Ота-она бўлишга тайёрмисиз?

Тўрт мучаси соғлом ота-оналардан соғлом фарзандлар дунёга келиши сир эмас. Ҳар бир аёл учун она бўлиш – энг катта бахт. Соғлом фарзанд – нафақат ота-онанинг шунингдек, жамиятнинг ҳам келажаги ҳисобланади. Бўлажак онанинг юраги тагида урадиган яна бир юрак янги ҳаёт нишонасидир.

Дилбандимизни юксак марраларга етишини ният қилар эканмиз, энг аввало у соғлом бўлиши керак. Соғлом фарзандни соғлом ота-она дунёга келишига сабабчи бўлади. Демак, энг аввало ота-она соғлом бўлиши зарур. Ҳомиладорликка тайёрланиш зарурми? Ҳа, албатта, шарт ва зарур. Ахир, бирор тадбир ўтказмоқчи бўлсангиз режа тузасиз. Аёл киши фарзанд кўришни орзу қилар экан ҳомиладорлик даврига тайёргарлик кўриб қўйиши керак. Нима учун?

Қуйида Сизга ҳаётий бир воқеани мисол тариқасида келтираман.

Насиба опа келини Зилолахонни шифокор ҳузурига олиб келди: “Келинимнинг икки ойлик ҳомиласи бор. Ҳаммаси яхши эди, лекин 2-3 кундан бери унинг иситмаси чиқяпти, ҳайронман,” деди қайнона. Келинчакни текширганимизда унда буйрак яллиғланиши ва камқонлик аниқланди. Уни касалхонага ётқизиб дори-дармонлар билан даволашга тўғри келди. Беморнинг аҳволи яхшиланди, лекин яна икки ойдан кейин буйрак касаллиги яна қайталанди. Зилолахон даволанишига қарамай, 7 ойлик ҳомиладорлигида унинг қон босими ошиб, муддатига етмасдан “кўзи ёриди”. Муддатига етмай туғилган чақалоқ туғруқхонада узоқ даволанди. Унинг фарзанди ҳалигача невропатолог кўригидан тез-тез ўтиб туради. Агар бўлажак она ҳомиладор бўлишидан олдин тиббий кўрикдан ўтиб, хасталиги аниқланиб даволанганида, касаллик асоратларининг олди олинган ва фарзандининг соғлом туғилишига асос яратган бўларди.

Ҳомиладор бўлишни ният қилган ҳар бир бўлажак ота ва она шифокор ҳузурига бориши керак. Мутахассис уларга маслаҳат беради. Эр-хотин тиббий текширувлардан ўтказилади. Аниқланган касалликлари даволанади. Профилактик даво чоралари ўтказилади.

Тиббий кўрик пайтида бўлажак ота ва онанинг ирсий касалликлари ҳақида тўлиқ маълумот тўпланади. Бундай хасталиклар мавжуд бўлса фарзандида ҳам кузатилиш хавфи аниқланади. Унинг олдини олиш чоралари белгиланади. Агар оилада аввалги ҳомиланинг тушиши ёки фарзанди эрта туғилиши ёки нобуд бўлиши каби ҳолатлар кузатилган бўлса уларнинг сабаби текширилганми, қандай даво чоралари кўрилганлиги ҳақида ва кейинги ҳомиладорлигида шундай асоратларнинг олдини олиш ҳақида маълумот берилади. Кўпинча бўлажак она “Менинг иккита ҳомилам 6-7 ҳафталигида тушган, ҳозир бу учинчи ҳомилам, беш ҳафталик бўлди. Менга ёрдам беринг”, деб мурожаат этади. Шунда “синглим, сизнинг ҳомилаларингиз нима сабабдан тушганлигини аниқлашимиз учун текширишимиз зарур. Кейин сизни даволаб, навбатдаги ҳомилангизда ҳам шу асоратлар бўлмаслигининг олдини олиш чораларини кўришимиз керак эди. Нимага кеч келдингиз?” деб айтишга мажбур бўламиз. Чунки, бўлажак онанинг акушер-гинекологга кеч мурожаат этиши баъзи пайтларда кўрсатилган малакали тиббий ёрдамга қарамай яна салбий натижаларга олиб келиши мумкин.

Яна ўқинг:  ГРИПП ВА УНИНГ ПРОФИЛАКТИКАСИ

Шифокор яна бўлажак ота ва онанинг касбу кори ҳақида маълумот йиғади. Агар улар зарарли ва хавфли ишда ишласалар ҳомилага зиён етказувчи моддалардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги уқтирилади. Оилавий жуфтлик фарзанд кўришни режалаштираётган бўлса бошқа ишга ўтиши тавсия қилинади. Масалан, симоб, кислоталар, оғир металлар, нурланувчи моддалар билан ишлаш зарарли.

Эр-хотинга шифокор зарарли одатлар ҳақида ҳам маълумот бериши керак. Чекувчи аёлларда ҳомила тушиши, унинг яхши ривожланмаслиги, улардан туғилган чақалоқнинг вазни кичик бўлиши, гўдаклар ўлими беш марта кўпроқ кузатилади. Алкоголь, гиёҳванд моддалар она қорнида йўлдош (плацента) орқали тўғридан тўғри ҳомилага ўтади. Ҳомиланинг мияси, жигари, талоқ, меъда ости бези каби аъзоларига зиён етади. Замонавий тиббий илмий тадқиқотлар ота-онанинг спиртли ичимликлар ичиши ҳомилада ривожланадиган ақлий заифликнинг асосий сабаби деб топилган. Шунинг учун эр-хотин ҳомиладорликдан аввал зарарли одатларга чек қўйиши керак.

Агар ҳомиладор 20 ёшдан кичик бўлса, унда 30 фоизгача ҳомиланинг яхши ривожланмаслиги, чақалоқ вазни кичик бўлиши, туғилган фарзанд ўлими ҳолатларининг икки бараварга ошиши, ёш оналар орасида оналарнинг ўлими ҳолати уч бараварга ошиши кузатилади. Шу ўринда қизларини эрта турмушга бераётган ота-оналарга: “Азизлар, шошманг, ҳали қизингиз ёш, унинг организми тўлиқ етилгани йўқ, унинг ҳаётини, бўлажак фарзанди ҳаётини хавф остига кўйманг!”, дейман. Ёши 35 дан ошган аёлларда ҳам ҳомиладорлик даврида кузатиладиган асоратлар хавфи ошади. Шунинг учун фарзанд кўриш учун ва ҳомиладорлик даврида асоратлар кам учрайдиган идеал ёш – 20 ёшдан 35 ёшгача ҳисобланади.

Шифокорлар бўлажак ота-онага маслаҳат бераётган пайтида уларга туғилажак фарзандининг соғлом бўлиши учун замин яратиш зарурлиги уқтирилади.

 

Шоҳида БОБОЖОНОВА,

тиббиёт фанлари номзоди,

Республика Перинатал маркази директори ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: