Спорт кийимлари топширилди
Пойтахтимиздаги 38-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортчи қизларга Президентимиз совғаси – спорт кийимларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Замонавий спорт иншоотлари, мусиқа ва санъат мактаблари қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, уларни зарур ускуналар билан жиҳозлаш, ёш иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самараларини бермоқда.
Бу борадаги эзгу ишлар изчил давом эттирилмоқда. Қизлар учун юқори сифатли, миллий ва замонавий услублар уйғунлашган спорт кийимлари тайёрлаш йўлга қўйилгани уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан пойтахтимиздаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган 13 минг 333 нафар қизларга ана шундай спорт кийимлари топшириш тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Тадбирда пойтахтимизнинг барча туманларидан келган 150 дан зиёд қизга ана шундай спорт кийимлари тақдим этилди.
Тадбирда спортчи ёшларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
В.ПЎЛАТОВА