Ота-она бўлишга тайёрмисиз? (давоми)

Бўлажак ота-онани тиббий кўрикдан ўтказишдан мақсад ҳомиладорлик даврида асоратларга олиб келиши мумкин бўлган касалликларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида даволашдир.

Агар аёл қонида резус-фактор манфий бўлса, чақалоқда гемолитик сариқлик касаллиги кузатилиш хавфи бўлади. Чақалоқ сарғайиши, унда камқонлик кузатилиши, унинг қонини алмаштириш чоралари кўрилиши мумкин.

Одам иммунтанқислик вируси (ОИВ), В ва С вирусли гепатит, заҳм (сифилис), қизилча, сил касаллиги каби юқумли касалликлар бор-йўқлигини текшириш ҳам ҳомиланинг бенуқсон ривожланиши учун муҳим.

Агар бўлажак ота-онада ОИВ бўлса, у ҳомилага юқади. Ўз вақтида ушбу инфекция аниқланиб, аёл антиретровирусли дори-дармонларни олиб, даволанса туғруқ ва ундан кейинги даврда керакли чоралар кўрилса, онадан болага одам иммунтанқислик вирусининг ўтишини 98 фоизгача камайтириш имконияти мавжуд. Шунингдек, ОИВни юқтириб олган она Кесарча усулида жарроҳлик йўли билан туғдириб олинади. Шундагина гўдакнинг хавфсизлиги таъминланади. Лекин бемор она чақалоқни эмизиши мумкин эмас. Чунки, кўкрак сути орқали болага инфекция юқиши мумкин.

Заҳм касаллиги ўз вақтида даволанмаса ҳомилада туғма заҳм ривожланади. Чақалоқнинг мияси, жигари, юрак қон томир, суяк тизимида нуқсонлар ривожланишига олиб келиши мумкин. Аёлда заҳм касаллиги бўлса, ҳомиланинг тушиши ёки ўлик туғилиши бошқа дардга чалинган беморларга нисбатан беш марта кўп учрайди.

Ҳомиладор аёл ҳомиласи 16 ҳафталик бўлгунча қизилча билан касалланса, ҳомиланинг мияси ривожланмаслиги, унинг қулоғи кар, кўзи кўр, талоғи шишган, туғма юрак нуқсони каби оғир асоратлар кузатилиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир бўлажак она қизилчага текширилиши лозим. Агар аёл болалигида қизилча билан хасталанган бўлса ёки қизилчага қарши эмланган бўлса, унинг қонида антитаначалар пайдо бўлиб, ҳомиланинг касалланишининг олди олинади. Агар бўлажак она қизилча билан касалланмаган бўлса ёки эмланмаган бўлса, унинг қонида ушбу хасталикка қарши антитаначалар мавжуд бўлмайди ва аёл ҳомиладорлигида касалликка чалиниши ҳамда ҳомилага салбий таъсир кўрсатиш хавфи юқори бўлади. Шунинг учун аёллар ҳомиладор бўлишидан олдин қизилчага қарши эмланиши зарурдир.

Бўлажак ота – она сил касаллигига текширилади. Сил касаллиги онадан болага ўтиб, гўдак туғма сил билан туғилиши, ҳомиланинг тушиши, чақалоқ муддатидан аввал туғилиши, у нимжон ва касалманд бўлиб ривожланиши мумкин. Ҳомиладорликдан олдин даволаниш бундай салбий асоратларнинг олдини олади.

Яна ўқинг:  Ҳаётбахш суюқлик ҳақида ажойиб далиллар

Шу билан бирга она бўлишни орзу қилаётган аёл тишларини стоматологга кўрсатиб, даволаниши керак. Оғиз соҳасидаги инфекция ҳам ҳомила тушиш хавфи, чақалоқда ички инфекциянинг ривожланиш эҳтимолини кучайтиради.

Ҳар бир аёл ҳомиладор бўлишидан олдин юрак-қон томир, пешоб йўллари, асаб ва бош мия, қон, нафас олиш тизимларини, эндокрин ва репродуктив аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиб ва касалликлар топилса ўз вақтида даволаниши зарур.

Мен узоқ йиллик шифокорлик амалиётимдан бу ҳақида жуда кўп ҳаётий мисолларни келтиришим мумкин. Ўз вақтида текширувлардан ўтмай, касалликларини аниқламай, даволанмасдан ҳомиладор бўлган аёлларнинг оқибатда фарзанди дардга чалинган ёки хасталик оқибатида уларнинг гўдагидан айрилганлик ҳолатларига ҳам афсуски, гувоҳ бўлганмиз. Кўпинча улар:”Мен бу касаллик билан аввал хасталанмаганман. Ҳомиладор бўлганимда шу ҳолат кузатилди”, дейишади. Бу жуда ҳам нотўғри фикр. Баъзи касалликлар ҳомиладорликдан аввал камроқ белгилар билан намоён бўлади. Лекин ҳомиладорлик даврида бу мудроқ ҳолдаги хасталиклар бош кўтаради. Чунки, бўлажак она оғироёқ бўлса унинг ҳар бир ички аъзоси ортиқча юкланиш билан фаолият юритади ва касалликлар яққол юзага чиқа бошлайди. Махсус тиббий текширувлар хасталикни эртароқ аниқлашга ва ўз вақтида даволашга ёрдам беради.

Профилактик чора-тадбирлар

Ҳомиладорликдан олдин профилактик даво чораларини амалга ошириш керак. Фоли кислота – бу витамин. Агар организмда ушбу дармондори етишмаса, ҳомиланинг бош мияси ва орқа миясида туғма нуқсонлар кузатилади. Бош мия ичига сув йиғилиши ва унинг тўқималари кичрайиб кетиши, орқа мия ва умуртқа соҳасида туғма бўлинишлар кузатилиши мумкин. Шунинг учун фоли кислота ҳапдориларини ҳомиладорликни режалаштиришдан икки ой олдин ичиш лозим.

Ҳомилага салбий таъсир қилиш эҳтимоли бўлган дори воситаларини умуман ичмаслик лозим. Ҳомиладор аёл иссиқ ҳаммом, сауна, жакузига бормаслиги, яхши пиширилмаган гўштни истеъмол қилмаслиги, бадантарбия билан шуғулланиш, тоза ҳавода кўпроқ сайр этиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиши ҳам профилактик чора-тадбирларга киради. Шу билан бирга ҳомиладор бўлишдан олдин ортиқча вазнга эга бўлган аёлларга озиш тавсия қилинади.

Шундай қилиб ҳомиладорликка тайёрланиш – соғлом фарзандни дунёга келтиришдаги асосий қадам эканлигини унутмаслик керак.

Шоҳида БОБОЖОНОВА,

тиббиёт фанлари номзоди, Республика Перинатал маркази директори ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: