МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ КЎЗГУСИ
Андижон вилоятида “Миллий қадриятларимиз кўзгуси” шиори остида миллий ва замонавий либослар форуми бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда ҳунармандлар, модельер-дизайнерлар, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёш ҳунармандларнинг миллий ҳамда замонавий услубдаги либослари, шунингдек, чевар, зардўз ва дўппидўзлар тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирда намойиш этилган либосларда замонавийлик ва миллийлик, тақинчоқ ва акссесуарларнинг матолар рангига уйғунлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди. Айниқса, атлас, адрас, беқасам сингари матолардан тикилган миллий либосларнинг кўркам ва хушбичимлиги, ўзига хослиги алоҳида эътироф этилди.
Профессионал модельер-дизайнерлар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари ўқувчи ва талабалари томонидан тайёрланган либослар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Миролим ИСАЖОНОВ