ризо аканинг айтишича Наврўз сайлида ҳамма ҳалинчак учади. Хотин-қизлар бир боққа бориб, мевали дарахтларга ип боғлаб “аймола” учадилар. Эркаклар бўлак, хотин-қизлар бўлак ўйин қиладилар.

“Бойсун” фольклор-этнографик жамоаси репертуарида қайта тикланган қуйидаги халқ қўшиғида ҳам келинчакларнинг ҳалинчак учиши серфарзандлик ғояси билан боғлиқлигини кўрсатади:

 

Ҳалинчак, ҳо, ҳалинчак,

Ҳалинчакда келинчак,

Салтлигини соғинган-о,

Келинчаклар куйинчак.

 

Ҳалинчак, ҳо, ҳалинчак,

Учавергин келинчак.

Кўзга сурма ярашар,

Қўш чаккага қўш чечак,

Ҳалинчак, ҳо, ҳалинчак,

Ҳалинчакда келинчак.

 

Келинчак, ҳо, келинчак,

Уйқинг бузсин “инга”лар,

Эртаму кеч беланчак,

Олиб келсин янгалар,

Ҳалинчак, ҳо, ҳалинчак,

Ҳалинчакда келинчак.

 

Қашқадарёлик фидойи фольклоршунос олим А. Қаҳҳоров ёзиб олган қуйидаги халқ қўшиғи ҳам бевосита ҳалинчак учиш чоғида ижро этилган:

 

Тақрон-тақрон тозаси,

Юрт ошар овозаси,

Ҳалгинчак учган қизнинг,

Шакардан андозаси,

Шакар-шакарга кетди,

Тилло ковушга етди,

Ҳовли ичи тойинчоқ,

Ҳалгинчак уч, келинчак.

 

Қадимда кишилар ҳалинчакда қанчалар юқориласа, ҳосил шунчалар мўл, одамлар шунча серфарзанд бўлишига ишонганлар. Бу ишонч дунёнинг кўпгина халқлари учун хос бўлган.

Наврўз сайилларида ўзининг энг яқин дугоналари билан ҳалинчак учган қизлар бу дамларни умр бўйи ёдида сақлашган. Зеро, Сурхон воҳасидан ёзиб олинган қуйидаги халқ қўшиғида ҳам ана шу лаҳзалар қолдирган ширин хотирот куйланади:

 

Ҳалганчак учган тутларим,

Ўйнаб-ўсган дўстларим,

То кўргунча хўш денглар,

Она қизлар

“опам келсин” денглар.

 

Хоразмда “Қизил гул” сайлининг учинчи куни қизлар ўз чиқон(дугона)ларидан бирининг ҳовлисида соринжоқ (арғимчоқ) ўйинини ташкил қилишган. Ёш йигитлар ҳам шу жойга келиб, арғимчоқ учаётган қизлар билан олма отиш ўйинини бошлаганлар.

Хоразм воҳасида байрам, сайил ва ҳайитларда қизлар ҳалинчак учишаётганда йигитлар ўзига унаштириб қўйилган қизга олма отиш удуми мавжуд бўлган. Одатда Наврўз байрами, “Қизил гул” байрами, “Қовун сайли” ва бошқа маросимлар, ҳайитларда қизлар йиғилишиб ҳалинчак – “соринжоқ” учишган.

Яна ўқинг:  Президентимизнинг меҳри ва ғамхўрлигини ҳеч қачон унутмаймиз

Демак, ҳалинчак учиш удуми қиш фасли ўз ниҳоясига етиб, фараҳбахш кўклам бошланадиган ажиб фаслнинг ғаройиб анъаналаридан бири сифатида юзага келган. Зеро, йилбоши сайлидаги бу удум ҳосилдорлик ғояси билан боғлиқ бўлиб, келаётган янги йилнинг ҳосили мўл бўлишини таъминловчи хайрли амаллардан бири деб қаралади.

 

Маматқул ЖЎРАЕВ,

филология фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: