Инсон нега ўз жонига қасд қилади?

(Давоми)

Савол: Ўз жонига қасд қилувчилар ҳар хил йўлларни танлашади: ўзини осиб ўлдириш, уксус ичиш, катта миқдорда дори ичиш ва ҳ.к. Ҳар ким турли йўлни танлашини қандай тушунтириш мумкин?


Жавоб: Бу саволга аниқ жавоб бериш мушкул. Бироқ статистик маълумотларга кўра, эркаклар орасида ўзини осиб ўлдириш кўп кузатилса, аёллар орасида кўп миқдорда дори ёки уксус ичиб, ўз жонига қасд қилиш кўп учрайди. Аксар ҳолларда қайси усулни танлаш одамнинг қаерда яшаётганига ҳам боғлиқ. Масалан, қишлоқда яшайдиганлар орасида ўзини осиш кўп кузатилса, катта шаҳарда яшайдиганларда баланд бинолардан ташлаб ўлиш кўп учрайди. Уксус ичиб, ўз жонига қасд қилувчилар ҳам кўп. Шунинг учун оила зарурати учун олинган уксусни ишлатиб бўлгандан кейин тўкиб ташлаш ёки сув қўшиб қўйиш керак. Шунингдек, уйи темир йўлларга яқин жойда жойлашганлар ўзини поезд тагига ташлаши, дарёга яқин жойда яшайдиганлар баланд қоялардан ўзини сувга ташлаши орқали ўз жонига қасд қилишади. Масалан, Японияда денгиз бўйида катта қоя бор. У «Ўз жонига қасд қилувчилар қояси» деб ном олган. Чунки ўша қоядан ўзини пастга ташлаб жон берувчилар кўп. 2009 йили уларнинг сони кўпайиб кетгани учун одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида битта отахон ўша ерга келиб ўтириб олган ва ўз жонига қасд қилиш мақсадида келганлар билан суҳбатлашиб, уларни ўз фикридан қайтаришга муваффақ бўлган. Бу ҳақда ўша пайтлари «Evronews» канали ҳам кўрсатув тайёрлаган эди.

Савол: Аҳоли орасида суицид кўпайишига TВ, радио, интернет ёки газета ва журналлар сабабчи бўлиши мумкинми?


Жавоб: Радиони билмадим-у, қолганлари сабабчи бўлиш мумкин. Масалан, ўз жонига қасд қилиш ХХ асрнинг 60-йиллари кўпая бошлаган. Чунки бу даврда инсонлар ҳаётига телевидение жадал кириб кела бошлади. Телевизор орқали доимий равишда ҳар хил мелодрамалар кўраётган ёшу қарилар орасида ушбу кўрсатувлар суиқасднинг кўпайишига таъсир кўрсатган бўлса, ажаб эмас. Интернетнинг ҳаётимизга жадал кириб келиши ҳам ёшлар орасида суиқасднинг кўпайиб кетишига сабабчи бўлди. Интернет қайси давлатда олдинроқ ва кучлироқ ривожланган бўлса, ўша давлатларда ўз жонига қасд қилувчилар сони ҳам кўп. Афсуски, интернетда ўз жонига қасд қилиш йўлларини ўргатувчи сайтлар ҳам кўпайган. Уларга қарши ОАВда чиқишлар ёки психологлар интервьюлари эса бармоқ билан санарли. Шуни эсда тутинг: ўз жонига суиқасд қилишга интилувчи шахснинг фикри кимгадир ошкор бўлиб қолса, у бу фикридан қайтади. Бундайлар эса улар орасида 70 фоиздан ошиқ. Кўз олдингизга келтиринг, агар фаол ишланса, қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Афсуски, бу муаммони ошкор муҳокама қилишдан ҳанузгача қўрқамиз. Оқибатини кўриб кузатувчи бўлиб тураверамизми? Омма билан ишлаш керак!

Яна ўқинг:  НОС ЧЕКИШ САРАТОНГА ОЛИБ КЕЛАДИМИ?


Савол: Кино ва телесериаллар ўз жонига қасд қилишга туртки бўлади дейишади. Бунга қандай қарайсиз?


Жавоб: Афсуски, ҳозирги кунда ишланаётган баъзи кинолар нафақат ўзининг сифатсизлиги, балки саёз сюжетлари билан ҳам кишини ранжитади. Менимча, сценарий ёзувчининг ўзи кучли психолог бўлиши керак. Яхшилаб эътибор қилсангиз, ушбу фильмларнинг баъзиларида ўз жонига суиқасд қилишга чорловчи сюжетлар кўп. Уларда фильм қахрамонларининг ҳис-туйғулари ва аслида рўй бериши мумкин бўлган воқелик орасида номутаносиблик бор. Фильмда рўй бераётган воқеалар кульминацион нуқтага етмасдан туриб йигит ёки қиз ўз жонига қасд қилишга уринади ёки шу ишни амалга оширади ҳам. «Ҳозир қиз ўз ёрига етиши учун курашса керак» деб кинони кўриб ўтирган томошабиннинг таъби хира бўлади-қолади. Чунки қиз ёки йигит ўз бахти учун курашиш ўрнига бошқа йўлни танлайди. Менимча, режиссёр шу йўл билан томошабинни тўлқинлантираман деб ўйласа, у адашади. Асло ундай эмас. Эътибор беринг-а, ҳанузгача кишини тўлқинлантириб келаётган «Ўтган кунлар» фильмида Кумуш ўзи заҳар ичиб ўлмайди-ку, балки уни Зайнаб заҳарлайди. Ушбу фильмда на Кумуш заҳар ичади, на аламзада Зайнаб. Бундоқ қарасангиз Кумуш ёки Зайнаб заҳар ичиб ўз жонига қасд қилишлари мумкин эди-ку?! Агар шундай бўлганида фильм бунчалар шуҳрат қозонмаган бўлур эди. Фильм бошидан охиригача йигит ва қизни ўз бахти учун курашишга чорлайди. Ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи бадиий асарлар ва фильмлар киши ғазабини қўзғатади. «Ўткан кунлар»дан ўрнак олиш керак.
Ҳозирги кунда намойиш қилинаётган хориж телесериалларининг аксарияти ҳам ҳиссиётга бой бўлиб, 13-14 яшар йигит-қизларнинг фикрлаш доирасини 17-19 яшарлик йигит-қизларникига ўхшатиб қўймоқда. Демоқчиманки, уларнинг фикрлаш доираси патологик тарзда кенгайиб, фильм қаҳрамонларига тақлид қилиш одат тусига кирмоқда. Бу фильмларни ҳадеб кўравериш ёшларни реал ҳаётдан узоқлаштиради, улар зомбига айланади, ҳиссиётга бойиб, ақли торайиб бораверади. Ҳиссиётга берилувчан одам ақл билан иш кўрмайди.


Савол: Газеталарда ёритилаётган ҳикоялар ҳам бундан мустасно бўлмаса керак.


Жавоб: Тўғри! Афсуски, газета ва журналлардаги аксарият маълумотлар мутахассислар томонидан тайёрланмайди. Уларнинг кўпчилиги интернет ёки хориж газеталаридан кўчирилган маълумотлар. Ҳикоя, қисса ва романларда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи жойлари кўп. Демак, ёзувчи ўзи билмаган ҳолда бировнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Ёзувчи ўзи тайёрлаган асарининг ушбу жойини энг зўр қисми деб ўйласа керак. Асло ундай эмас! Афсуски, асар ёзаётган ёзувчи ўз қахрамонини рўшноликка чиқариш ўрнига уни ўлдириш йўлларини излайди. Тайёр бўлган ушбу асарни ўқиётган ўқувчи ҳам рўшноликка эришиш ўрнига ўзини ўлдиришни фикр қилса-чи? Ҳикоя ёки катта асар ёзаётганлар буни бир ўйлаб кўришса яхши бўларди! Ҳамма мелодрама ёзиш билан овора. Бунинг оқибати яхшиликка олиб келмайди! Нейропсихолог сифатида шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, ҳиссиётга эмас, фикрлашга мажбур қиладиган асар кишини тўлқинлантиради ва узоқ вақт эслаб қолинади. Уильям Шекспир, Агата Кристи, Ўткир Хошимов ва Шароф Бошбековнинг асарлари бунга мисол бўла олади. Қизиқ, Нобел мукофотига сазовор бўлган ёзувчиларнинг асарлари бундоқ қарасангиз, гўёки оддийдек туюлади. Масалан, «Чол ва денгиз» асари. Унда нега улар барча давлатлар ва элатларда улкан олқишларга сазовор бўлишган. Чунки бундай асарлар ҳар қандай даврда яшаган инсонлар қалбини забт этган ва ҳеч қачон ўлмайдиган асарлар!

Яна ўқинг:  Озиқ-овқат аллергиясидан кўпроқ кичкинтойлар азият чекади(ми?)


Савол: Ўз жонига қасд қилиш яқин қариндош-туққанлар орасида кўп кузатилгани ва ушбу ҳолат наслдан-наслга ўтиш-ўтмаслиги ҳақида сўрашган. Бу саволга қандай жавоб берган бўлар эдингиз?


Жавоб: Умуман олганда, инсонда мавжуд бўлган ҳар қандай ҳолат наслдан-наслга ўтиши мумкин. Одамнинг овози, хулқ-атвори ва ҳ.к. Суицидга мойиллик одамнинг темпераментига ҳам боғлиқ. Масалан, меланхоликлар (журъатсиз, бировга қарам одамлар) суиқасдга мойил бўлишади. Лекин улар ер шарида кам тарқалган, яъни 3-5 фоиз холос. Анави одамнинг отаси ёки онаси ўз жонига қасд қилди, энди унинг фарзандлари ҳам шу йўлдан боради деган фикр пайдо бўлмаслиги керак. Чунки суиқасд кўпинча тақлид кўринишда ҳам рўй беради. Яқинидан жудо бўлгандан кейин у ҳам «Мен нима қиламан яшаб» деб ўз жонига қасд қилиб қўйиши мумкин.


Савол: Стресс билан суиқасд орасида қандай боғлиқлик бор? Баъзан қаттиқ стрессга учраб ўзини-ўзи ўлдириб қўйибди деб эшитиб қоламиз.


Жавоб: Жуда тўғри савол бердингиз! Ҳали айтиб ўтганимдек, «соғлом» одамларда учрайдиган суицидлар ўткир ёки доимий стресслар натижасида рўй беради, яъни стресс ўз жонига қасд қилишга туртки бўлади. Умуман олганда, аксарият касалликларнинг бошланиб кетишига асосий туртки бўладиган омил ҳам стресс. Масалан, гипертония касаллиги билан хасталанганларнинг барчасида ҳам инсульт ёки инфаркт ривожланавермайди-ку?! Бироқ ўткир стресс инсульт ва инфарктга туртки бўлади.


Савол: Ҳозирда ўз жонига қасд қилишни хаёл қилиб юрганлар бўлса, уларни ушбу йўлдан қайтариш учун қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?


Жавоб: Демак, ҳали айтиб ўтганимдек, суицид «соғлом» кишиларда ҳам, депрессия касаллигида ҳам кузатилиши мумкин. Ўзи соғлом бўлса-да, ўз жонига қасд қилишга уриниб юрганларга қуйидаги маслаҳатларни берган бўлур эдим:

  1. Ўта ўжарлар учун маслаҳат: «Мен ҳеч қандай маслаҳатга юрмайман, барибир ўз жонимга қасд қиламан, бу фикримдан ҳечам қайтмайман» дегувчилар бўлса, ўша фикрингизни тиббий психолог ва психотерапевтга албатта айтинг. Балким вазият Сиз ўйлаганча оғир эмасдир.
  2. Иккиланиб юрганлар учун маслаҳат: «Мен ўз жонимга қасд қилмоқчи эмасдим, ҳаммасига бошқалар айбдор» деб юраётганлар, яъни вазият яхши бўлса, суицидни амалга оширмайдиганлар учун маслаҳат. Ўз жонига қасд қилувчилар ичида Сизлар кўпчиликни ташкил қиласиз. Демак, шундай экан, дардингизни яқинларингиз билан баҳам кўринг, муаммони ота-онангиз билан ҳал қилишга ҳаракат қилинг, улар Сизни тушунишмаса, Сизни яхши кўрадиган аммангиз, холангиз, тоғангиз, акангиз ёки опангизга мақсадингизни айтинг. Сиз ота-онангизга тушунтириб бера олмаган дардингизни ўша қариндон-туққанлар албатта ечимини топиб беради. Чунки каттанинг тилини катта тушунади. Энг яхши кўрган ва ўзингиз ишонадиган дўстингиз олдига боринг, психологга мурожаат қилинг. Чунки вазият яхши томонга ўзгарса, ўз жонингизга қасд қилмоқчи эмассиз-ку.
  3. Мен ўзим ишлаб чиққан ва ўзим ҳар доим амал қиладиган битта қоида ҳақида «Маданият ва маърифат» каналида айтувдим: «Шундай бўлиши керак эди, шундай бўлмаслиги мумкин эди» деган қоида. Яъни Сиз билан бирор бир ёмон воқеа рўй берса – «Шундай бўлиши керак эди» деб ўша нохуш воқеани унутишга ҳаракат қилинг. Ушбу қоиданинг «Шундай бўлмаслиги мумкин эди» деган қисми Сиз билан бўлган воқеани танқидий таҳлил қилишга ундайди ва шунга ўхшаш ҳолатнинг қайталанишининг олдини олади!
Яна ўқинг:  КАМҚОНЛИКНИ БИР ЗУМДА АНИҚЛАШ МУМКИН

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,
тиббиёт фанлари доктори,
профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: