ЎЗБЕКИСТОН – БАҒРИКЕНГ ДИЁР
И. Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ташкил этилган фотокўргазма шундай номланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан уюштирилган кўргазманинг очилишида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида шаҳар ва қишлоқларимиз кун сайин замонавий, кўркам қиёфа касб этиб, иқтисодиётимиз изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Қўлга киритилаётган бундай улкан ютуқ ва марралар кино, адабиёт, оммавий ахборот воситалари қаторида фотоасарларда ҳам тарихга муҳрланмоқда.
“Бунёдкорлик ишлари, қурилган замонавий иншоотлар, маданият ва санъат”, “Спорт соҳасида эришилган ютуқлар” ва “Диний бағрикенглик” деб номланган кўргазма бўлимларига қўйилган фотоасарларда истиқлол йилларида босиб ўтилган марралар, диёримизнинг бой ва бетакрор табиати, шаҳар, туман ва қишлоқлардаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, спорт соҳасида эришилган ютуқлар ифодаланган.
– Кўргазмадаги фотоасарлар таълим тизимида рўй бераётган улкан ўзгаришлар, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари ҳақида ҳикоя қилади, – дейди музей директори Мақсет Қарлибоев.
Аминбой Ортиқбоев,
ЎзА мухбири