ОРЗУЛАР УШАЛГАН КУН

Юртбошимиз таъкидлаганидек қадим-қадимдан халқимиз соғлом авлод тарбиясига алоҳида эътибор берган. Халқ достонлари, эртаклари, афсонаю қўшиқлари ва алломаларнинг асарларида гўзал сиймоли хушсуврат йигит-қизлар меҳр-муҳаббат билан таърифу тавсифланиши ҳам буни тасдиқлайди. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳоднинг жасоратини, Ватан ишига камарбаста матонатини ёки Ширин ва унинг ўн нафар канизагининг таърифу тавсифини бир эсланг.

Дилорому Дилоро-ю Дилосо

Гуландому Суманбўю Сумансо

Паричеҳру, Паризоду Париваш

Парипайкар зиҳи ўн исми дилкаш

Алишер Навоий ўн канизагининг ҳар бири бир соҳанинг етук мутахассиси эканини, ҳар бирида орзу-ҳавас қилгудек фазилатлар борлигини ва уларнинг бари Фарҳоду Ширинда мужассамлашганини фахр билан куйлайди. Ҳазрат Алишер Навоий наздидаги бўлажак оналар шу қизлар тимсолида мужассамлашган. Соғлом фикрловчи ҳам жисмонан ҳам маънан гўзал фарзандлар ана шундай етук илмли, комил инсонлардан бино бўлишини аллома шоиримиз орзу қилган бўлса ажаб эмас. Зеро, соғлом онадан соғлом фарзандлар дунёга келади. Лекин бу орзуни умуммиллий вазифага айлантириш, уни тўла руёбга чиқариш имконияти фақат Ўзбекистон истиқлолга эришгандан кейин вужудга келди. Халқимизнинг асрий орзулари ушалди.

Истеъдодли қизларга Зулфия номидаги давлат мукофоти, илму фан билан шуғулланаётган салоҳиятли ёшларга Президент стипендияси, изланувчан ёш санъаткорлар учун “Ниҳол” мукофотлари таъсиси этилгани, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш мақсадида ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган маҳсулотлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари берилаётгани комил инсонни тарбиялаш йўлидаги қадамлардир. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Сен етим эмассан” болалар жамоатчилик фонди, “SOS – болалар маҳалласи” фаолияти йўлга қўйилиши ҳам истиқлолимиз шарофатидир.

Ҳазрат Навоий “Мажолис-ул-нафоис” ва “Насоим-ул-муҳаббат” асарларида 500 дан ортиқ шоиру фузалони эътироф этган. Улар орасида ўз даврининг етук ҳунармандлари ҳам қаламга олинган. Бугунги кунда мамлакатимизда тез-тез ташкил этиладиган ҳунармандларнинг танловларини, кўргазмаларини кузатганимда Навоий эътирофи хаёлимга келаверади. Юрт истиқболига муносиб ҳисса қўшаётган ҳунармандлар бугунги кунда ҳам улуғланяпти.

Мустақиллик эпкинлари эса бошлаган қарийб йигирма беш йиллик давр мобайнида мамлакатимизда олиб борилган бунёдкорлик ишлари аждодларимизнинг қадриятларини, гўзал анъаналарини бугун билан боғлаётган рамзлардек туюлади. Таъбир жоиз бўлса, уларни нафақат йўлларни-йўлларга, йилларни-йилларга, дилларни-дилларга, асрларни-асрларга, пировардида, авлодларни-авлодларга боғловчи улкан кўприклар, улуғвор меъморчилик иншоотлари, десак арзийди. Ёхуд, ҳазрат Навоий Фарҳод, Искандар образлари орқали қисқа даврда улуғвор қурилишлар бунёд этилганини таъкидлайди. Бугунги бунёдкорлик ишларини, тез юрар поезд йўлларини, кўприкларни, намунали уйларни кузатиб Навоийнинг орзуси ушалди, дегимиз келади.

Яна ўқинг:  Дунёдаги энг яхши таълим тизими қайси мамлакатда эканлигини биласизми?

Одами эрсанг демагил одами

Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами.

Шуни таъкидлаш жоизки, Навоий Низомий панжасига панжа урмоқ осон эмас деб, туркий тилда гўзал”Хамса”ни яратиб она тилини улуғлади. Ўзига пурмаъно асарлари билан ҳайкал қўйди. Мустақил Ўзбекистон ҳам ўз Конституциясида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериб уни кўкларга кўтарди.

Йилдан йилга бош мақсад ҳар бир инсон, айниқса, ёшларимиз Ватанга камарбаста бўлиши учун уларнинг салоҳиятини оширишга имкониятлар яратиляпти. Унга жавобан, фарзандларимиз ҳам ўзига эътиборни кучайтириб, маънавий камолга етишиш учун интилиши керак. Зеро, аллома Алишер Навоий орзу қилганидек, комил инсон атрофидаги кишиларга, жамиятга меҳрибон бўлади, нафсини тия олади. Гўзалликка интилади. Комил инсон яшайдиган оилаларда ободлик, қут-барака бўлади.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: