Орзулари бир олам бахтиёр қизлар

Баҳорнинг илк кунларида юртимизнинг энг иқтидорли, зукко ва оқила қизларига Зулфия номидаги Давлат мукофотини топшириш анъанага айланган. Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали йиғилишда Президентимиз фармонига биноан ҳар соҳада фаол, интилувчан ва иқтидорли 16 нафар қизга ушбу юксак мукофот топширилди. Бу албатта Юртбошимизнинг аёлларга, айниқса, қизларга юксак ҳурмат ва ишончининг амалдаги ифодасидир. Мазкур мукофот соҳибаларининг ўн нафари жаҳон ва қитъа мусобақаларида юксак ютуқларга эришиб келаётгани эса мамлакатимизда спортга, айниқса, қизлар спортига кўрсатилаётган эътибор самарасидир.

Бугун бизнинг фахримиз бўлган бу иқтидорли қизларнинг икки нафари олий ўқув юрти талабаси, ўн нафари ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда тўрт нафари умумтаълим мактаби ўқувчиларидир.

Айжамал Жолдасбаева – Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 1-академик лицейининг 2-босқич ўқувчиси. У шеърият йўналишида ижод қилади. Шунингдек, спортнинг стол тенниси тури унинг севимли машғулоти. 2012 йилда “Камолот” ЁИҲ томонидан ўтказилган “Камолот ракеткаси” мусобақаларининг туман босқичи 1-ўринни қўлга киритган.

Ёш ижодкор 2011-2013 йилларда қатор муваффақиятларга эришди. Жумладан, болалар ижодиёти фестивалининг Республика босқичида “Шеърият” йўналиши ғолиби бўлган бўлса, кейинчалик Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Дўрмон” ижод уйида ўтказилган “Истеъдод мактаби” республика ёш ижодкорларининг анъанавий семинарида фаол қатнашиб, сертификат билан тақдирланди. Ёш ижодкорлар фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида “Адабиёт ва публицистика” йўналишида ғолиблик насиб этди.

У “Болалик” ҳамда “Ширин хаёллар” номли шеърий тўпламлар муаллифи. Ижод намуналари нуфузли республика нашрларида чоп этилган.

– Бугун мен барча тенгдошларим орзу қилган мазкур нуфузли мукофотга муносиб деб топилганимдан бениҳоя бахтиёрман. Келажакда ана шу юксак ишончни мен ижодий ҳамда спортдаги ютуқларим, ўқишдаги муваффақиятларим билан оқлашга ҳаракат қиламан.

Насиба Роминова – Хива туманидаги 7-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси. У тасвирий санъат йўналишида ижод қилади. Асарларида юртимизнинг гўзал табиати, кўҳна Хива манзараларини ўзгача меҳр билан ёрқин рангларда тасвирлайди.

Ёшлар ўртасида ўтказилган бир неча нуфузли танловларнинг вилоят ҳамда республика босқичларида ғолибликни қўлга киритган.

– Мен болалигимдан расм чизишга қизиқаман. Айниқса, бу борада ота-онам яратиб берган шароитлар барча муваффақиятларимга асос бўлди. Улардан ҳар қанча миннатдор бўлсам арзийди. Келажакда бу юксак мукофотни ўзимнинг янги-янги ижод намуналарим, ўқишдаги муваффақиятларим ҳамда Ватанимиз равнақи йўлидаги фидойи меҳнатларим билан оқлашга ҳаракат қиламан.

Яна ўқинг:  Фарзанд истиқболи – бахтнинг тимсоли

Шоҳсанам Усубжанова – Наманган вилояти Косонсой туманидаги 22-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси. У ёшлигидан мақом қўшиқларини куйлашга қизиқади. Шоҳсанамнинг ижросидаги мумтоз қўшиқлар вилоят ва республика телерадио дастурларида эфирга узатилган ва мухлислар эътирофига сазовор бўлган.

Бир неча танловларда муваффақиятларга эришиб келмоқда.

– Ушбу мукофот нафақат менга, балки санъатга меҳр уйғотган, бу йўлдаги қизиқишимни қўллаб-қувватлаган устозларимга ҳам берилган баҳодир. Бу мукофот зиммамга катта масъулият юклайди. Шу боис мен санъат йўлида астойдил изланишга, орзуларим сари илдам қадам ташлашга ҳаракат қиламан.

Бугунги ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, ўқиш, ижод қилиш ва меҳнат фаолиятида ўз орзуларига эришиши йўлида юртимизда барча шароитлар муҳайё. Сўзи билан иши бир ёшлар ҳам яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланган ҳолда муваффақиятларга эришмоқдалар. Зеро, ёшлар бизнинг келажагимиз.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: