Болангиз нега тушкун кайфиятда?

Ёхуд оила хотиржамлик ошёни бўлсин

 

Кўпгина шифокорлар ва ота-оналар ҳамда педагоглар учун болалар депрессияси муҳим муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Бу хасталик кўпинча катталар эътиборидан четда қолган, шунингдек, оилада яшасада ўзини ёлғиз ҳис этувчи, ажрашган ота-оналар қарамоғидаги ёки ота-онаси вафот этган болаларда кузатилади.

Болаларда ушбу дарднинг маълум бир белгиларини ажратиш қийин. Сабаби биринчидан, ноаниқлик, иккинчидан, болалар ҳар доим ҳам ўз ҳиссий кечинмаларини сўзлаб бера олмайдилар. Депрессиянинг намоён бўлиши турли ёшда турфа хил кўринишга эга бўлиши мумкин. Кичик ёшдаги болаларнинг ота-оналари одатда уларда иштаҳа пасайишига, ҳар ойда тана вазнинг қўшилиб бориш ўрнига унинг камайиши, боланинг инжиқлигига ва ҳаракатларининг камайганлигига эътибор берадилар.

Катталар тушкунликка тушган болалар ҳар доим маълум бир касаллик белгиларидан шикоят қилишларига эътибор беришлари керак. Уларнинг шикоятлари юрак уриб кетиши, бош айланиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, уйқу бузилиши, бўшашиш билан кечувчи танадаги турли оғриқлар ҳақида бўлади. Боланинг ташқи қиёфаси жуда толиққан бўлади. Касалликнинг дастлабки ойларида (ҳаттоки, йилларида) болалар педиатр ёки жарроҳ назоратида бўлади. Тиббий таҳлиллар натижасида бирор жиддий касалликнинг тасдиқланмаслиги кичкинтой ҳолати ҳақида катталарнинг бепарво бўлишига йўл қўймаслиги лозим. Аксинча ундаги бу кайфият катталарга болада қандайдир эмоционал бузилиш борлиги ҳақида белги беради.

 

Депрессия турли кўринишда кечиб, унинг ўзига хос белгилари бир-бири билан алмашиниб келади ёки монотон, доимий битта шикоят билан чегараланади.

 

Кўп ҳолларда мактабгача ёшдаги кичкинтойларнинг шикояти қорин оғриғи, кичик мактаб ёшидаги болаларда эса бош оғриғига бўлади. Баъзи болалар касалликларини даволаб бўлмаслигига ишонадилар.

Уларнинг айримларида кечки ва тунги вақтларда кучаювчи хавотир ва қўрқув ҳолатини кузатиш мумкин. Бундай сабабсиз ва ноаниқ хавотир ҳолати қисқа вақт ичида тезда маълум сабабга эга қўрқувга айланади. Катталардан фарқли равишда болалардаги депрессияда улар томонидан бунга “кимдир айбдор” деб топилади. Кўпинча фарзандлар ўзларидаги бундай ҳолатга ота – оналарини сабабчи қилиб кўрсатади. Улар катталарга норозилигини билдиради. Ота – оналари уни яхши кўришига шубҳалана бошлайди. Кунига бир неча маротаба “мени яхши кўрасизми?” дея сўрайверади. Уни ҳар қанча эркалаб, тинчлантирган тақдирда ҳам бола қисқа вақтгина ўзини яхши тутиб, кейин яна тушкунлик кайфиятга берилади. Ҳар хил усулларда катталарнинг унга нисбатан бўлган муносабатини текшириб кўришга ҳаракат қилади. Ота – онасининг ҳар қандай танқиди, танбеҳи норозилик, йиғлаш, бақириш ва ҳатто, баъзан ўз жонига суиқасд қилиш каби ўзига хос хуружларга сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  САРАТОННИ АНИҚЛОВЧИ БУРУНЛАР

 

Мактаб сари илк қадамлар хавотири

Болалардаги депрессиянинг эрта белгиларидан бири бу мактабга мослаша олмасликдир. Одатда бу ҳолат аста-секин ривожланади, фанларни ўзлаштиришдан қийналиш ва уларнинг эслаб қола олмаслик кўринишида намоён бўлади. Ўқувчи кўп вақтини уй вазифаларини тайёрлашга сарфлайди. Бироқ, қанча кўп ўқимасин дарсликни тушуна олмайди. У уйда кўп маротаба такрорлаб, ёд олган матнини доска олдида эслай олмайди. У оддий мисолларни еча олмайди, ҳисобни чалкаштириб юборади. “Қанча ҳаракат қилсам ҳам икки оламан” дея тушкунликка тушади, йиғлайди. Дафтарларини уйда эсдан чиқариб қолдиради, “ҳеч нарсани билмайман, мен ёмон ўқувчиман” дея ўзини бетартибликда айблайди. Депрессияга тушган бола ўқитувчилар уларни билимсизликлари учун ёмон кўриши, тенгдошлари уларни масхаралаши, хафа қилиши, ўзларининг ёқимтой эмасликларини ва ҳатто, ота – она ҳам оиладаги бошқа жигарларини кўпроқ яхши кўришини айтади.

Бола ҳаракатларида ишончсизлик пайдо бўлади. Унга бирор иш буюрилса жуда секинлик билан бажаради. Узоқ вақт кийинади, югура олмайди, танаффус вақтида тенгдошлари билан ўйнамайди. Жисмоний тарбия дарсларига ва спорт секцияларига қатнашишни хоҳламайди.

Ушбу дарднинг тузалишнинг илк даврларида бола барвақт мактабга боришга сўз беради. У дарсини тайёрлайди. Ўқув қуролларини йиғади. Эрталаб эса берган ваъдасини бажаришдан бош тортади ёки мактаб эшигигача бориб, кирмай уйга қайтиб келади. Бундай бўлгани сабабини айтиб беролмайди, барча сўровларга “қила олмайман”, “хоҳламайман” деб жавоб беради ёки янги баҳоналар ўйлаб топади. Таътил ёки боланинг касаллиги билан боғлиқ сабабларга кўра мактабга бориш муаммоси ота – она томонидан муҳокама қилинмаган вақтларда бола ўзини яхши тутади. У қувноқ кўринади. Бундай ҳолат “мактаб фобияси” деб аталиб, 3-4 йилгача давом этиши мумкин. Албатта ўқувчига алоҳида эътибор бериш ва унга меҳр кўрсатиш катталарнинг инсоний бурчи эканлигини унутмаслик керак. Зеро, ўзи ҳақида атрофидагилар ғамхўрлик қилаётганини кичкинтой ҳис этса, у “ўз қобиғига” ўралиб қолмайди.

 

Ўспиринлик – нозик давр

Ўсмирларда кузатилувчи депрессия яққол белгилари билан ажралиб туради. Ўспирин йигит ёки қиз хафагарчилик, тушкунлик кайфиятида ўзини кераксиздек ҳис этади. Касалликнинг намоён бўлиши турли кўринишда бўлиб ўсмир лоқайд ёки қўпол, фақат баъзан ўз соғлиғи, ташқи кўриниши ҳақидагина ўйлайдиган худбинга айланади. Уни машғулотларга қатнашишга, дарс тайёрлашга иродаси етмайди. Машғулотларни ўзлаштириш давомида яхши натижаларга эришмаслиги ўсмирни бундай вазиятдан қочишига, дарсларга қатнашмай қўйишига, оралиқ назоратларни ўтказиб юборишига ва ниҳоят ўқув даргоҳига боришдан бош тортишига сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  Бола кўтарган аёл

Ота-оналар, педагоглар ва синфдошлари ўсмир феъл-атворидаги ўзгаришларни ва фанларни ўзлаштиришдан ортда қолаётгани сабабини тушунтириб беролмайдилар. Баъзан бу ҳолатни ялқовлик, дўсти билан келиша олмагани ёки ёмон гуруҳлар таъсири дея баҳолайдилар. Одатда катталар бундай ёшларга нисбатан турли талаблар қўйиш, уларни жазолаш, кескин чоралар қўллашни бошлашади.

Қаттиқ назорат остидаги ўсмир ҳар қандай танбеҳга қўполлик, кескинлик, баъзан тажовузкорлик билан жавоб қайтаради. У борган сари ҳеч ким билан чиқиша олмайди. Мулоқотга киришишга қийналади. Оила аъзоларидан ўз ҳолатини беркитади. Ҳеч ким билан гаплашишни истамайди ва ўспиринга таъсир ўтказа оладиган оила аъзосидан қочишга, у билан тўқнашмасликка ҳаракат қилади.

Ота-оналар оилада ҳар бир фарзандининг ўзига хос феъл-атворга эга эканлигини инобатга олиб уларга индивудиал ёндошишлари зарур.

 

Депрессия қандай кечади?

Қисқа вақт ва тез кечувчи депрессия болалик даврида камдан кам учрайди. Одатда тушкунлик 1-3 ойдан 1 йилгача ва ундан ортиқ вақт давом этади. Бунда депрессия белгиларининг жадаллиги ўзгарувчан бўлиб, оилавий шароит ва боланинг жисмоний ҳолатига ҳам боғлиқ.

Депрессияни бошидан кечираётган болаларга мақсадли ёндошувнинг биринчи шарти касалликни таснифлаш ва унга тўғри ташхис қўйишдир. Ота – она ва бола муносабатларининг ёмонлашуви, унинг ҳиссиётларига бефарқлик, кескин чоралар кўриш фақат беморга зарар келтиради. Уни мажбурлаш ёки аксинча болани тенгдошларидан ажратиб қўйиш, машғулотлардан сабабсиз озод қилиш ҳам тушкунликка сабаб бўлиши мумкин.

Агар депрессия енгил кўринишда кечаётган бўлса, у ўз-ўзидан мутахассис аралашувисиз ўтиб кетиши мумкин. Асосан боланинг руҳий холатига эътибор бериш лозим. Унинг ўзи руҳий бузилишга шикоят қилмайди. Одатда сўраб-суриштирилганда ҳам кичкинтой ўзини нима қийнаётганини аниқ айтиб беролмайди. Баъзан эса ташқи сабабларни айтган ҳолда тушунтиришга ҳаракат қилади. Бу эса катталардан эътиборли бўлишни талаб этади.

Агар боладаги бундай ҳолат ва тушкун кайфият икки ҳафтадан ортиқ давом этса ва сабаби аниқ ва табиий бўлган тақдирда ҳам шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. Баъзан бундай ҳолатлар ортида жиддий касаллик яширинган бўлиб, медикаментоз давони талаб этади. Ота-оналар ва педагоглар шуни эсда тутишлари керакки, болага қанча эрта ёрдам берилса, унинг бундай ҳолатдан чиқиши осон кечади. Шунингдек, ёмон оқибатларнинг олди барвақт олинади. Касалликни қандай қилиб эрта аниқлаш мумкин? Нима учун бундай салбий ҳолат келиб чиқди? Хасталикнинг сурункали шаклига ўтиб кетишини қандай тўхтатиш мумкин? Бу саволларга жавоб топишда боланинг ёшига аҳамият бериш зарур.

Яна ўқинг:  Ўсмирлик даври психологияси

 

Ёқутхон МАЖИДОВА,

ТошПТИ Неврология,

болалар неврологияси ва тиббий генетика кафедраси мудири, профессор,

Саодат БОЗОРОВА,

магистрант

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: