“Ширин” касалликнинг аччиқ оқибатлари

Халқ орасида қандли диабет хусусида одамларда тушунча мавжуд. Аммо унинг қандсиз диабет тури ҳам борлигини кўпчилик билмайди. Ҳозирча биз қандли диабет хусусида сўз юритамиз. Иккинчи хасталик ҳақида эса кейинчалик маълумот берамиз.

Шундай қилиб, “ширин” касаллик – қандли диабетнинг икки тури тафовут қилинади: 1–ва 2-тур.

1-тур қандли диабет – бу инсулин мутлоқ етишмовчилиги билан кечади. Бу хасталик кўпроқ вирусли инфекциялар, эпидпаротит, грипп, вирусли гепатит, қизамиқдан кейин ривожланади.

2-тур қандли диабет – инсулиннинг нисбий етишмовчилиги бўлиб, бу кўпроқ ортиқча вазн, оилавий генетик мойиллик, стресс (руҳий зўриқиш) ва турли травма (шикаст)лардан кейин ривожланади. Касаллик кўп сув ичиш, чанқаш, кўп пешоб ажралиши, озиб кетиш билан бошланади. Бемор даволанмаган ҳолларда оғир асоратлар (кўз, буйрак, беморнинг асаб тизими ва юрак қон-томир тизимининг зарарланиши)га олиб келади.

Қандли диабет мудҳиш оқибатларга олиб келувчи касалликлар ўртасида тўртинчи ўринни эгаллайди. Диабет билан касалланган инсонларда инсульт ва инфаркт, диабет хасталиги мавжуд бўлмаган инсонларга нисбатан икки марта кўп учрайди.

Бундай патологик ҳолатнинг биринчи таърифлари касалликнинг энг кўзга кўринган клиник белгилари – пешоб орқали кўп суюқлик йўқотиш (полиурия) ва қондириб бўлмайдиган ташналик (полидипсия) билан берилган. Қадимда қандли диабет касаллиги табиблар томонидан танада суюқлик ушлаб қолиш хусусиятининг йўқолиши билан кечадиган патологик ҳолат сифатида таърифланган.

Бу хасталик ҳусусида тиббиёт илми султони, машҳур бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ҳам “Тиб қонунлари” асарида батафсил маълумот берган. Қандли диабетнинг келиб чиқишига инсулин етишмовчилиги сабаб бўлишини кейинчалик бир неча олимлар ўз кашфиётларида очиб беришди. 1889 йили Жозеф фон Меринг ва Оскар Минковски меъда ости бези олиб ташланган итларда қандли диабет касаллиги белгилари пайдо бўлишини аниқладилар. 1910 йилда Эдвард Альберт Шарпей Шефер меъда ости безида жойлашган Лангерганс оролчалари ажратиб чиқарадиган кимёвий модда етишмовчилиги диабетни келтириб чиқаради деган тахминга борди. Бу моддани у инсулин, лотинча “insula” – орол деб номлади. Меъда ости безининг эндокрин фаолияти ва инсулиннинг диабет ривожланишидаги ролини 1921 йилда Фредерик Бантинг ва Чарльз Герберт исботлади. Улар меъда ости бези олиб ташланиши натижасида диабет хасталиги ривожланган итларга соғлом итлар меъда ости бези – Лангерганс оролчалари экстрактини юбориш орқали касаллик белгиларини йўқотиш мумкинлигини кўрсатдилар. Бантинг ва Бест қорамол меъда ости безидан ажратиб олиб, тозаланган инсулинни биринчи бор 1922 йил беморларда синашди. Бу кашфиётлари учун олимлар 1923 йилда тиббиёт йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлишди. Шундан сўнг қандли диабетни инсулин билан даволаш жадал ривожланиб борди.

Яна ўқинг:  Номи қандли, аммо азоби аччиқ

Қондаги инсулин миқдорини аниқлаш усуллари ишлаб чиқилгандан сўнг шу нарса маълум бўлдики, қандли диабет билан оғриган бир қатор беморларда қондаги инсулин миқдори камайиши эмас, балки ошиши кузатилган. 1936 йилда жаноб Гарольд Персиваль Химсворт томонидан чоп этилган мақолада биринчи бор 1–ва 2–тур диабет алоҳида касаллик деб эътироф этилди. Бу диабет тўғрисидаги фаразларни яна ўзгартириб, бутунлай инсулин етишмовчилиги билан кечадиган 1-тур ва нисбатан инсулин етишмовчилиги билан кечадиган 2-тур диабет касаллиги борлигини кўрсатди.

2006 йилдан бошлаб 14 ноябрь БМТ томонидан “Халқаро диабет куни” сифатида нишонланмоқда. Фредерик Грант Бантинг ушбу санада туғилган.

Беморлар антик даврда ҳам қандли диабет билан ўрта асрда ҳам касалланишган. Лекин ўша даврда ҳам табиблар хасталлик ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлганлар. Диабетни мадорнинг қуриши ва иштаҳанинг пасайиб кетиши, оғиз қуриб, қондириб бўлмас чанқоқлик, тез ва кўп миқдорда пешоб ажралиши, унинг ширинроқ таъмга эга бўлиши ва беморнинг кучли озиб кетиши каби белгилардан ажратиб олишган. Баъзи одамларда – асосан ёшларда, бу белгилар тез, ҳатто бехосдан пайдо бўлиб, касаллик кучли намоён бўлган. Улар гўёки бу тузалмас дардга маҳкум этилгадек ўзларини ҳис этишган. Ҳозирги замон тушунчаларига кўра бу беморлар биринчи тур қандли диабет билан оғриган бўлиб, улар сурункали ҳолатнинг оғирлашишидан эмас, балки диабетик комага тушиб, кетоацидоздан нобуд бўлганлар. Бошқа турдаги (2-тур) беморлар балоғат ёши, ҳатто, кексайган даврига яқин оғриганлар. Ўтмишдаги табиблар уларни оч қолдириш, жисмоний тарбия ва шифобахш ўсимликлардан тайёрланган доривор воситалар билан даволаганлар.

Замонавий тиббиётда даво воситаларини танлашда касалликнинг оғир-енгил кечиши, асоратлари бор-йўқлиги ҳисобга олинади. Чунончи, беморда ирсият сабабли ёшлик пайтида инсулин етишмаганида унинг ўрнини босиш мақсадида инсулин юборилади. Кексаларда ва кўпроқ вазни оғир кишиларда инсулин нисбатан етишмаганда шифокор тавсиясига кўра парҳезга амал қилиш ва қондаги қанд миқдорини камайтирувчи воситалардан фойдаланиш лозим. Касаллик енгил кечганда кўпинча парҳез буюрилади. Углеводлар кам истеъмол қилинади, улар ўрнига гўшт, картошка, қора нон ва бошқа маҳсулотларни истеъмол қилса бўлади. Ёғли овқатлар миқдори камайтирилади. Касаллик зўрайиб кетганда беморга сариёғ ва бошқа ёғ маҳсулотлари берилмайди. Овқат калориясининг деярли 20 фоизи оқсиллардан иборат бўлиши керак. Хаста киши истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари витаминлар, айниқса, С ва В гуруҳ витаминларига бой бўлиши лозим. Бемор овқатни кунига 5-6 марта бўлиб-бўлиб ейиши керак. Инсулин билан даволанишга ўтган беморлар учун таъсири 6-8 соатдан 30-36 соатгача узайтирилган инсулинлар ишлатилади. Шифокорнинг қаътий назоратига амал қилган беморлар кун тартиби ва парҳезга доир тавсияларга аниқ риоя қилиши, лаборатория текширувига ўз вақтида келиб туришлари зарур.

Яна ўқинг:  БЕПУШТЛИКНИНГ ЯНА БИР САБАБИ

Кандли диабет билан хасталанган беморлар учун диетотерапия (парҳез билан даволаш) бу даволанишнинг асосий усули ҳисобланади. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бемор доимий равишда шифокорнинг тавсияларга риоя қилиши, парҳез таомлар истеъмол қилиши, соғлом турмуш тарзига катта эътибор қаратиш, қандли диабетнинг 2-турида доимий равишда дори воситаларини ичиб юриш, диабетни компенсация қилишга эришиш мумкин. Бу эса ўз навбатида бемор ҳаётининг янада яхшиланишига олиб келади. Қандли диабетнинг 1–ва 2-тури билан оғриган ҳар бир бемор учун чуқур тиббий кўрик, лаборатор таҳлиллар ўтказилиши керак. Эндокринолог ва диетолог томонидан даволаш ва диетотерапия беморга индивидуал танланиши зарур.

2-тур қандли диабетда парҳез билан даволашнинг асосий мақсади:

Қонда қанд (глюкоза) микдорини меъёрда сақланиши ва организмда метаболик жараёнларни углевод ва ёғ алмашинувини яхшилашга қаратилган. Ҳозирги кунда энг яхши вариант рационда оддий ва тез ҳазм бўладиган углеводлар ва кам ёғ сақловчи маҳсулот ишлатилади.

Истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва овқатдан энергия, бемор йўқотадиган энергияга тўғри келиши керак. Бемор тез-тез беш марта ва кам миқдорда овқатланиши керак. Охирги овкатланиш кечки уйқудан камида 3 соат олдин бўлиши зарур.

Бемор ҳар куни парҳез озиқ-овқатларни истеъмол қилиш билан биргаликда жисмоний машқларни бажариши керак. Энг камида у 1, 5 соат тоза ҳавода пиёда юриши даркор. Демак, қандли диабет билан оғриган беморлар шифокор берган кўрсатмаларни вақтида бажарса парҳезни бузмаса, доимий жисмоний машқларни бажариш бемор умрини узоқ бўлиши ва соғлиғи мустаҳкам бўлишини кафолатлайди.

Ўткир МАВЛОНОВ,

Бухоро вилоят эндокринология диспансери поликлиника мудири,

олий тоифали шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: