КИЧКИНТОЙНИНГ ИДИШЛАРИ

Биз кундалик турмушда турли хил буюмлар, гигиеник воситалардан доимий равишда фойдаланамиз. Болажон овқатланиши учун алоҳида идиш-товоқлар керакми? Уларни қандай тозалаш мақсадга мувофиқ?

Бу каби саволлар билан ота-оналар тез-тез болалар шифокорларига мурожаат қилиб туришади. Қуйида мазкур саволларга шифокор тавсияси асосида жавоб олишингиз мумкин.

Силикон қошиқ гўдакнинг 1 ойлигидан бошлаб ишлатилади. Қошиқдан фақат овқатлантириш мақсадида эмас балки, суюқ дори, ўтлардан тайёрланган дамлама ёки оз миқдордаги сув ичиришда фойдаланилади. Ушбу қошиқларнинг ўзига хослиги шундаки, унинг шакли кичик бўлиб фойдаланишда ноқулайлик туғдирмайди. Металл қошиқлардан фойдаланганда эҳтиёт бўлиш даркор, у кутилмаганда болажоннинг оғиз бўшлиғига жароҳат етказиши ҳеч гап эмас.

Бола қўшимча овқатланиш ёшига етгач яъни, 6 ойликдан бошлаб ликобчадан фойдаланишига зарурат туғилади. Гўдак идиш билан қизиқиб, уни кўтариши ёки итариб юборишини инобатга олган ҳолда ҳозирги вақтда столга ўрнатиш ва қайта олиш учун мўлжалланган ликоблар ишлаб чиқарилган. Бу буюм махсус резина ёрдамида столга бириктирилади. Уни бола итариб юборолмайди. Ушбу идиш бола хавфсизлиги учун жуда қулай саналади.

Идишларни сотиб олишда махсус дўконлар ёки дорихоналарга мурожаат қилганингиз маъқул. Бу ерда сотиладиган маҳсулотлар сифат сертификатларига эга бўлади. Идишнинг ташқи ва ички ҳолати яхши бўлиши, унда турли ёриқлар бўлмаслиги, юзаси эса силлиқ бўлиши зарур. Гўдак учун энг хавфсиз идиш пластикдан ясалган тури саналади. Пластик эса албатта, сифатли бўлиши даркор. Ундан ясалган идишга иссиқликка чидамлилик даражаси, албатта, ёзилган бўлиши шарт. Чунки, сифатсиз пластик қиздирилганда ўзидан заҳарли (токсик) моддалар ажратади. Энг асосийси бола овқатланганда завқ билан овқатланиши, идишда турли хил безаклар мавжуд бўлиши мақсадга мувофиқ. Агар идишга расм туширилган бўлса, эътиборли бўлиш зарур. Расмдаги бўёқ овқат солинганда ёки идиш ювилганда ранги чиқмаслиги керак.

Болалар идишининг тозалиги кичкинтой соғлиғи билан бевосита боғлиқ саналади. Боланинг идишларини айнан бир киши тозалагани мақсадга мувофиқ. Боланинг финжон, қошиқ, ликобчасидан катталарнинг фойдаланиши мумкин эмас. Чунки, катта ёшдаги кишиларнинг оғиз бўшлиғида кўплаб бактериялар мавжуд бўлиб, бу эса кичкинтой учун жуда хавфли. Болалар идишини кимёвий тозалаш воситаларисиз ювиш лозим. Бунда идишлари учун мўлжалланган махсус гельдан фойдаланиш мумкин. Бу моддалар идишларни тозалаш жараёнида ювилиб кетади ва бола учун ҳеч қандай зарарли модда қолмайди. Идишларни қуритишда унинг устини дока билан ёпиб қуритинг.

Яна ўқинг:  ЎЙИНЛАР ОРҚАЛИ ДУНЁНИ АНГЛАШ

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: