ҲАР КУН ҳамроҳ болалик

Аёл, унда бутун олам қувончи, дўстларга хос жонкуярлик, қалби дарё оналик ҳисси мужассам. Аёл севгисидан баҳраманд бўлмаган, унинг мардлигидан мадад олмаган инсон бўлмаса керак, назаримда.

Орамизда шундай аёллар борки уларга чин маънода ҳавас қиласан киши. Ўзгаларга ўрнак қилиб кўрсатгинг келади. Жумладан, яхши инсон ҳақида сўзлаш, уни давраларда алқаб ўтиш яхши-да. Айниқса, ўз ишига масъулият ва чин садоқат билан ёндашганлар ҳақида қанча кўп сўз айтсак ўзгаларга ўрнак бўлса бўлади-ки, ҳеч қусур бўлмайди…

Тажрибали журналист, педагог, фидойи инсон Дилором опа Ҳотамова ҳам аёлларга хос назокату, босиқлиги билан жамоамизда ажралиб туради. Анчадан буён шу инсон ҳақида мақола ёзишни дилимга тугиб юрган эдим. Чунки, уни одамийлик, тиришқоқлик, меҳнатсеварлик ўзига юклатилган ҳар бир вазифани сидқидилдан адо этувчи инсон сифатида яхши биламан ва ҳурмат қиламан. Баъзан ёшларда ҳам учрамайдиган ғайрат-шижоатини кўриб, беихтиёр опага ҳавасим келади.

Отаси Муҳаммаджон Ҳотамов ва онаси Фаризахон ая Рустамова 5 нафар қиз ва бир ўғилни зиёли, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашган. Кўп йиллар олий ўқув юртида талабаларга сабоқ бериб, ҳалол меҳнат қилиб, аҳил-иноқ яшаган ота-онасига ҳавас қилган Дилором опа ҳам улардек бағри кенг устоз бўлишни дилига тугиб қўйган.

Ўқитувчи бўлиш орзусида 1978 йилда пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 124-ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетига ўқишга қабул қилинган. 1982 йилда мазкур институтни имтиёзли диплом билан тамомлаган. Болаликнинг беғубор оламини чин дилдан севувчи опа мана салкам 40 йилга яқинлашибдики, болажонлар, ўқувчилар даврасида. Бугунги кунда Республика болалар ва ўсмирлар нашри “Тонг юлдузи” газетасида катта мухбир сифатида меҳнат қилаётган Дилором опа ўзининг қутлуғ 55 ёшини нишонлаш арафасида.

Опа болажонларга аталган мақола, ҳикоя, хабарларни содда, равон, тушунарли тилда ёзиб, уларнинг кўнглига йўл топа олади. Таҳририятда эса катта ҳаётий тажрибага эга мутахассис сифатида ёшларга ўрнак бўлиб, ўз тажрибаларини улар билан ўртоқлашади. Айтишадики, яхши устоз бўлиш учун нимани ўқитсанг – ўшанга, кимни ўқитсанг – ўшаларга меҳр қўймоғинг лозим. Ана шундагина касбнинг баракасига, элнинг олқишига эришасан. Дилором опа ҳам шогирдлар раҳматига, касбнинг баракасига эришган мана шундай масъулиятли инсондир.

Яна ўқинг:  Sport, san’at va iroda

Албатта, аёлнинг яна бир бахти, бу наслимиз давомчилари бўлмиш солиҳ фарзандларнинг борлигида. Бугун опамиз уч нафар қизларини уйли-жойли қилиб, ҳозирда шириндан-шакар етти нафар набиранинг севимли бувижонисидир.

Биз таҳририят ходимлари, бу меҳнаткаш, дилкаш инсон Дилором опага фақат ва фақат тани сиҳатлик, хотиржамлик, яқинларининг роҳатини кўриб юришларини тилаймиз. Юзларидан табассум, чеҳраларидан нур сира аримасин. У кишининг бахтига волидаю муҳтарамаси Фаризахон ая соғ ва омон бўлсин. Зеро, онанинг сидқидилдан қилган дуолари албатта, ижобат бўлади.

 

Манзура УБАЙДУЛЛАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: