Ғурур ва ифтихоримиз тимсоли

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр-ифтихор бағишлайди.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, озод Ўзбекистон фуқаролари учун мустақилликнинг муқаддас рамзлари – Давлат герби, байроғи, мадҳияси азиздир. Шу боис байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.

Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган. Туғини жонидан ортиқ асраган Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб буюк саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат.

Ватанимиз мустақилликка эришгач, 1991 йилнинг 18 ноябрида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан “Ўзбекистон Рес­публикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Йигирма тўрт йилдирки, Давлатимиз байроғи халқаро миқёсда мамлакатимиз обрў-эътиборини, юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ҳилпираб турган байроқлар орасида Ўзбекистон Респуб­ликасининг Давлат байроғи ҳам борлиги қалбимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Шу юрт, шу муқаддас замин фарзанди эканимиздан фахрланамиз.

Давлатимиз байроғи Президент девони, Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат биноси, маҳаллий бошқарув идоралари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва савдо ваколатхоналари, консуллик муассасаларида ҳилпираб турибди.

Президентимизнинг хорижий давлатларга расмий ташрифлари давомида байроғимиз ўша мамлакат кўчаларини безайди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз делегациялари қатнашаётган халқаро тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимиз шарафи, халқимизнинг ғурур ва ифтихорини акс эттирадиган омиллардан бири ҳам айнан байроғимиздир.

Ватан ҳимояси учун ҳарбий қасамёд қилаётган ўғлонлар байроғимиз олдида тиз чўкиб, уни кўзларига суради. Халқаро миқёсдаги мусобақаларда ғалаба қозонган спортчиларимиз давлатимиз байроғини баланд кўтариб, ғолиблик нашидасини суради.

Давлатимиз байроғи спортчиларимизга доимо куч-қудрат, жасорат бахш этади. Спортчиларимиз 2015 йилнинг ўтган даврида миллий ва олимпия спорт турлари бўйича ўтказилган қатор халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этди. Улар эришган ғалабалар шарафига дунё спорт ареналарида Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилди. Бу миллионлаб юртдошларимиз қалбини чексиз фахрга тўлдирди.

Яна ўқинг:  Креатив фикрлаш – бу...

– Нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш бизга масъулият, айни пайтда ғурур бағишлайди, – дейди шахмат бўйича 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида жаҳон чемпиони Шамсиддин Воҳидов. – Давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз кўтарилганда қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади. Президентимиз томонидан соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётган эътибор, спорт билан шуғулланиш учун яратилаётган қулай шароит туфайли шундай улкан ютуқларга эришмоқдамиз.

Давлатимиз байроғидаги ҳар қайси ранг, ҳар бир белги чуқур маъно-мазмунга эга. Улар миллий давлатчилигимиз тарихидаги эзгу ифодаларни, айни пайтда мамлакатимизнинг табиий, миллий ва маънавий хусусиятларини мужассам этган. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунда миллий тимсолимизни тасвирлаш ва ўрнатишга оид рангли-схематик тартиблар белгиланган.

Байроқдаги мовий ранг – мусаффо осмон ва тиниқ сув, еру кўкдаги ҳаёт манбалари ифодаси. Оқ ранг тинчлик ва поклик рамзи сифатида халқимиз забт этадиган довонларга йўл очади. Яшариш ва янгиланиш тимсоли бўлган яшил ранг юртимизнинг гўзал табиатига қиёсдир. Қизил чизиқлар эса томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони – ҳаётий қудрат ва бардавомлик ифодаси.

Янги ой юртимиздаги тинчлик ва фаровонликни, айни пайтда давлатчилигимиз тарихида янги давр бошланганини акс эттиради. Унинг ёнида саф тортган 12 юлдуз беғуборлик, мукаммаллик, донишмандлик ифодасидир.

Давлат рамзлари муқаддаслигини, улар бизга элу юрт манфаати барча нарсадан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз, айниқса, ёш авлод доимо ёдда тутиши лозим. Байроғимизни эъзозлаш фуқароларда ўз мамлакатига ва келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА шарҳловчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: