Қадди расолик – инсон кўрки

умуртқа поғонасининг соғлиғи умрга умр қўшади

Ҳар бир оиланинг вазифаси – ақлли-ҳушли, келишган ва соғлом болаларни тарбиялашдан иборат. Ҳар бир боланинг тўғри гавда тузилиши, қадди-қомати бу шу халқнинг соғломлик кўрсаткичидир, маданиятининг ойнасидир.

– Қадди-қоматни тўғри шакллантириш ва парвариш этиш ва мустаҳкамлаш бу узоқ жараён. Болаларнинг қадду қоматини тик тутишга ота-оналар болаликдан эътибор беришлари зарур. Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари мактаб, коллеж ва бошқа таълим муассасаларида ҳам устоз ва мураббийлар эътиборни сусайтирмаслик керак, – дейди биз билан суҳбатда, Травматология ва ортопедия илмий текшириш институти, Болалар ортопедияси бўлими бошлиғи, профессор Аҳрор Жўраев.

Қадди-қомат – одамнинг вертикал ҳолатини белгилайди. Ҳар кунги турмуш тарзи ҳам одамнинг қадди-қоматини ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин. Кишининг кайфияти яхши ёки ёмонлиги ва қаддини тутиш ҳолатлари, ўта чарчоқлик шулар жумласига киради.

Келишган қадди-қомат ҳаётда айрим сабабларга кўра ёмонлашиши мумкин. Бундай ҳолат боланинг биринчи йил мактабда ўқиш пайтида, яъни нормал қадди-қомати бузилиши партада нотўғри ўтиришнинг натижаси ҳисобланади. 7 ёшларда боланинг мушаклар бойлами бирлашмаси ўтиришнинг физиологик ҳолатига мослашиб боради. Умуртқа поғонасига бириккан мушак ва бойламларнинг таъсирида унинг функцияси ўзгариб туради. Келишган, чиройли қадди-қомат, авваламбор, бош ва умуртқаларни тўғри жойлашиши, курак ва елкани симметрик ҳолати, белни бир хил учбурчаги, думба бурмасини жойлашуви, умуртқа дўмбоқ ўсиғини вертикал ҳолати, умуртқанинг физиологик бурилишлари, ҳамда қўл-оёқларнинг бир хил узунлиги ва оёқ панжасини бир хил ҳолатидир.

Умуртқа поғонасида ҳаракатли ва ҳаракатсиз бўлимлар фарқланади. Бўйин қисми 7 умуртқа суягидан ва кўкрак 12 умуртқа ҳамда бел 5 умуртқа суягидан иборат – булар ҳаракатли бўлимдир. Думғаза эса ҳаракатсиз қисмдир.

Янги туғилган чақалоқнинг умуртқа поғонаси тўппа-тўғри ҳолатда бўлади. Ўсиш ва ривожланиш жараёнида унинг қисмларида физиологик эгрилик ҳосил бўлади. Чақалоқнинг мушак тизими ривожланиши билан у бошини тутиб тура олади. Натижада умуртқа поғонасини бўйин қисмида физиологик эгриликнинг қабариқ ёйи олдинга қараган бўлади. Қачонки, бола ўтиришни ўрганганидан кейин умуртқасининг кўкрак соҳасида эгрилик ҳосил бўлади. Бу ёйнинг қабариқ ёйи эса орқага қараб шаклланади. Аста-секин бел соҳасида ҳам қабариқ ёй ҳосил бўлиб у олдинга қараган бўлади. Физиологик эгрилик 6-7 ёшларга бориб аниқ фарқланади. Умуман суякларнинг ўсиши 18-20 ёшларга бориб тўхтайди ва ҳамма физиологик эгриликлар бу вақтга келиб силлиқланади. Чунки, инсоннинг мушак ва бойлам бирикмалари, тоғай соҳаси қаватлари жуда ҳам ҳаракатчан ва эгилувчан ҳолатга етади. Энг муҳими умуртқа поғонасининг яхши ривожланишига нормал шароит яратиш, кишининг чиройли келишган қадди-қоматга эга бўлишига сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  Гўдакларда камқонликнинг кечиши

Умуртқа поғонаси физиологик эгриликларининг нотўғри ривожланиши натижасида боланинг, қадди-қомати қийшиқ бўлиб қолади. Унинг соғлом ўсишига таъсир этади. Физиологик эгриликлар умуртқа поғонасини эгилувчан хусусиятларини оширади ҳамда одамнинг ички аъзоларини ташқи муҳит шикастланишларидан асрайди.

Қоматнинг орқа соҳаси нуқсонларидан юмалоқ-бел тури мавжуд. Бу тур боланинг тез ривожланиши пайтида мушак-бойлам тизимининг кучсизлиги натижасида кузатилади. Гавданинг орқа қисмида кўкрак соҳасида умуртқа текис ҳолда кўринади. Курак қанотсимон шаклда, елка соҳаси осилган, бош олдинга эгилган, қорин эса олдинга чиққан ҳолатда кўринади. (Қорин мушагини яхши ривожланмаганлиги туфайли қорин атопияси вужудга келади). Бундай нуқсонлар кўпинча 9-13 ёшли қиз болаларда учрайди.

Қадди-қоматнинг орқа соҳаси текис-бел тури фарқланади. Бу тур нуқсонда умуртқанинг ҳамма физиологик эгриликлари силлиқ, текис бўлади ва умуртқанинг эгилувчанлик хусусияти камайишига сабаб бўлади.

Яна қадди-қоматнинг орқа соҳасида юмолоқ-букилган тури мавжуд бўлиб, бунда ҳамма физиологик эгриликлар янада кўпроқ эгилади. Қадди-қоматнинг текис-букилган бел тури мавжуд бўлиб, бунда фақат бел соҳасида букилиш кўпроқ бўлиб, кўкрак ва бўйин соҳаси эгриликлари текисланади.

Умуртқа поғонаси ва кўкрак қафасидаги бу нуқсонлар бир бутун организмнинг функцияларини бузилиши ҳисобланади. Бундай нуқсонли болалар, ўқувчилар паришонхотир, ланж, асаби бўшроқ, жаҳлдор бўлишади. Улар бронхит, ўпка яллиғланиши ва сил касалига берилувчанлиги кузатилган.

Баъзан тўғри нормал ривожланган болаларнинг умуртқа поғонасида у ёки бу ён тарафга қийшайиш ҳолати учрайди бу сколиоз дейилади. Бу ҳақида кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталиб ўтамиз.

Қадди-қоматнинг бузилишларига олиб келувчи омиллар талайгина. Рахит, камқонлик , сурункали нафас йўлларини яллиғланиши, юқумли инфекцион касалликлар шулар жумласидандир.

Болаларни соғлиғи ва қадди-қоматини бузилишларида энг аввало яхши овқатланмаслик, очиқ ҳавода сайр қилмаслик, етарли ухламаслик, сув спортлари, гимнастика билан шуғулланмаслик, мактабда парталарнинг болаларга мос келмаслиги ҳамда оғир сумка кўтариш бундай нуқсонларни ривожланишига олиб келади.

Сколиоз касаллиги 7 ёшдан 15 ёшгача учрайди. Бу касалликнинг профилактикаси болаларнинг қадди-қоматини тўғри шаклланишга эътибор қаратиш ҳамда унинг етишмовчилик ва нуқсонларини малакали даволашдан иборат. Болаларни 6 ойгача ўтиргизмаслик ва ундан кейинги вақтга келиб ўзи ўтирмагунча кутиш кераклигини ота – она унутмаслиги керак, 3 ойликдан бошлаб болани тез-тез қоринга ётқизиш мақсадга мувофиқдир. 9 ойгача болани оёққа қўйишга шошилмаслик тавсия этилади.

Яна ўқинг:  Эндопротезлаш амалиёти: реабилитация даврида нималар тақиқланади?

Гўдакларга 6 ойдан 1,5 ёшгача бўлган даврда хамир овқатларни бермаслик керак. 6 ойгача она сути, мевалар шарбати, полиз маҳсулотларидан қайнатма бўтқа тайёрлаб бериш, ёғсиз гўшт ва балиқлардан қайнатмалар бериш мумкин. Булар ҳаммаси ўсаётган организмни керакли минераль тузлар ва витаминлар миқдори билан таъминлайди.

Боланинг қадди-қоматнинг профилактикаси учун албатта 2-3 ёшдан бошлаб комплекс гимнастика машқларига эътибор бериш керак. Уларга 3 ёшдан бошлаб чана ёки чанғи учишни ўргатиш зарур.

Энг асосийси болаларнинг пойабзалига эътибор қаратиш керак. Оёқ кийимлари катта ҳам кичик ҳам бўлмаслиги шарт. Агар ясси оёқлик мавжуд бўлса, албатта махсус патак – супинатор билан пойабзал кийиш тавсия этилади.

Саҳифани Сирожиддин ШОНАЗАРОВ тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: