Элда ардоқли, оилада суюкли

Мамлакатимиз мус­тақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб ҳар бир соҳада бўлгани каби стоматология соҳасида ҳам самарали ислоҳотлар амалга оширилди. 1996 йилда халқаро стоматологлар кўргазмасида германиялик ҳамкасбларимиз томонидан яратилган тиш имплантанти (тиш вазифасини бажарувчи сунъий қозиқ)ни сотиб олдим. Унинг кўплаб қулай жиҳатлари мавжудлиги мени имплантант ясаш соҳасига қизиқтириб қўйди. Шундан сўнг кўп ўтмай Германиянинг “Фриатек” фирмасида бир ой мобайнида ўқиб имплантант мутахассислиги бўйича сертификат олиб қайтдим. Ва шу соҳада фаолиятимни бошладим, – дейди пойтахтдаги 4-стоматология поликлиникаси имплантант-стоматологи Абдуфаттоҳ Набиев.

Изланувчан шифокор Россиянинг Москва ҳамда Новосибирск шаҳарларида шу соҳа бўйича тажриба орттирди. Қўқонда жойлашган Республика имплантант ўрнатиш маркази А. Набиев учун ҳақиқий тажриба майдони бўлди.

– Болалик – инсон келажагининг пойдевори дейишади. Боланинг келажакда қайси касб эгаси бўлишини у қизиқадиган ўйинларига қараб ҳам илғаб олиш мумкин. Ана шу даврданоқ ота-она фарзандига эътиборли бўлиб, танлаган касбига тўғри йўналтира олса у келажакда етук мутахассис бўлиши шубҳасиз, – дейди шифокор.

Абдуфаттоҳ тўққиз ёшлигида тиши оғриб мактаб тиш шифокорига борди. Шифокордан чўчиб турган тенгдошларини кўриб, – мен ўғил боламан, қўрқмаслигим керак, деган хаёл билан тиббиёт хонасига кирди. Шифокор унга укол (эмдори) қилгунича оғриққа чидаб турди-да, бирдан ҳушидан кетиб, йиқилди. Кўзини очганида эса тепасида турган шифокор ҳамда синфдошларига кўзи тушди. – “Нега бундай бўлди, мен ўзимдаги қўрқувни енгишим керак. Чунки, келажакда Абдурасул амакимга ўхшаб шифокор бўламан”, – деган эди ўзига-ўзи ўшанда.

Шу кундан бошлаб у тиббиётга оид китобларни ўқий бошлади. Бунда унга отаси Абдухалил ака ҳамда онаси Назира опалар суянчиқ бўлишди. Отаси 13-умумтаълим мактабида ўқитувчи, онаси эса мактабгача таълим муассасасида тарбиячи эди. Улар тўрт нафар фарзандини билимли, диёнатли, иродали қилиб вояга етказганлари боис бугунги кунда меҳнатлари мевасидан баҳраманд бўлишмоқда.

1981 йилда мактабни тамомлаган Абдуфаттоҳ ака шифокор бўлиш ор­зусида Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)га ҳужжат топширди. У кириш имтиҳонларидан ўтолмагач, 15-шаҳар шифохонасининг қабул бўлимига санитар бўлиб ишга кирди. Шифокорларнинг ҳаракатларини кузатиш асносида, улардан кўп нарсаларни ўрганди. Йигитча вақтдан унумли фойдаланиб тайёрлов курсида билимини чархлади. Ва 1984 йилда у талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлди.

Яна ўқинг:  Дунё бир, орзу бир

Талабалик даврида профессор устозлари пойтахтдаги 15-шаҳар клиникаси бош шифокори Мирсоқи Мирхўжаев, Тошкент давлат тиббиёт институтининг жарроҳлик бўлими кафедра мудири Эргаш Маҳкамов, Елена Богородская ва шу каби соҳанинг етук мутахассисларидан тиббиёт соҳасини, кейинчалик стоматология сирларини чуқур ўрганди.

– Тиши оғриган бола оқ халатли шифокордан қўрққанидан оғзини очмай, хархаша қилиши мумкин. Бундай вазиятда шифокор беморнинг руҳиятини яхши англаши – психолог бўлиши, хушмуомалалик билан болани йўлга солиши керак, – дейди Абдуфаттоҳ Набиев. – Баъзида тишнинг устки қисми емирилса-да, илдизи мустаҳкам бўлади. Тиш жарроҳи қанчалик эҳтиёткорлик билан ўз ишига ёндошмасин, илдиз қисми қолиб кетиши мумкин. Ўз вақтида буни бартараф қилишда шифокорга беморнинг ёрдами керак. Шифокорликнинг ана шундай нозик жиҳатларини 9-болалар поликлиникасида интернатурани ўташ даврида устозим бош шифокор Насиба Ибрагимовадан ўргандим.

Талабалик даврида 4-стоматология поликлиникаси бош шифокори Хуршид Мўминов ҳамда шифокор Аббос Умаровлар томонидан ўтказилган семинарда қизиқувчан талаба устоз­ларига жуда кўп саволлар беради. Семинардан кейин Х. Мўминов уни ёнига чақириб, ўзи фаолият олиб бораётган муассасага ишга таклиф этади. Шундан сўнг А. Набиевнинг мазкур муассасадаги фаолияти бошланди.

2010–2013 йилларда Ўзбекистон Рес­публикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳаж сафари зиёратчиларининг саломатлигини назорат қилувчи шифокор сифатида малакали тиббий хизмат кўрсатгани учун бир гуруҳ шифокорлар қаторида Абдуфаттоҳ Набиев ҳам фахрий ёрлиқ билан мукофотланган.

Тажрибали ва малакали стоматолог, камтарин инсон Абдуфаттоҳ ака курсдоши Нодирахон опа билан оила қуришди. Абдуфаттоҳ ака оилада меҳрибон ва талабчан ота, садоқатли умр йўлдоши. Дам олиш кунлари ширин таом тайёрлаб ота-онаси, оиласи даврасида суҳбатлашиб ўтиришни хуш кўради. Ота сифатида фарзанд­ларига ҳаётда ибрат кўрсатиб яшамоқда. Ўғиллари Абдуфаррух ҳамда Абдуфотиҳ, қизи Назокатхонлар ҳам тиббиёт соҳасини танлашган.

Шифокор қабулига келган навбатдаги беморни таклиф этади: – Келинг, қандай шикоятингиз бор? Сизни эшитаман…

Ҳа, хушмуомалалик, ширин сўз бемор учун биринчи шифо, кейин муолажа.

Бугунги кунда Абдуфаттоҳ Набиев билан ёнма-ён ишлаб, уни ўзига устоз санайдиган ёшлар жуда кўп. Устоз ҳам улардан ўз билимини аямасдан, талабчанлик билан соҳа сирларини ўргатиб келмоқда. Шогирдлари устоз ҳақида бир сўз билан инсонда қандай ижобий хислатлар бўлса, у кишида мужассам, дейишади.

Яна ўқинг:  ОЛИСИМИЗ ЯҚИН, ОҒИРИМИЗ ЕНГИЛ

Эл соғлиғи йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилаётган фидойи, жонкуяр шифокор Абдуфаттоҳ Набиевга ҳаёт йўлингиз доимо чароғон бўлсин, деймиз. Зеро, эли-юрти учун меҳнат қилган инсон ҳамиша халқ ардоғида бўлади.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: