Билимнинг аввали – тил
Мамлакатимиз умумтаълим тизимида ҳар бир ойнинг маълум фанга бағишланиши ўқувчиларнинг таълим ва тарбиясига, уларнинг иқтидорини юксалтиришга самарали таъсир кўрсатиб келмоқда. Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, дарсларнинг замонавий педагогика-технологиялари асосида олиб борилиши ҳам соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Тошкент шаҳрининг Сирғали туманидаги 300-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ўзбек тили ва адабиётга бағишланган фан ойлигининг якуний тадбирлари бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида ижодий ишлар кўргазмаси, педагоглар учун очиқ дарслар ташкил этилди.
Байрамона безатилган мактаб айвонида “Ёш ижодкорлар” тўгараги аъзоларининг мўйқалам машқлари ўзгача завқ бағишлайди. Суратларни кузатар экансиз, ёшлар қалбидаги она Ватанга, оилага, табиатга бўлган меҳр-муҳаббатни ҳис қиласиз.
Мактабнинг “Зулфияхоним” ва “Ораста қизлар” тўгараклари фаоллари ўз ижод намуналари, фаолиятлари ҳақида суҳбатлашмоқдалар. Шунингдек, юртимизда етиштирилаётган табиат неъматлари-сабзавот ва полиз маҳсулотларидан тайёрланган карвинг санъати асосида яратилган, кўргазмага қўйилган экспонатларда “Тилга эътибор – элга эътибор”, “Она тилим-жону дилим”, “Тил билган эл билади” каби ўзбек халқ мақоллари ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга бағишланган деворий газеталарда мазмунли ифода этилган. 4-моддада шундай сўзлар қайд этилган: “Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит ҳамда унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланади, бу тилларни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилади” деб қатъий белгиланган.
Кўргазма мазкур ўқув муассасаси ўқувчи-ёшларнинг саъй-ҳаракати билан ташкил этилган. Унда мамлакатимиз Президентининг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган сўзлари ифода этилганига гувоҳ бўласиз.
– Сирғали туманида 24 та умумтаълим мактаби фаолият олиб боради. Улар орасида 300-мактаб ҳар томонлама намунали билим даргоҳи ҳисобланади. Чунки, бу маскан иқтидорли, билимга чанқоқ, санъатга шайдо ўқувчилари кўплиги билан ажралиб туради. Улар орасида турли фан олимпиадалари ҳамда, “Билимлар беллашуви” ғолиблари бор. Спортнинг турли йўналишларида шаҳар ва республика чемпионлари етишиб чиққан. Бунинг замирида эса узоқ йиллардан бери шу мактабга раҳбарлик қилиб келаётган тажрибали ва ташаббускор педагог, педогогика фанлари номзоди Насиба Камолованинг ҳамда ўз ишига масъулиятли педагоглар жамоасининг меҳнати мужассам, – дейди Сирғали туман Халқ таълими муассасаларини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича услубчиси Нурхон Назарова.
Учта шўъбада ўтилган намунали ўзбек тили ва адабиёти дарслари Сирғали туманидаги барча мактабнинг тил ва адабиёт ўқитувчилари томонидан кузатиб борилди. Адабиёт ўқитувчиси Маҳлиё Атаева италия ёзувчиси Ж. Родарининг “Ҳуришни эплолмаган кучукча” эртаги асосида, ўзбек тили ўқитувчиси Зубайра Аринова “Равишларда даража” мавзусида ҳамда Сайёра Асатуллаева 5-синф ўқувчиларига “Мусобақа дарси”ларини замонавий ўқув методик қўлланмалар, мультимедия асосида ўтишди. Айниқса, Сайёра Асатуллаеванинг рус синфида ўтган ўзбек тили дарси мутахассисисларда қизиқиш уйғотди.
– Бундай интерфаол усулда ҳамда компьютер технологиялари асосида ўтилаётган ҳар бир дарс жараёни ўқувчилар ўртасида ўзаро беллашувга айланиб кетади. Педагоглар жамоаси ҳар бир ўтиладиган дарсни қайта-қайта ўз устида ишлаш билан, мавзуга оид янгиликларни ўрганган ҳолда ўтишга ҳаракат қилишмоқда, – дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Малика Абдуллаева.
3 минг 335 нафар ўқувчи таълим оладиган ушбу масканда дарслар рус ва ўзбек тилларида олиб борилади. Болаларни ҳар томонлама билимли, зукко, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб вояга етишларида 147 нафар педагог-ходим ўз билим ва тажрибаларини аямайдилар.
Ўқувчилар давлат тили масаласи мустақиллик тушунчаларидан бири эканлиги, шу давлатда истиқомат қиладиган бошқа миллат вакилларининг ҳам давлат тилини ҳурмат қилиши, ушбу тилда равон сўзлашни ўрганиши унга бўлган ҳурмат белгиси экани ҳақида ўз фикрларини билдирдилар. Айниқса, рус синфи ўқувчиларининг ўзбек тилида ижро этган шеър ва қўшиқлари, рақслари кечага файз бағишлади.
Мактаб директори тадбир якунида болалар ижодини чиройли изоҳлаб ўқувчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди – “Тил қадимий бўлса, эл қадимий бўлади. Тил юксалса эл юксалади. Она Ватан, она тили, она диёр, хуллас жамики азиз нарсалар онага қиёс этилади.
– Физика, математика фанларига ушбу таълим муассасаси ўқувчилари “Билимлар беллашуви”да совриндор ўринларни эгаллаб келиши бежиз эмас. Мактабдаги 96 та синфнинг 41 таси ихтисослашган синфлар ҳисобланади. Бугунги кунда фаолият олиб бораётган тўгараклар орасида “Зулфияхоним”, “Ораста қизлар”, “Драма”, “Ёш ижодкорлар” тўгараклари аъзоларини мактабда ўтказиладиган барча тадбирларнинг мазмунли ҳамда қизиқарли ўтишига муносиб ҳиссалари бор. Мазкур билим маскани “Гулистон” маҳалласида жойлашгани бизнинг ютуғимиз. Маҳалламиз тадбирларида ҳам улар фаол қатнашадилар. Оила-маҳалла ва мактаб ҳамкорлигини яхши йўлга қўйилганлиги боис ўқувчилар орасида давомат сифати ошяпти, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоира Абдурасулова.
Ҳа, бугун юртимизда истиқомат қилаётган ўзбеклар каби турли миллатга мансуб фуқаролар ўз она тилларини мукаммал билган ҳолда байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз, Конститутциямиз каби муқаддас тимсолларимиз қаторида ўзбек тилига ҳам садоқат ва эҳтиром кўрсатмоқда. Бу эҳтиром замирида миллий қадрият ва анъаналаримизни улуғлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга садоқат, ўзлиги ва дунёқарашини намоён этувчи она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсади мужассам.
Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири