Мирза полвоннинг кенжа авлоди

Халқимизда ота-боболарининг издоши бўлиб, сулола шарафини муносиб ҳимоя қилаётганлар ҳақида гап кетганда “қонида бор”, “қонига тортибди” деган иборалар кўп қўлланилади. Бу ибора айниқса, қадимий ва миллий спортимиз бўлган кўпкари ва кураш мусобақаларида аждоди чавандоз ёки полвон бўлган ёшлар ғолибликни қўлга киритганда тез-тез айтилади. Бешкапалик таниқли курашчи Элбек Саидовнинг ҳам қонида полвонлик бор. У халқ ўртасида афсонавий паҳлавонга менгзаладиган Мирзаполвоннинг авлоди. Ургутлик кекса отахонларнинг айтишларича Мирзаполвон тўйларда кураш тушганда унга тенг келадигани топилмаган.

1979 йили туғилган Элбек Саидов доимо ота-боболарининг муносиб издоши бўлишга ҳаракат қилади. Полвон 1996 йил Ургут туманидаги 22-умумтаълим мактабини тугатиб, Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташга отланди. Ҳарбий хизматдан сўнг Ургут шаҳрида 3-сонли спорт тўгарагини йўлга қўйиб, ёшларни спорт машғулотларига жалб қилди. Мақсади қиш­лоғида туғилиб ўсган ёшлардан юрт байроғини юксакларга кўтарадиган чемпионларни тайёрлаш.

– Аждодларимиз орасидан, маҳалламиздан жуда кўп полвонлар етишиб чиққан, – дейди Элбек Саидов фахр билан. – Бизнинг катта бобомиз Мирзаполвон не-не полвонларнинг курагини ерга теккизгани ҳақида ҳали-ҳануз ривоятга ўхшаган гаплар юради. Бобомнинг қабри зиёратгоҳга айлантирилган бўлиб, бу жой ҳозирда Кўктош зиёратгоҳи деб аталади. Шундай инсоннинг авлоди сифатида яқинларимнинг юзини ерга қаратмасликка ҳаракат қилаяп­ман. Қишлоғимиз ҳамиша ўз полвонлари билан шуҳрат қозониб келмоқда. Абдураим, Сайфулла, Аброрхон, Абдуазиз, Узоқ, Норқул, Аҳмадқул, Туроб, Ражаб полвонлар ўз даврида юртда таниқли, машҳур курашчилар бўлишган. Зафар машҳур чавандоз ҳам полвон.

Маълумки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спорт, шу жумладан, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Таъкидлаш жоиз, юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Ургутда ҳам спортни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Спорт турларини оммалаштириш, ёшларга ўзи қизиққан спорт турининг сир-асрорларини ўргатишда Элбек Саидов каби мураббийларнинг хизмати катта бўлаётир.

– Муҳтарам Президентимиз спорт инсонга соғ-саломат, бардам-бақувват, ҳурфикр бўлиб юриши учун ёрдам беришини, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўйини янада ошириш, нуфузини янада юксалтириш учун имконият яратишини кўп бора таъкидлайди, – дейди Элбек Саидов. – Дарҳақиқат, спорт билан шуғулланган инсоннинг саломатлиги яхши, фикри тиниқ бўлади. Оилада, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ёрдам беради. Бугун ургутлик ёшларнинг ҳам спортга қизиқиши жуда катта. Улар спортнинг кўпгина турлари билан оммавий равишда шуғулланмоқда. Кузатишларга асосланиб айтадиган бўлсак, йигитлар ўртасида айниқса, шарқона кураш ишқибозлари кўп. Уларни моҳир спортчи қилиб тарбиялаш учун бор куч-ғайратимни, таж­рибамни сарфлаяпман. Натижа ёмон эмас. 2010 йилдан буён юздан ортиқ йигит спортнинг бу тури бўйича доимий машғулотларни йўлга қўйди ва уларнинг орасидан айримлари туман, вилоят, республика мусобақаларида совринли ўринлар соҳиби бўлмоқдалар.

Яна ўқинг:  ТИББИЁТ ВА ИСЛОҲОТ: ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда

Чиндан ҳам инсонда, айниқса, ёш авлодда спортга иштиёқ орта борган сари юксак марраларга интилиш ҳам кучаяди. Мусобақадан ғалаба билан қайтган спортчини кўрганда ҳавас уйғонади ва айни пайтда ана шундай муваффақиятга эришишни ўз олдига мақсад қилиб белгилайди. Элбек Саидов ҳам малакали спортчиларнинг навқирон авлодини тарбиялаб етиштириш мақсадида фидойилик кўрсатиб ёшларга кураш сирларини мукаммал ўргатмоқда. Келгусида шогирдлари орасидан мустақил диёримиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юртимиз довруғини дунёга танитадиган спортчилар етишиб чиқишига ишончимиз комил.

Муниса РАЗЗОҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: