Тез тиббий ёрдам шифокори масъулияти: машаққат ва муваффақиятлар

Алло, зудлик билан тез ёрдам жўнатинг, отамнинг аҳволи оғирлашиб қолди.

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига бу каби қўнғироқлар тез-тез бўлиб туради. Иссиқ жоннинг истмаси бор, бундай вазиятларда нима қилиш лозимлигини яхши биладиган шифокор Шуҳрат Сирожиддинов зудлик билан ёрдамга ошиқди.

Беморни кўздан кечирар экан, отахонда ўткир юрак етишмовчилиги сабаб, ўпка шишуви бошланганини пайқаган шифокор беморга биринчи ёрдамни кўрсатгач, зудлик билан шифохонага олиб бориш лозимлигини айтади. Аммо, бемор қайсарлик қилиб шифохонага боришни истамади. Шу сабаб шифокор дарҳол муолажаларни бошлаб юборади. Тез тиббий ёрдам беморнинг аҳволи яхшиланмагунича хонадонни тарк этмайди. Ҳайриятки, кўнгилсизликлар ортда қолди. Кўп ўтмай отахоннинг аҳволи яхшиланиб, ўзига келди. Хавф бартараф этилгач, Шуҳрат ака керакли тавсияларни бериб, тарбиялаган ота-онаси ҳақига дуолар ва миннатдорлик сўзларини эшитиб, хуш кайфиятда ўз ишига қайтади.

– Бемор ҳаётини сақлаб қолиш бизлар учун энг катта мукофот, кунимизнинг хайрли ўтишига сабаб бўладиган воқеа ҳисобланади, – дейди Шуҳрат Сирожиддинов. Кўплаб инсонларнинг дардини енгиллашишига сабаб бўлган қаҳрамонимиз 2003 йилдан буён Фарғона вилояти Олтиариқ тумани тез тиббий ёрдам бўлимида фаолият олиб боради.

Шуҳрат ака ҳар сафар масъулият билан иш фаолиятини бошлар экан, ўзига ишончи янада кучаяди. Бунда эса унга ҳар тонг ота-онасидан “кунинг хайрли ўтсин, ишингга эсон-омон бориб кел”, деган дуолари чинакам мадад бўлади.

– Ўз соҳамни экстремал деб ҳисоблайман. Касбдошларимиздан ҳар қандай вазиятга 24 соат давомида ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёр туриш талаб этилади.

Кунлик иш жараёнида 25-30 та чақирув тушади: “бола арғимчоқдан йиқилиб тушган”, “кекса онахоннинг юраги ушлаб қолди”, “жиддий автоҳалокат рўй бериб, бир неча одам қаттиқ жароҳатланган”… Афсуски, мана шунга ўхшаш вазиятлар тез-тез содир бўлиб туради. Аксари ҳолларда беморларнинг оғир аҳволда бўлиши ёки ҳаётига, саломатлигига хавф солувчи ҳолатлар кузатилиши биздан юксак билим ва тажриба талаб этади. Чунки, шундай вазиятда биринчи малакали тез тиббий ёрдам кўрсатиш бемор ҳаётини сақлаб қолишда энг муҳим ўрин тутади.

Минг шукурки, ҳозирда шошилинч тез тиббий ёрдам тизимидаги амалга оширилаётган катта ўзгаришлар, моддий техник базанинг тўлиқ янгиланиши, туманимиз миқёсида ҳам беморларга шифохонагача бўлган шошилинч тез тиббий ёрдамни халқаро андозалар бўйича кўрсатишга имкон бермоқда, – дея фикр билдиради Шуҳрат ака.

Яна ўқинг:  Ҳам инъом, ҳам имконият

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2009 йил 21 майда қабул қилинган “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашда дастуриламал бўлмоқда. Энг муҳими, шошилинч тиббий ёрдам хизмати муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тизимнинг транспорт паркини бойитиш ҳамда соҳа мутахассислари малакасини ошириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини бермоқда. Шунингдек, тиббиёт ходимлари билим ва тажрибасини янада ошириш ҳамда намунали ходимларни муносиб рағбатлантириш мақсадида “Энг намунали тез тиббий ёрдам станцияси”, “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг малакали шифокори”, “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг интизомли ҳайдовчиси” номинациялари бўйича ўтказилаётган кўрик-танловлар эса бу соҳа ривожи ҳамда мутахассислар фаолиятида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.

Бу гал ҳам қизғин беллашувларга бой тарзда ўтказилган танловнинг республика босқичида иштирок этган Шуҳрат ака Сирожиддинов ҳам ўзи фаолият олиб бораётган маскан шаънини муносиб ҳимоя қила олди.

– Яқинда бўлиб ўтган “Энг малакали тез тиббий ёрдам станциясининг шифокори” республика кўрик-танлови ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири бўлди. Минглаб ҳамкасбларим орасида финал босқичида ғолиб, деб топилишимни, очиғи, кутмагандим.

Яна бир бор амин бўлдимки, сидқидилдан меҳнат қилган киши қадр топмасдан қолмас экан. Ҳаммасидан ота-онамнинг, ҳамкасбларимнинг кўзларидаги қувонч ёшлари менга ўзгача таьсир қилди. Бу нафақат менинг ютуғим, қолаверса, жамоадошларим ҳамда тиббиёт бирлашмасининг ютуғи ҳамдир. Инсон саломатлиги, унинг ҳаёти энг устувор йўналиш деб белгиланган шундай юртда яшаб, хизмат қилаётганимдан фахрланаман, – дейди самимият билан Шуҳрат ака.

Чиндан ҳам шифоталаб беморлар учун нажотбахш инсонлар бўлган шифокорларнинг меҳатини ҳар қанча қадрласак арзийди. Зеро, бу касб фидойилари кечаю кундуз халқ хизматида. Уларнинг фидойи меҳнатлари боис инсонлар умрига умр, соғлигига соғлиқ қўшилади.

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири.

Фарғона вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: