2016 йил – Соғлом она ва бола йили: БАРДАВОМ ЭЗГУ МАҚСАД САРИ

Маълумки, бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Ҳар қайси онгли инсон жондан азиз фарзандининг бахтини, камолини ўйлаб, ҳамиша эзгу орзу-интилишлар билан яшайди, ўз зурриёдининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлишини истайди.

Соғлом бола, соғлом авлод орзуси аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган, қон-қонимизга сингиб кетган азалий интилишдир. Агар ота-боболаримизнинг турмуш ва тафаккур тарзига назар солсак, улар инсоннинг насл-насабига, етти пуштининг тозалиги, авлоднинг соғлиғига жуда катта эътибор берганини кўрамиз.

Соғлом бола соғлом ва аҳил оиланинг меваси бўлиб, фақатгина соғлом онадан соғлом бола туғилади. Асрлар давомида ўз тасдиғини топган бу ҳақиқатни тушунтириб, изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан

Пойтахтлик Зулфия Раҳматулла­евага байрам қўш қувонч олиб келди. Ёш она “8 декабрь – Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституцияси куни”да илк қизалоқ фарзандини дунёга келтирди.

Фарзанд – оила қувончи, она – хонадон фариштаси. Уларнинг саломатлиги кўнглимизнинг хотиржамлиги, ҳаловатидир. Азалдан халқимиз боланинг дунёга келиши, унинг парвариши ва таълим-тарбиясига юксак эътибор қаратган. Ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, эл ишига камарбаста, ватанпарвар, жисмонан чиниққан ва маънан етук авлодни камол топтириш миллий менталитет ва умрбоқий қадриятларимизнинг асосини ташкил этади.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали йиғилишда Президент Ислом Каримов томонидан кириб келаётган 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили деб номланиши юртдошларимизни чексиз қувонтирди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мана йигирма икки йилдан буён оилалар фаровонлиги, турмуш хотиржамлигини таъминловчи энг улуғ восита – фарзанд саломатлиги ҳамда унинг камолотини таъминлаш мақсадида фаолият юритиб келаётир.

Мазкур йўналишда фонд томонидан турли хорижий давлатларнинг нуфузли ташкилотлари билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик лойиҳалари ҳам болалар саломатлигини тиклашда муҳим омил бўлмоқда. Шу билан бирга она ва бола саломатлигини асраш, ёшларни соғлом турмуш тарзига ошно қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ёшларни кашф қилиш ва уларга кўмак бериш йўналишларида ҳам кўплаб самарали ишларни амалга оширмоқда.

Яна ўқинг:  Юртимиз фарзандлари доимо соғлом бўлсин!

Болалар саломатлигини мус­таҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз нуфузли халқаро ташкилот – “Save the children” томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра дунёнинг 161 давлати ичида юқори ўнликдан жой эгаллади. Бу юксак натижа ниманинг маҳсули? Албатта, истиқлол йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини таъминлаш, айниқса, мамлакатимиз келажаги – ёш авлодни маънан ва жисмонан соғлом вояга етказиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар. Шунингдек, кишиларнинг дунёқараши ўзгаргани, фарзанд таълим-тарбиясига эътибор кучайгани, энг муҳими, оилаларда ота-онани бола олдидаги масъулиятининг ортганидир. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар болаларнинг соғлом ва баркамол улғайишига замин ҳозирлаётир. Бу борада “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида фонд томонидан ногиронлик, туғма ва ирсий хасталикларнинг олдини олиш мақсадида республика скрининг марказлари билан ҳамкорликда 100 минг 273 нафар янги туғилган чақалоқлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган ҳолатларда беморлар Республика Скрининг марказида бепул тиббий хизмат ва дори-дармонлар билан таъминланди.

Шу ўринда фонднинг тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси томонидан амалга оширилган ишларни айтиб ўтиш жоиз.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаатлари учунлигини бугун бутун дунё эътироф этмоқда. Болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар кўплаб хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш йўналишида йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам бунга мисол бўла олади.

Хусусан, Германиянинг “Friedens­dorf International”, Жанубий Кореянинг “Vision Care Servise” халқаро ташкилотлари, “Junior Chamber International – JCI” ва Ча университети қошидаги Пундан Ча госпитали ва кўплаб халқаро тиббий муассасалар билан болалар саломатлиги йўлидаги ҳамкорлик ишончли йўлга қўйилган ва бу эзгу анъана тусини олган. Бунинг натижасида “туғма юрак нуқсони”, “терининг куйишдан кейинги асоратлари” ва “лаб-танглай нуқсони” ташхиси қўйилган бемор болалар хорижий давлатларнинг тиббиёт муассасаларида саломатлик­ларини тиклаб қайтишмоқда.

Улар сафида мамлакатимизнинг олис ва яшаш ноқулай бўлган ҳудуд фарзандларининг борлиги юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмагани, ҳар бир боланинг тақдири, унинг келажаги давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг яққол далилидир.

Яна ўқинг:  Бекзод бобоси изидан бориб, келажакда етук санъаткор бўлмоқчи

“Тарихий хотирасиз келажак йўқ”. Президентимиз истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ олға сурган мазкур ғоя бугун ўзини том маънода оқлади. Ватанпарвар, оилапарвар, меҳр-мурувватли, эл ишига камарбаста авлодни камол топтириш эзгу мақсадга айланди. Кўпгина ташкилотлар қатори “Соғлом авлод учун” фонди ҳам бу борада хайрли ишларга бош-қош бўлаётир.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари учун кўнгилочар тадбирлар, мамлакатимизнинг тарихий обида ва қадамжолари, Самарқанд, Бухоро, Хоразм сингари бой маданий меросга эга шаҳарларга саёҳатлар ташкил этилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан болаларда Ватанимиз тарихи, улкан маданий ва маънавий меросимизга эҳтиром туйғуларини шакллантириш билан бир қаторда турли ёт ғояларга қарши мустаҳкам маънавий иммунитетни ҳосил қилишга ёрдам беради. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси билан ҳамкорликда тажрибали рассомлар ва ёш ижодкорларнинг турли бадиий кўргазмалари ташкил этиб келинмоқда. “Наврўз садолари”, “Камалак юлдузлари” кўрик-танловлари шулар жумласидандир. Мазкур танловларда ҳар йили минглаб иқтидор эгалари ўзининг истеъдодини синовдан ўтказади.

Қолаверса, фонд томонидан нафақат ижодга ҳавасманд, балки, илм-фан, спорт соҳаларида ҳам ўз маҳоратига эга ёшлар учун ҳам турли мусобақалар ташкил этиш анъана тусига кириб улгурган. Фонд томонидан 2015 йилнинг ўтган вақти давомида 523 та спорт тадбирлари ўтказилди.

Албатта, бугун мамлакатимизда улғайиб келаётган ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлоднинг шакл­ланишида оила муҳити, ота-­она саломатлиги муҳим аҳамият касб этади. “Ўзбекистон темир йўллари” АК билан ҳамкорликда ташкил этиладиган “Саломатлик” поездлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятининг экологик ноқулай ва чекка, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг тоғли ҳудудларига мурувват юклари олиб бориш, у ердаги аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш ва тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларга зарурий ёрдамларни кўрсатиш сингари вазифаларни бажариб келмоқда. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида фонд ва унинг ҳудудий филиаллари орқали мамлакатимизда аҳолининг кам таъминланган ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламига жами 795 дона ногиронлик аравачалари, 188 дона ортопедик маҳсулотлар, 7 дона махсус велосипед, 7 дона вело-аравачаларни хайрия сифатида тақдим этди.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва доимий назоратга олиш, уларнинг бепул витаминлар билан таъминлаш, юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида жойларда қишлоқ врачлик пуктларини барпо этиш ва замонавий тиббий ускуналар ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш юксак даражада амалга оширилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Она ва бола скрининг марказларининг фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, Перинатал марказлар ташкил этилди. Туғруқ комплексларида қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, замонавий тиббий жиҳозлар ўрнатилди.

Яна ўқинг:  Men vatan farzandiman!

2009-2013 йиллар мобайнида 227 та туғруқ муассасалари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Андижон, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида замонавий Перинатал марказлари ташкил этилди, қишлоқ жойларда 1,5 млн. нафардан ортиқ ҳомиладор аёллар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан поливитамин комплекслари билан таъминланди.

АҚШнинг “Resource and Policy Exchange” халқаро ташкилоти томонидан 2015 йилнинг 15 апрелида витаминлар билан бойитилган қуритилган сабзавот шўрваси кўринишида мурувват ёрдами келтирилди. Мазкур мурувват юки Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг тақсимотига кўра Қорақалпоғистон Республикасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига инсонпарварлик ёрдами сифатида жўнатилди. Ҳамда рес­публикамиздаги тиббий-ижтимоий муассасаларга, “Гўдаклар”, “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшаётган кекса ва ёлғиз, парваришга муҳтож қариялар учун тарқатилди.

2016 йил – Соғлом она ва бола йили мамлакатимизда оналик ва болалик муҳофазасини янги босқичга кўтаради. Хусусан, барча қатори бу йил “Соғлом авлод учун” халқаро хайри фонди зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Биз келгуси йилда ҳам юқоридаги тадбирларни давом эттирган ҳолда фаолият қамровини янада кенгайтириб, Ватанимиз учун ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш ишига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

SHU O‘RINDA

Жорий йилда респуб­лика миқёсида 110 минг 910 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Шулардан 55 минг 216 нафарини аёллар, 29 минг 657 нафарини болалар, 15 минг 363 нафарини ўсмирлар (шундан 12 минг 567 нафари ўсмир қизлар) ташкил қилган бўлса, тиббий текширувлардан ўтган эркаклар сони 11 минг 647 нафарга етди.

Светлана ИНАМОВА,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: