Ватан хизматига камарбаста

Соғлом она ва бола. Беихтиёр кўз ўнгимизда хушқилиқ дуркун боланинг қўлларидан тутган ва ўз бахтидан масрур бўлган гўзал она сиймоси гавдаланади. Боши узра порлаган қуёш, мусаффо осмон уларнинг бахтига ҳамоҳанг. Инсон манфаати ҳамиша баланд тутилган тинч ва фаровон Ватан бу икки сиймонинг бахтли турмушига эш. Ҳар иккиси тинч ва осуда Ватаннинг беқиёс рамзларига айлангандек.

Президентимиз 2016 йилни – Соғлом она ва бола йили дея номлаганида кўз ўнгимизда босиб ўтган йўлимиз бирма-бир жонлана бошлади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги ташкил этилган Ҳарбий хизматга чақирилувчи ўсмирлар билан ишлаш бошқармаси етакчи мутахассиси сифатида фаолият кўрсатдим. Зиммамизга Президентимизнинг 1990 йил 4 сентябрдаги “Республика ёшларини армияга чақириш ва уларнинг ҳарбий хизмат ўташини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони талабларига мувофиқ армияга фақат соғлом, бақувват, умуман ҳар томонлама етук, баркамол йигитларни танлаб олиш вазифаси қўйилганди. Дастлабки ишлар Андижон вилоятида мактаблараро ўсмирлар поликлиникасини ташкил этиш ва у ерда 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчи ўсмирларни назоратга олиб, уларга тиббий хизмат кўрсатишни жадаллаштиришдан бошланди. Кўзланган натижалар фармон ижроси билан яна уйғунлашиб, айрим ёшлардаги баъзи жисмоний нуқсонлар, касалликлар ўз вақтида аниқланди, ўсмирларнинг ҳарбий хизматга лаёқатлилари танлаб олинди. Бу орада идоралараро махсус мувофиқлаштириш Кенгаши тузилиб, унинг олдида жойлардаги ёшлар саломатлигини назорат қилиш, уларни ҳаётга бардам-бақувват, соғлом авлод руҳида тарбиялаш масалалари белгилаб қўйилди. Қарангки, амалга оширилган ишлар зое кетмади. Президентимиз фармони билан соғлом авлодни шакллантириш йўлида фидойилик кўрсатган инсонларни тақдирлаш учун 1993 йилнинг 4 мартида Юртбошимиз томонидан “Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилди.

Ёш авлод келажагини ўйлаб олиб борилаётган мана шундай ишлар фарзандларимизнинг жисмоний камолотида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Халқаро мутахассисларнинг юртимизнинг саломатлиги борасида олиб борган тадқиқотлари ва эътирофлари эса кўзланган мақсадимиз нечоғли самарали ва хайрли эканлигидан далолат беради. Ўзбекистонда ёшларнинг бўй кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос келадиган 14 ёшли ўғил болаларнинг улуши бугунги кунда мамлакатимиз бўйича 94, 2 фоизни ташкил этмоқда. Бошқача қилиб айтганда шу ёшдаги ўғил-қизларимизнинг бўйи кейинги ўн йилда ўртача 2, 8 сантиметрга ўсганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Яна ўқинг:  MEHRIBON BOBOJONIM

Яқин кунларда бир гуруҳ ёш ўғлонларимиз зиммасидаги йигитлик бурчини ўташ мақсадида ҳарбий хизматга чақирилди. Бугунги кунда ҳарбий хизматга яроқли деб топилаётган йигитлар сони 2000 йилдаги 63, 4 фоизни ташкил этган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 86, 3 фоизга етганлиги мустақилликнинг илк йилларида миллат саломатлиги борасида қилинган саъй-ҳаракатларнинг юксак самараси саналади. Ҳарбий хизматга отланаётган барваста бўйли, кўркам, бақувват йигитларни кўриб кўзингиз қувонади. Демакки, Ватан тақдири ишончли қўлларда. Зеро, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлади.

Искандар РАҲМОН,

Қуролли Кучлар фахрийси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: