ТАДБИРИ БОРГА ИМТИЁЗ ҲАМ, ШАРОИТ ҲАМ БОР

Исматилла ака ҳар доимгидан бироз барвақт уйғонди. Юз-қўлини ювиб, дастурхон атрофига келиб ўтирди-да нонушта баҳона бугун қилиниши лозим бўлган ишлар режасини туза бошлади.

Энг аввал бозорга бориб, лавҳ ясаш учун пишиқ ёнғоқ ёғочини қидириб топиш керак, хаёлидан ўтказди, у. Эртароқ бормаса, яхши ёғочнинг харидори кўп, пулига ҳам талашмай, олиб кетиб қолади. Ўтган гал ҳам худди шундай бўлган эди. Бозорга сал кечроқ боргани учун кўнглидаги ёғочни топа олмаганди.

Шу пайтда ҳовлиларни супуриб бўлган Наргиза опа ҳам дастурхон олдига келиб ўтирди. Исматилла акага пиёлада чой узатаркан, кечаги воқеа ёдига тушиб, гап бошлади.

– Ҳа, айтганча дадаси кеча сиз йўқлигингизда, қўшни маҳалладаги Нурмат ота келиб кетган эди.

– Тинчлик эканми, нима гап, – ҳайрон бўлди Исматилла ака.

– Ҳеч гап йўқ, тунов куни ҳовлиси этагидаги кекса ёнғоқ дарахтини кесишган экан. Сизга айнан шундай ёғоч кераклигини билиб, йўқлаб келибди, – деди Наргиза опа бамайлихотир.

Бу гапларни эшитиб, Исматилла аканинг кўзлари севинчдан порлаб кетди. Апил-тапил чойини ичиб, дарвоза олдидаги машинасини ўт олдириб, Нурмат отанинг уйи томон елдек учириб кетди.

“Эрта турганнинг ризқи улуғ бўлар”, дегани бежиз эмас экан, хаёлидан ўтказди Исматилла ака йўл-йўлакай кетиб бораркан. Мана, барвақт уйғонган эди, Худо ҳам ишини ўнглади. Қидирган нарсаси ёнгинасидан топилди, қолди. Энди ёғочни олиб, ишга киришса ҳам бўлади…

Пойтахтимиз марказидаги Абулқосим мадрасаси. Ўзига хос меъморий ечим асосида бунёд этилган бу маж­муага кириб борар экансиз, ўзингизни худди ўрта асрларга тушиб қолгандек ҳис этасиз. Айтиш мумкинки, ушбу мадраса бугун нафақат юртимизга келган чет эллик сайёҳларнинг севимли маскани, балки “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди тассарруфида фаолият олиб бораётган кўплаб ҳунармандларнинг ижод устахонаси ҳамдир.

… Эрталаб ишга келган ёғоч ўймакори Исматилла Жўрабоев устахонаси эшигини очиб ичкарига кираркан, атрофга бир қур назар ташлади. Болалигидан устози “Ишингнинг аввали тозалик бўлсин”, деб ўргатгани учунми, ҳар бир кунни озодалик билан қарши олади…

Азалдан ҳунармандлар маскани ҳисобланган Тошкентда чилангару чеварлар, косибу ёғоч ўймакорлари, қўйингки, турли ҳунар эгаларига истиқлол боис яна янги имконият эшиклари очилди. Пойтахтнинг “Бирлик” маҳалласида туғилиб, ўсган қаҳрамонимиз Исматилла Жўрабоев ҳам ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиб, бугун уста-ҳунарманд деган шарафли номга сазовор бўлди. Мана ўн йилдирки, у ясаётган ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари нафақат юртимиз аҳолиси, балки хорижлик меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Яна ўқинг:  Яхшилик ва фидойилик шиори эди

– Бу соҳага бироз кечроқ – ўн етти ёшимда кириб келган бўлсам-да, кўп­лаб ютуқларга эришдим, – дейди Исматилла ака. – Албатта, бу муваффақиятларда акам Ҳикматилланинг ўрни беқиёс. Боиси, у менинг биринчи устозим ҳамдир.

Исматилла аканинг гапларини эшита туриб, стол устидаги лавҳ, шахмат доскалари, қаламдон каби ёғоч ўймакорлиги буюмларига назар ташларканман, буларнинг ҳар бири устанинг кўз нури, қалб қўри билан яратилганига ишонч ҳосил қиламан. Айниқса, маҳсулотларнинг бежиримлиги, нафислигини кўриб, беихтиёр уни ясаган қўлларга таҳсинлар айтасан, киши. Бу орада Исматилла ака қўлига бир лавҳни олиб, ёнимга келди-да, гап бошлади.

– Илк бор мус­тақил ўзим сабзи тахтакач ясаб, акамга кўрсатганимда, роса қувонганди. Бугун ўзим ҳам уста-ҳунарманд деган номга сазовор бўлиб, мана бундай бежирим буюмлар ясамоқдаман, шогирдлар тарбияламоқдаман. Қўл остимдаги болаларнинг бирортаси чиройли буюм ясаганини кўрсам, қилган ишимнинг самарасидан устозлик машаққатларини унутгандай бўламан.

Шу топда устадан бу қандай ёғочдан ясалгани ҳақида сўрайман.

– Сизга айтсам, – сўзида давом этди ҳунарманд, – ёғоч бизнинг нонимиздир. – У қанчалик яхши бўлса, қилган ишимизнинг сифати ҳам шунга яраша бўлади. Мана бу кўриб турганингиз лавҳни ёнғоқ ёғочидан тайёрлаганман. Нега, айнан ёнғоқдан дерсиз. Билсангиз, ёнғоқнинг нафақат меваси, балки дарахтида ҳам катта миқдорда йод моддаси мавжуд. Бу эса унинг пишиқлиги ва биз ясаган буюмларнинг узоқ муддат асл ҳолини йўқотмаган ҳолда сақланишини таъминлайди. Қолаверса, ёнғоқ дарахтидан ёғоч ўймакорлиги буюмларини тайёрлаш жуда осон, бирор нарса ясамоқчи бўлсангиз сира қийналмайсиз.

Шу ўринда бир гап. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, юртимиздаги маънавий тикланиш жараёнида халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати ҳам ўзининг янги даврига қадам қўйди. Миллий ҳунармандчилик гуллаб-яшнади, кенг қулоч ёзди, усталар қадр топди. Ҳунарманд ишлаб чиқарувчига, тадбиркорга айланди. Ўзи яратган маҳсулотни эмин-эркин сотиш, кўргазмаларда намойиш этиш имконига эга бўлди. Қолаверса, улар учун қатор солиқ имтиёзларининг жорий этилиши, юртимизда ушбу соҳани ривожлантириш ва ёш авлод қалбида миллий қадриятларимизга ҳурмат, садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш йўлида кўрсатилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир.

– Эсимда собиқ тузум даврида у­йи­миз этагида акамнинг устахонаси бўларди, – дейди Исматилла Жўрабоев сўзида давом этаркан. – Давлат томонидан ҳунармандлар қаттиқ тазйиққа учрагани сабаб, акам асосан тунда ишларди. Тайёрлаган маҳсулотларини сотишнику айтмаса ҳам бўлади. Шукрки, мустақиллик барча соҳа вакиллари қатори биз ҳунарманд­ларга ҳам кенг имкониятлар эшигини очди. Истиқлол биринчи галда бизга эркинликни қайтариб берди.

Яна ўқинг:  Эзгу амаллар айёми

Дарҳақиқат, бугун юртимизда халқ бадиий ҳунармандчилиги, амалий санъат вакиллари Истиқлол шабадасидан эркин нафас олиб, шу юрт, шу миллат келажаги, эртасининг нурли бўлиши учун завқ билан меҳнат қилмоқдалар. Миллий ҳунармандчиликка эътибор – тарихимизга, ўзлигимизга, келажагимизга эътибордир. Соҳа вакилларига кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик эса миллатимиз номини бутун дунё бўйлаб шарафлашга хизмат қилмоқда.

Қувонарлиси, ҳозирда ўзбек ҳунармандлари дунёнинг ривожланган мамлакатларида ўтказилаётган турли кўргазмаларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Исматилла Жўрабоев ҳам бундан бир неча йил муқаддам ана шундай тадбирлардан бирида юртимиз номини муносиб ҳимоя қилган эди.

– Ўшанда Германия давлатида ўтказилган кўргазмада қатнашган эдим, – дейди қаҳрамонимиз. – Тадбир жуда юқори савияда ташкил этилган бўлиб, унда дунёнинг деярли барча мамлакатларидан келган ҳунармандлар, амалий санъат усталари ўзлари ясаган маҳсулотлар билан иштирок этганди. Тадбир давомида ўзим ҳам кўргазмага келган меҳмонларнинг яратган ижод маҳсуллари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдим, улар билан фикр алмашдим, таж­риба орттирдим. Лекин кўргазмани кузата туриб шунга амин бўлдимки, юртимиз ҳунармандлари ўзининг юксак диди, дунёқараши, маданияти, ясаган нарсаларининг бежиримлиги ва нафислиги билан дунёнинг бошқа мамлакатларидан келган ҳунармандлардан ажралиб турар экан. Ўшанда тадбир ташкилотчилари ҳам биз ўзбекистонлик ҳунармандлар ва амалий санъат усталарининг ижодий ишларига юксак баҳо берган эди.

Инсоният ақл-тафаккури, ижодий изланиши, ҳамда қалб қўри билан яратилган ижод маҳсулидан гўзал санъат асарлари пайдо бўлади. Айниқса, ҳунарингиз орқали ясалган буюмларда ички кечинмаларингиз, меҳр-муҳаббат туйғулари, одамийлик фазилатларини акс эттира олиш чинакам мўъжизадир.

Қўлимда Исматилла ака ясаган лавҳлардан бири. Унга қараб туриб, ҳунарманд ушбу буюмни ясашда ҳеч қандай михдан фойдаланмаганига гувоҳ бўлдим. Юз-кўзимдан ажабланганимни сезган қаҳрамонимиз, ўз билганларини мен билан ўртоқлашди:

– Ушбу лавҳда ҳеч қандай михдан фойдаланилмайди. Барчаси ёғочдан ясалади. Ораларидаги қаторларнинг очиқ жойларига арра билан ишлов берилади. Бу эса устадан сабр-матонат, юксак маҳоратни талаб этади.

… Устахонанинг нақшинкор эшиги очилди. Куз қуёшининг заррин нурлари хонага янада нурафшонлик бахш этди. Остона ҳатлаб келган меҳмон суҳбатимизни бўлганидан хижолатомуз жилмайди. У юртимизга келган чет эллик сайёҳлардан бири экан. Қўлимдаги лавҳни кўрган меҳмон ҳам унинг қандай ясалгани билан қизиқди. Уста менга келтириб ўтган маълумотларни меҳмонга яна қайта тушунтирди.

Яна ўқинг:  Орамиздаги Юлдуз

– Аввал ҳам юртингизда бир неча бор бўлганман, – дейди англиялик меҳмон Жон Эванс. – Бу меҳмондўст диёрга яна келиб, шунга амин бўлдимки, қисқа вақт ичида пойтахтингиз таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди. Бир-биридан гўзал иморатлар, кенг ва равон йўллар, муҳташам кўприклар кишини ҳайратга солади. Лекин мен барибир мамлакатингиз ҳунармандлари ва улар ясаган буюмлардан лол қоламан. Наҳотки, шуларнинг бари инсоннинг қўллари билан яратилган бўлса, деб ажабланаман.

Сизга айтсам, шу кунгача дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларида саёҳатда бўлдим. Уларнинг урф-одати, яшаш-тарзи, маданияти, орзу ва интилишлари билан яқиндан танишдим. Лекин шуни ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистондан олган таассуротларим буткул ўзгача. Бу мамлакатни сеҳрли диёрга ўхшатаман. Халқингиз қўлга киритган илм-фан ютуқларини қанча ўрганганинг сари у сенга ўз мўъжизаларини очаверади.

Ҳа, юртимиз гўзал, юртдошларимиз қалби эса меҳр-муҳаббатга лиммо-лим.

Саъдулло ТУРСИНОВ,

Муаллиф олган суратлар.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: