Кичкинтой руҳияти ва унда “катта”ларнинг тутган ўрни

Бола ҳаётининг ҳар бир даври ўсиш, ривожланиш жиҳатидан ўзига хос хусусиятларга эга. Унинг айни шу даврида тана аъзолари фаолияти унинг асаб ва руҳияти билан ўзаро боғлиқ бўлади.

Шу боис фарзанднинг руҳий баркамол бўлиб шаклланишида оиланинг, таълим масканида психолог, тарбиячи-педагогларнинг роли жуда муҳим. Биз 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар руҳиятида кузатиладиган баъзи камчилик, муаммо ҳамда нуқсонлар, унинг олдини олиш ва бартараф қилиш чоралари ҳақида Юнусобод туманидаги 486-МТМ мудираси, психолог Умида Мавлонова билан суҳбатлашдик:

 

– Агар болада ўз тенгдошларига нисбатан салбий муносабатлар, нуқсонлар мавжуд бўлса, улар билан қандай тартибда иш олиб борилади?

Кичкинтойларнинг ён-атрофдагиларга нисбатан салбий муносабатдабўлиши унинг қандай муҳитда вояга етаётганига боғлиқ. Ҳар қандай бола шўх, тиниб-тинчимас, тақлидчи, ўз “мен”ига эга бўлади. Агар уларда шу нуқсонлар кузатилса, дарҳол унинг ота-онаси ва тарбиячи-педагоглар билан иш олиб борилади. Бунга ота-она кўмаклашмаса, нуқсонларни бартараф этиш қийин кечади. Шу боис улардаги ёмон хулқ ва нуқсонларни бартараф этиш учун ота-онага у билан қандай тарбия усулларини қўллаш кераклиги тушунтирилади ва болани психолог кўригига олиб бориш тавсия этилади. МТМ тарбияланувчиси билан тарбиячи-педагог алоҳида шуғулланиб, уни тенгқурлари билан тотувлик ва ҳамжиҳатликка ундаш, ибрат бўладиган самарали тарбиявий усулларини қўллаши лозим.

 

– Уларни уришиш ёки қўрқитиш билан унинг нуқсонларини бартараф этиш мумкинми ва уришқоқ болаларга қандай муносабатда бўлиш лозим?

– Уни ширин сўз, ширинлик ёки ўйинчоқ бериб алдаш, кўнглини олиш мумкин. Болага яхши ваъда бериш, уни турли ўйинчоқ ва ўйинлар билан чалғитиш, эртак ҳамда ибратли мақоллар айтиш билан ҳам тарбиялаш, руҳиятини забт этиш мумкин. Уларни уриш ёки қўрқитиш ёмон оқибатларга олиб келади.

Кунларнинг бирида кичик гуруҳимизга жажжи қизалоқ келди. Унинг феъл-атворида уришқоқлик, жанжалкашлик, нутқида нуқсони бор эди. У арзимас сабаблар билан ўртоқлари билан тортишар натижада тез-тез жанжал юзага келарди. Оқибатда тенгдошлари у билан ўйнамай, ажратиб қўйишди. Табиийки, қизалоқ ёлғизланиб, одамови бўлиб қолди. Бунинг сабаблари билан қизиққанимизда шу нарса маълум бўлдики, унинг оиласида меҳр-муҳаббат, тарбиянинг етишмаслиги, носоғлом муҳит унинг “мен”ида шу нуқсонлар пайдо бўлиши учун бош омил вазифасини ўтаган. У невропатолог кўригидан ўтказилиб, логапед билан мунтазам шуғулланди, натижада нуқсонлари бартараф этилди.

Яна ўқинг:  Алимент пули чет элга юбориладими?

Кичкинтойлар руҳиятини ўрганиш ва қалбини забт этишда қандай усулларни қўллашни таклиф этасиз?

– Бола руҳияти мураккаб ва ўзгарувчан. Уни ўрганиш учун дунёқарашини, истак ва интилиши, жажжи дунёсидаги кичик элементларгача илғаш ва ҳис этиш лозим. Агар биз улар қалби ва шуурига кира олсак, кенг тафаккурли, қобилиятли, интилувчан ёш авлод шакллантира оламиз. Тарбия масканида, аввало, боланинг интилиш ва қизиқиши, қобилиятига қараб ёндашиш талаб этилади. Масалан, серҳаракат болаларни кўпроқ ҳаракатли ўйинларга, меҳнат ва спортга жалб этиш, уларнинг ички энергиясини фойдали машғулотларга сарф этиш орқали яхши тарбияга эришиш мумкин.

Уларнинг бу даврда қизиқиши, изланувчанлик ва психологик ривожланиши юқори чўққида бўлади. Кичкинтойларга психологик тестлар, танлов ва мусобақалар ўтказиш муҳим ҳисобланади. Уларга “Севимли ўйинчоғим”, “Энг яхши дўстим”, “Менинг оилам” каби мавзуларда суратлар чиздириш, қоғоз, пластилин кабилардан буюм ва ўйинчоқлар ясаш мустақил изланиш ҳамда муносабатларга киришиш катта аҳамиятга эга.

Бугунги кунда тарбия масканларида иш олиб бораётган “Ёш оналар мактаби”да оила билан ҳамкорлик, “Очиқ эшиклар куни”да тарбиячи-педагог ва психолог ўртасида сўровнома, савол-жавоблар ўтказилиши, ота-она ва бола ўртасида тренинг машғулотлар ўтилиши бола руҳиятининг шаклланиши, уни англаш ва психологик томондан мукаммал ривожлантиришда самарали хизмат қилмоқда.

 

Марям АҲМЕДОВА

суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: