СИФАТЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТ – ЭЛГА МАДАД

Юртимизда аҳоли саломатлигини асраш, айниқса, она ва бола соғлиғини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Зеро, жисмонан соғлом, маънан етук ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилишини таъминлаш учун мамлакатимизда кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизнинг ҳар бир туман, маҳаллаларидаги қишлоқ врачлик пунктларида яратилган шароитлар фикримизга мисолдир. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган муассасалар, малакали шифокорлар томонидан кўрсатилаётган сифатли тиббий хизмат ҳам фуқаролар соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Бирор жойингиз безовта қилиб шифо муассасасига мурожаат қилар экансиз, у ердаги тоза хоналар, оппоқ халатларда хизмат кўрсатадиган ходимларни кўриб бироз дилингиз очилганини ҳис қиласиз. Айниқса, уларнинг ширинсўзлиги дардингизни озгина бўлса ҳам аритгандай дилингизни чароғон этади. Юртимиз қишлоқларида ҳам ана шундай ривожланган врачлик пунктларининг борлигини кўриб дилингиз яйрайди.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги “Хизробод” қишлоқ врачлик пункти энг намунали бирламчи тиббий-санитария муассасаси деб топилди. Бунга соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган улкан ютуқлар ёрқин мисолдир.

– Наманган вилоятида фаолият юритаётган ҚВП деярли барча замонавий техникалар билан жиҳозланган. Аҳолига тиббий ходим билан патронаж ҳамшираси бириктирилган бўлиб, текширувдан ўтмаган бирорта хонадон эътибордан четда қолмайди, – дейди ҚВП мудираси олий тоифали шифокор Маҳмудахон Олимова.

Бугунги кунда мазкур тиббий муассаларнинг самарали фаолияти юртимизда аҳолининг саломатлик кўрсатгичлари барқарорлигини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти андозаларига мос равишда таъминлаб келмоқда.

– Ушбу тиббиёт бирлашмаси 2001 йил 23 августда замонавий лойиҳа асосида қурилган ва иш бошлаган. Ҳозирги кунда 13 минг 17 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, – дейди ҚВП олий тоифали шифокори Раънохон Маматқулова. Қабул қилиш қуввати 50 қатновга мўлжалланган ҚВП да 39 нафар ишчи ходим, 29 нафар ўрта тиббиёт ҳодими, 4 нафар умумий амалиёт шифокори ва 6 нафар кичик тиббиёт ходимлари фаолият юритади. Ушбу муассаса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори ва Осиё тараққиёт банки томонидан “Саломатлик-2” лойиҳаси асосида жаҳон андозаларига мос келадиган тиббий жиҳоз ва ускуналар билан жиҳозланган. Жорий йилда ҚВПда умумий қабул 24 минг 43 нафар бўлиб, шундан болаларга хизмат кўрсатиш 8 минг 379 нафарни ташкил этади. Қабул давомида кўрилган 7 минг 901 нафар беморнинг барчаси ўз вақтида соғломлаштирилган. Шифохонада ташкил қилинган кундузги қабулда 121 нафар бемор соғломлаштирилган бўлиб, 45 нафари болалар ҳисобланади. Тиббий кўрик жараёнида ЭКГ орқали 1минг 630 нафар кишида юрак касалликларининг олди олинди.

Яна ўқинг:  Гул диёрнинг бахтёр болалари

Албатта бундай ислоҳотларнинг изчил тартибда олиб борилиши мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг янада юксалишига, аҳоли саломатлик даражасининг юқори босқичга кўтарилишига замин бўлади. Ўзбекистоннинг “Соғлом она – соғлом бола” миллий модели бошқа мамлакатларга намуна сифатида тавсия этилгани бунга ёрқин мисолдир.

Чарос ХУШВАҚТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: