Шогирдлар камоли устоз умрининг мазмунидир

Бахт севинч кўйлагини кийган, кун қадим Бухорода Шариф ака ва Саломат опа хонадонида чақалоқ дунёга келди. Оила улуғлари гўдакка Юнус деб исм қўйишди. Униб-ўсиб эл корига ярасин, дея дуо қилишди. Шу болакай ҳозирда қутлуғ саксон ёш асрафасида.

Ноёб овоз соҳиби Юнус Тўраев айни пайтда юзлаб талабаларга ижро сирларидан сабоқ бермоқда.

Ўзбекистон давлат консерваторияси эстрада хонандалиги кафедраси ўқитувчиси, доцент, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юнус Тўраев билан босиб ўтаётган умр йўллари, ёш авлод тарбиясида устознинг ўрни, дилтортар оҳанглар ижроси, соз ва овоз хусусида суҳбатлашдик.

– Отам ва онам санъатга ихлосманд инсонлар бўлишган. Айниқса, тоғам Азимжон Қозоқовнинг халқ қўшиқлари, достонларини куйлаб эл оғзига тушгани менинг ҳам юрагимда ижрочилик ва мусиқага ҳавас уйғотганди, – дейди Юнус ака болалик даврларни хотирлаб. – Гарчи болалигим Иккинчи Жаҳон уруши йилларига тўғри келган бўлсада, машҳур опера қўшиқчилари Энрико Карузо, Сергей Лемешев, Иван Козловский, Муҳиддин Қори-Ёқубов, Маъмуржон Узоқовларнинг қўшиқларини тинимсиз эшитардим. Қалбимдаги санъатга бўлган иштиёқни англаган ота-онам мени мактабдаги хор жамоасига топширишди. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида хор жамоаларида қўшиқ айтиш, кўпчилик ҳаваскорларнинг бу ерда ўз мусиқий маҳоратларини синаб кўриш ҳолатлари анча одат тусига кирган эди. Хор жамоасида устозларимдан овоздан тўла фойдаланиш, уни мусиқага мос тарзда уйғунлаштира олиш сир-асрорларини ўргана бошладим. Кейинчалик Бухоро мусиқа билим юртида олган билимларим Ўзбекистон давлат консерваториясидаги ўқишимга ва ижодимга тамал тоши бўлди.

Бир куни устоз санъаткор Мутаваккил Бурҳонов ёнига таниқли кино арбоби санъаткор Малик Қаюмов келиб, тасвирга олинаётган янги фильми учун бир яхши қўшиқ кераклигини айтибди. (Ҳар иккаласининг ҳам охиратлари обод бўлсин). Орадан бир неча кун ўтиб буюртмадан хабар олиш учун келган Малик ака тайёр қўшиқни кўриб хурсанд бўлибди. Азбаройи шодланганидан энди буни ким ижро этиши билан қизиқади. Шунда Мутаваккил Бурҳонов бу қўшиқни Юнус Тўраев ижро этади дея юксак ишонч билдирган экан. Таниқли устозлар назарига тушганимдан шодланиб “Гул диёрим” қўшиғини юрак-юрагимдан, шундай улуғвор юрт фарзанди эканимдан шодланиб куйлаган эдим. Консерваторияда ўқиган йилларим давомида эстрада йўналиши билан бир қаторда опера қўшиқларини ҳам мукаммал ижро этишга интилдим.

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар (2015-49)

Йиллар йилларни қувиб ўтарди. Устозларимдан олган сабоқларимни эса ёшларга ўргатиб чарчамасдим. 1974 йилдан В. Успенский номидаги республика мусиқа академик лицейида (собиқ Ҳамза номидаги) академик ижро йўналишидан дарс бера бошладим. Кейинчалик Эстрада-цирк коллежининг вокаль бўлими мудири сифатида фаолиятимни давом эттирдим. 1998 йилдан эса Ўзбекистон давлат консерваториясининг эстрада хонандалик кафедрасида талабаларга яккахон ижрочиликдан сабоқ бериб келмоқдаман. Ёшлар бизнинг учқур қанотимиз. Уларнинг интилишларини кўриб эртанги кун эгаларининг орзулари нечоғли улуғвор эканини ҳис этаман. Ўқитувчининг зиммасига нафақат ёшларга билим бериш, балки уларга ҳар томонлама ўрнак бўлишдек юксак масъулият юкланган. Одамийлик, одоб-ахлоқ, кийиниш, муомала маданияти каби инсоний муносабатларни ёшлар онгига сингдириш учун, аввало, устознинг ўзи шу фазилатлар эгаси бўлиши лозим. Ҳар бир янгилик ортидан яна бир муваффақият келишига ишонган муаллим ҳамиша унга интилади. Санъат соҳаси шундай чўққики унга югуриб эмас, балки аста-секин одимлаб чиқилади. Санъатсевар халқимиз дилга хуш ёқувчи қўшиқлар шайдоси. Бундай қўшиқлар фақат ва фақат кўнгилдан яратилади, холос.

Мустақиллик йилларида Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган юзлаб мусиқа ва санъат мактабларида таҳсил олаётган қўшиқсевар болажонларимиз келгусида ана шундай куй-қўшиқлар яратишига ишонаман. Чунки, олий ўқув юртларида ўқиш истагида бўлган йигит-қизлар куй ва қўшиқ борасидаги дастлабки кўникмаларини ушбу билим масканларида ўрганишади. Соз ва овоз ижроси ҳам қўша-қўша билимни талаб этади.

Ҳа, Юнус Тўраев “оғирнинг остидан, енгилнинг устидан юрадиганлар” тоифасидан йироқ, фидойи санъат жонкуярларидан бири. Устознинг теграси ҳамиша ёшлар билан гавжум. У муҳташам “Туркистон” саройида бўлиб ўтган “Марду майдон” номли қўшиқлар фестивалида иштирок этган шогирдларининг камолидан кўнгли тўлиб, дилдан қувонади. Яна кўплаб нуфузли кўрик-танловларларда талабаларининг номи элга танилаётганидан мамнун. Замон ёшларники, дегани шу бўлса керак.

– Ҳар бир касбнинг ўзига хос қийинчиликлари бор. Ана шу қийинчиликларни ҳалол меҳнат эвазига мардонавор енгиб эришилган муваффақиятгина бахт сари етаклар экан. Бахтим бир-биримизга кўнгил қўйиб турмуш қурган севимли рафиқам Светланахон билан тўрт ўғил ва бир қизни эл корига ярайдиган қилиб вояга етказганимиз.

Дарҳақиқат, бугун Юнус Тўраевнинг босиб ўтган умр йўлларига кўпчилик ҳавас қилса арзийди. Устознинг чоп этилган кўплаб мусиқий ўқув қўлланмалари ёшлар учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда.

Яна ўқинг:  ИНСОНИЙЛИК – АЗИЗ НЕЪМАТ

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: