“Камалак” сардорлари анжумани: 600 дан зиёд ўғил-қиз тенгдошлари билан тажриба алмашишди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Камалак” болалар ташкилоти сардорларининг XVI республика анжумани бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, истеъдод ва имкониятларини кенг намоён этиши учун замонавий шароитлар яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётир.

“Камалак” болалар ташкилоти томонидан ташкил этилган анжуман ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Бир ҳафта давом этган тадбирда ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Сардорларнинг билим ва кўникмасини ошириш, илғор тажрибаларни, ўқувчи-ёшларнинг ижодий-илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаоллигини юксалтиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди.

– Ёшларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, истеъдод ва салоҳиятини ривожлантириши ва намоён этиши учун замонавий шароит яратиш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир, – дейди Республика “Камалак” болалар ташкилоти раиси Муроджон Зуфаров. – Бундай тадбирлар ёш истеъдодларни излаб топиш, уларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш ва қўллаб-қувватлаш, болаларда ташаббускорлик кўникмасини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Анжуманда юртимизнинг барча ҳудудларидан келган 600 дан зиёд ўғил-қиз тенгдошлари билан тажриба алмашиш билан бирга, мароқли ҳордиқ чиқариш имкониятига ҳам эга бўлди. Бу йилги анжуманда аввалгиларидан фарқли равишда 193 нафар маҳаллий “Камалак” болалар ташкилоти ва 14 нафар ҳудудий болалар ташкилоти раислари ҳам иштирок этди. Бу сардорлар ва болалар ташкилотлари раислари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир доирасида сардорлар ва маҳаллий “Камалак” болалар ташкилотлари раислари учун “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати қошидаги “Ўқув-услубий марказ” нодавлат таълим муассасаси томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. “Низолар ва уларни ҳал этишнинг психологик усуллари”, “Сардор фаолиятида нотиқлик маҳорати”, “Сардор ва сардорлик хусусиятлари”, “Қарорлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш хусусиятлари”, “Оммавий тадбирларни ташкил этиш” мавзуларида ўтказилган машғулотларда болалар ташкилотлари раислари ва сардорларнинг билимини, амалий кўникмаларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Анжуман менда катта таассурот қолдирди, – дейди Қарши шаҳридаги 4-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Севинч Ҳамроева. – Мушоира кечасида Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Сайиднинг Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб ёзган марсиясини ёддан айтиб бердим. Шеъриятга жуда қизиқаман. Бўш вақтимда кўпроқ шеърий китоблар ўқийман. Ўзим ҳам шеър машқ қилиб тураман. Мактабимизда пухта билим олишимиз учун барча шароит яратилган.

Иштирокчилар учун “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”, “Соғлом турмуш тарзи”, “Ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турган болалар билан ишлашнинг психологик асослари”, “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция”, «Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти”, «Болалар ташкилотининг қуйи тизимлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларни ташкил этишнинг самарали усуллари” мавзуларида машғулотлар ўтказилди.

“Энг намунали ҳудудий сардорлар кенгаши” кўрик-танловининг финал босқичида Сардорлар кенгаши аъзолари “Бу бизнинг фаолият”, “Бизнинг имкониятларимиз” ва “Интеллектуал ринг” деб номланган шартларда ўз билимини синовдан ўтказди.

Яна ўқинг:  Соғлиқни сақлаш вазири йилига икки марта парламентда ахборот беради

Анжуман якунида лойиҳа ва танловлар ғолиблари ҳамда фаол ёшлар муносиб тақдирланди. Театр гуруҳлари ва таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги гала-концерт тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Ўлмас БАРОТОВ,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: