АНТИБИОТИКЛАР ДАВРИ

У яна қанча давом этади?

Тирик табиатда кенг тарқалган ажойиб моддалар – антибиотиклар мавжуд. Улар кимёвий бирикмалар бўлиб, микроорганизмлар ўсишини тўхтатиш ва ҳатто нобуд қилиш хусусиятига эгадир.

Кўпгина антибиотиклар оддий тузилган ўсимликлардан олинган. Ҳатто, улар микро­организмларда ҳам учрайди. Шунингдек, бу моддалар қаторига юқори даражада тузилган ўсимликлар фитонцидлари ҳам киритилди. Антибиотикларни мутахассислар жонзотлардан олинган бирикмаларда ҳам қайд этишган. Балиқ аъзоларидан олинган экмолин, тропик чумолиларида аниқланган иридомирмецин каби ва ҳоказолар.

Шунга қарамай унча узоқ бўлмаган вақтдан бери антибиотиклар инсонларга хизмат килишни бошлади.

Ўтган асрнинг 20-йилларида Лондон шифохоналарининг бирида тадқиқотчи Александр Флеминг ишлаган эди. У биологик дарслик учун стрептококклар ҳақида мақола ёзиш мақсадида агар – агар номли озиқли муҳитга стрептококклар колониялари билан бирга тажриба учун махсус микроорганизмлар колониясини ҳам қуйди. Тушунарсиз ҳодиса сабабли яъни, микроскопик замбуруғлар туфайли бактерияларнинг тоза колониясини ўстиришнинг иложи бўлмасди. Кўп маротаба Петри идишининг қопқоғини очганида А. Флеминг стрептококклар колонияларини ҳамма ерни эгаллаб олган замбуруғлар ифлослантирганини афсусланиб кузатарди.

Бир куни Флеминг идишни кўздан кечира туриб стрептококлар колониясининг ўсишига халақит бераётган замбуруғлар уларни бутунлай эритиб юборганини кузатди. Муқаддас Мария касалхонаси лабораториясига тақдир тақозоси билан кириб қолган бу сирли моғор ўзидан ажойиб модда ишлаб чиқарар эди.

Кундалик иш жараёнида олим бактерияларнинг ўзаро ва бактериялар билан замбуруғларнинг ҳаёт учун кураш жараёнида яна ўзаро яшаш майдонларини эгаллаганини кузатган. Лекин замбуруғларнинг бактериялар устидан бу даражада устунлигини биринчи бор кўриши эди. Бу қандай замбуруғ экан-а?

Замбуруғнинг турини аниқлаш анчагина мураккаб масала эди. Уни аввал олим “пенициллюм хризогенум” деб атади. Сўнг бу “пенициллюм рубрум” деган хулосага келди. Ниҳоят, у “пенициллюм нотатум” деган тўхтамга келди.

1929 йил А. Флеминг ўзининг ноёб кашфиёти ҳақида мақола нашр этди. 1936 йилда бўлиб ўтган микробиологларнинг II халқаро конгрессида пенициллин ҳақида кашфиётчи маъруза қилди. Лекин шифокор ва биологлар унга қизиқиш билдиришмади. Шунга қарамай олим Оксфорд институти патология кафедраси профессори Говард Флори ва биокимёгар Эрнст Чейнлар билан биргаликда кичик гуруҳ бўлиб касалликларга қарши курашишда давом этди.

Яна ўқинг:  Тез толиқиш юрак хасталигидан дарак

Чейн замбуруғдан антибиотик моддасини ажратиб олишда баъзи муаммоларга дуч келди. Хусусан, Чейн антибиотикларни фермент деб ўйлаб уни ажратиб олишда парчаланиб кетишдан сақлаш учун қиздиришдан фойдаланилмайдиган усулларни топишига тўғри келди. Бунда унга биотехнологиядан олган билими қўл келди.

Ажратиб олинган антибиотикни Говард Флори лабораторияда синаб кўрди ва натижалар ҳаммани лол қолдирди. Бу сабр-­тоқат, матонат ва тиришқоқлик ғалабаси бўлибгина қолмай, тиббиётнинг касаллик чақирувчи кўзга кўринмас майда микроорганизмлар устидан эришган муваффақияти ҳам эди.

Деярли бир аср давомида антибиотиклар турли хил хасталикларни енгишга ёрдам бериб келмоқда. Ҳозир ҳам бу дори воситалари ўз хусусиятини йўқотмадими?

Англиялик шифокор Салли Девис мамлакатнинг Парламент комиссияси олдидаги маърузасида келажакда оддий жарроҳлик аралашуви ҳам ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин деб огоҳлантирди. Чунки, бактериялар кўпгина дори воситаларига нисбатан иммунитет ҳосил қилмоқда. Салли Девис кенг кўламли муаммо тўғрисида қуйидагича фикр билдириб, “Дунё бўйича ҳароратнинг кўтарилиши инсоният учун асосий хавф эмасга ўхшайди” деган сўзни айтди. Масалан, ўтган асрнинг 20–йилларидан олдин оддий жарроҳлик муолажаларидан кейин юзага келадиган иккиламчи яллиғланишларнинг олдини оладиган антибиотиклар бўлмаганлиги туфайли кўпгина беморлар хасталик асоратларидан вафот этишган.

Антибиотикларнинг кашф этилиши ва амалиётга қўлланилиши тиббиётнинг энг илғор ютуқларидан бўлди. Лекин бактериялар тез кўпайганлиги ва антибиотикларга мосланувчанлиги туфайли ушбу замонавий дори воситаларининг йилдан йилга таъсири йўқолмоқда. Олимлар бу муаммодан хавотир олмоқда.

Жаҳон соғлиқнии сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, агар тезкор амалий чора-тадбирлар қўлланилмаса, антибиотиклар даврига якун ясалиши мумкин. Ҳозирги кунда ичак бактерияси бўлмиш E. coli ва сил таёқчаларини антибиотикка чидамли штаммлари борлиги ҳақида маълумотлар бор. Метициллин резистент (чидамли) стафилококнинг турига ҳам кўп шифокорлар дуч келмоқда. Ҳар хил сабаб­лар билан чет элларга сафарга чиққан инсонлар турли мамлакатларда бактерияларнинг антибиотикларга чидамли штаммлари билан касалланиб қайт­моқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, “бу муаммо антибиотикларни давомли ва нотўғри қўлланилиши натижасида юзага келмоқда”. Биз ўзимиз организмимизда яшовчи бактериялардан антибиотикларга чидамли штаммларини етиштирмоқдамиз” дейишмоқда тадқиқотчилар.

Синтетик антибиотиклар ўзининг таъсир кучини йўқотиб бораётганлигига қарамай табиатда ҳар бир муаммога жавоб бор. Лабораторияларда антибиотикларнинг янги турларини кашф этиш долзарб­лиги ўз кучида қолмоқда.

Яна ўқинг:  ЯНГИ ТУРДАГИ ТИШ ПЛОМБАСИ

SHU O‘RINDA

Антибиотиклар вирусларга қарши таъсирга эга эмас. Яъни улар А, В, С гепатитлар, герпес (учуқ), қизилча, сувчечак каби касаллик­ларни енга олмайди. Баъзи антибиотиклар онкологик касаллик­ларда қўлланилади.

Ҳилола ПРИМУҲАМЕДОВА,

Тошкент фармацевтика институти ассистенти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: