Гўдак чеҳрасида бахт туғилади

Янги туғилган чақалоқ ҳали митти бўлишига қарамай ёруғ оламни ўзининг жажжи тафаккури ила кашф этади. Ҳаётнинг илк кунидаёқ онасини билади. Бир ойлик бўлмасиданоқ, ота-онасини сўзларидан, қўлларидан бири-бирини фарқлай олади, йиғи ва кулгунинг мазмун-моҳиятини фаҳмлайди. Тажрибали педиатр-шифокор Зайнаб опа шу ҳақида ўйлар экан ҳар сафар чақалоқни қўлига олганда гўдакнинг беғубор дийдорига боқиб тўймайди. Ундан таралаётган ёқимли бўйдан қалби ҳузурланади. Эҳтимол шунинг учундир шифокор аёл ҳар тонг туғруқхонага йўл олар экан гўдакларнинг ҳолати ва уларнинг саломатлиги борасида мушоҳада қилиб келади.

Бухоро вилояти Пешку тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуасидаги чақалоқлар бўлимида катта ҳамшира лавозимида ишлаб келаётган Зайнаб опа Нурова ўз касбининг ҳадисини олган тажрибали аёл. Илк дунёга келган чақалоқни парвариш қилиш, унга биринчи ёрдам кўрсатиш, бу пайтда гўдакларда учрайдиган турли хил касалликларнинг олдини олиш борасида у кўп йиллик тажрибага эга. Зайнаб опа Нурова 35 йилдан ортиқ умрини ана шу гўшага бахшида этган. У билан яқиндан танишар экансиз ҳамиша меҳнат фаолиятида банд учратасиз. Гоҳ бўлимидаги ҳамширалар билан чақалоқларнинг умумий аҳволи хусусида суҳбатлашади, гоҳ гўдакларнинг ҳолидан хабардор бўлиш мақсадида бирма-бир хоналарга кириб уларни кўздан кечиради. Баъзан эса эринмай ёш оналарга гўдак парвариши, овқатлантириш тартиби, уларда учрайдиган хасталиклар ҳамда даво чоралари хусусида тушунтиришлар олиб боради.

Боланинг келажакда дуркун бўлиб вояга етишида унинг чилла давридаги парвариши муҳим саналади. Зеро, қадим-қадимдан момоларимиз ҳам чақалоқнинг ва янги бўшанган онанинг чилла даврига жиддий эътибор қаратишган. Аёл гўдак парвариш қилиш малакасини илк бора туғруқхонадаги доялардан, педиатр-шифокорлардан, ҳамширалардан олади. Бунда эса ўз-ўзидан эзгу касб эгалари тажрибаси яққол кўзга ташланади. Ўз касбининг масъулиятини чуқур ҳис этган Зайнаб опа ўзига нисбатан ниҳоятда талабчан. У доимо соҳага доир янгиликлардан бохабар бўлишга интилади, изланади. Бу борада тез-тез тиббий адабиётларга мурожаат қилади. Ҳамкасбларидан, шогирдларидан ўрганаётганлари ҳам йўқ эмас. Унинг наздида шифокор иш фаолиятини ўқимасдан, ўрганмасдан, такрорламасдан бошламаслик мумкин эмас. Зеро, ўртада инсон тақдири бор. Сўзларида самимийлик, нигоҳларида меҳр балқиб турган аёл унга мурожаат қилган ҳар бир инсонни эътиборсиз қолдирмайди. Имкон топди дегунча ёрдамга ошиқади, қимматли маслаҳатларини аямайди. Зайнаб опа Нурова кунлик меҳнат фаолиятини олдиндан қатъий тартиб билан белгилаб олади. Ўз ишида ҳалоллик, ва меҳнатига сидқидилдан ёндашиб иш кўриш унинг ҳаётий мезонларидан бири саналади. Ҳамкасблари, эл-улусдан бу аёл ҳақида сўрасангиз унинг меҳрибон, самимий энг муҳими ўз меҳнатига қалб қўрини берган меҳнаткаш аёл, дея яхши сўзлар билан ҳурматлашади. Касбига умрини бахшида этган аёлнинг меҳнати муносиб баҳоланиб, жорий йилда II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди. Аммо камтарин аёл мукофотини сира пеш қилмайди. Бу ҳақда сўз очадиган бўлсак борми, “Барчаси жамоамизнинг, тиббиёт бирлашмамизнинг мукофоти-да”, – деб қўяди жилмайиб.

Яна ўқинг:  Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш – истиқболдаги вазифа

Президентимиз таклифи билан 2016 йил Соғлом она ва бола йили деб эълон қилиниши ҳам барча шифокорлар каби Зайнаб опа Нуровани ҳам беҳад қувонтирди. Бунга ўзининг муносиб жавобини айта олиш ниятида қалбида бугунги куннинг режаларини тузади. Шунингдек, аёлнинг қалбини яна хавотир, ғамхўрлик ҳисси эгаллаб олади. Бу кечинмалар ва хавотирлар ортидан касбга бўлган ҳурмат ва масъуллик ҳиссини ангалаш қийин эмас. Зеро, ўз касбига фидойи инсонларгина ана шу кечинмаларни юрагидан ўтказади ва улар ҳамиша эътироф ва эҳтиромга сазовордирлар.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: