БАХТ беланчаги

ёхуд бир хонадон манзаралари

Ҳовлимизнинг ўртасида кенг, мўл-кўлгина сўри бор.

Баҳор, ёз ойлари ҳар саҳарни шу ерда, набираларим даврасида кутиб оламан. Гоҳ осуда, гоҳ баҳс-мунозарага бой давра, айниқса, Мироншоҳ опаси Нигинабону билан масала талашгани талашган, кўпинча уларнинг қараш ва муносабатлари турлича бўлиб чиқади.

– Қушларга маза, уларнинг осмони бепоён, истаган кенгликларига парвоз этишаверади, – дейди Мироншоҳ фалакда қиялаб учаётган чумчуғу чуғурчиқлар ҳаракатини ҳавас билан кузатар экан.

– Бизнинг эса Ватанимиз беқиёс, беғубор осмон остида серҳашам шаҳар-

қишлоқларимиз, муҳташам боғ-роғларимиз бисёр, муҳими тинч-осуда юртимиз ғаразли кўзлардан йироқ турсин, – шоирона оҳангда укасини баҳсга чорлайди Нигинабону…

Тонг отиб, қуёш нур беланчагини таш лаши билан кўчадан унинг заррин кокилларига тармашиб ўйнаётган қўшни болаларнинг шўх-шодон қийқириғи эшитилади. Яқиндагина ҳовлима-ҳовли юриб, еттисини тўлдирган болаларни муаллима аёл мактабга ёзиб кетганидан буён бу рўйхатга номи тушган Аскаршоҳ қичкинтойлар ўйинига қўшилмай қўйган, тезроқ ўқишга чиқиш ниятида кун санайди, нуқул:

– Бобо, Мустақиллик байрамига неча кун қолди, – деб сўрагани-сўраган, биладики

қутлуғ байрамнинг эртаси куни мактаб бошланади.

Аммо Аскаршоҳнинг галдаги саволи мен учун кутилмаган бўлиб чиқди:

– Бобо, янги газеталарингизни ўқидингизми?

Одатда у расмли журналларнигина варақларди.

– Нима эди, ўғлим, – боланинг дили нозик, бир оғринса тузатиш қийин, ишга шошилаётган бўлсамда набирамнинг мурожаатини беэътибор қолдирмадим.

– Укачамнинг катта расмини чиқаришибди, – дейди у мен билмаган янгиликдан хабар топганидан қониқиш ҳисси билан.

Аскаршоҳ тўнғич ўғлимнинг кенжа фарзанди, амакисининг, аммаларининг ўзидан кичик ўғил-қизларини “укача” деб атайди, улар ҳозирча беш нафар.

– Қайси бирининг, – сўрайман қизиқсиниб.

– Паризоданинг.

“Паризода августнинг саккизинчисида эндигина бир ёшни тўлдирди, қизиқ, базўр атак-чечакни бошлаган қизалоқ газетага ёзадиган нима каромат қўрсатди экан”, деган савол ўтди хаёлимдан.

– Қани, олиб кел-чи.

Аскаршоҳ аллақаёққа югургилаб кетганича қўлида икки букланган газета билан қайтди:

– Мана кўриб қўйинг, аканг қарағайнинг укачаси зўрда.

Шоша-пиша Аскаршоҳ қўрсаткич бармоғини бигиз қилиб кўрсатган саҳифага кўз ташладим. Ҳовлимиздаги гулзор орасида энг жажжи набирам ота-онаси оғушида ширингина жилмайиб турарди. Расм тагсўзида қуйидагилар ёзилган эди:

Яна ўқинг:  Bola baribir bola-da...

“Жажжи фарзандлари Паризодани қувончга тўлиб катта қилаётган Мираҳмад ва Гулинур Миришкор туманининг Помуқ қўрғонида истиқомат қилишади. Ҳавас қиладиган томони шундаки уларнинг ҳар икаласи 1991 йил, Истиқлол билан тенгдош дунёга келишган. “Мустаҳкам оила йили”да қурилган хонадоннинг “Обод турмуш йили”да дунёга келган гўдаги “Соғлом бола йили”да бир ёшга тўлди”…

Қалбим Истиқлол йўлидан ёрқин келажакни кўзлаб, дадил одимлаётган мамлакатимиз ҳар они тўй-байрамларга эш бўлиб тарихга зарб этилаётганидан фахр-ифтихор туйғуларига тўлди.

Бундан етти йил муқаддам, айни қиш чилласи пойтахтимиздаги “Турон” сиҳатгоҳида дам олаётгандим. Саҳар чоғи кенжа қизим қўнғироқ қилиб қолди:

– Дада, суюнчини чўзинг, акамнинг ўғли бўлди!

– Суюнчи сендан айлансин қизим, умри билан берган бўлсин, исмини нима қўйдингизлар.

– Шуни сиздан сўрамоқчи эдим.

– Нега иккиланиб ўтирибсизлар, ахир уканг исми билан туғилибди-ку,

– Қандай қилиб?

– Бугун қайси сана ва қандай кун?

– Ўн тўртинчи январь, Ватан ҳимоячилари куни.

– Баракалла, ўзинг билар экансан, укангнинг исмини Аскаршоҳ қўйинглар.

Гўшакдан қизимнинг ёнидагиларга қувонч билан айтган сўзлари баралла эшитилиб турди:

– Урей-й-й, укамнинг исми Аскаршоҳ бўлди, илоҳим Ватанни кўз қорачиғи янглиғ асрайдиган, аскар йигит бўлиб етишсин…

Ҳаммаси собиқ ўқувчимнинг ишхонамга биров келиб-кетишидан бошланди. Қишлоқда ҳамма у ёки бу жиҳатдан бир-бирига алоқадор, масалан шу Тоштемирга ўрта мактабда тарих фанидан сабоқ берганман, унинг отаси Жаббор домла менга математика сирларини ўргатган, ўз ўрнида Жаббор домла ҳам қарийб чорак аср мактабга раҳбарлик қилган отамни ўзига устоз деб билади. Хуллас, ўқувчим етказган хушхабарни уйдагиларга илиндим:

– Тоштемир шогирдимнинг ўғли миллий курашдан ўқувчилар ўртасида ўз вазни бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлибди.

– Яқиндагина мактабимизда ўқиб кетган Бобохонми, – сўради набираларимдан бири.

– Ўша, Бухоронинг спорт коллежида таҳсил олаётганди, – жавоб бердим ички бир

қониқиш билан. – Вақтида бобоси, отаси ҳам бинойигина кураш тушишар эди.

Ўшандан буён Мироншоҳ тиним билмайди, гоҳ футбол тўпини боши, оёғи билан уриб, ерга туширмасликни машқ қилса, гоҳ ҳовлининг у чеккасидан, бу чеккасигача ўмбалоқ ошади.

– Ҳа ўғлим, бу ниманинг ташвиши?

Яна ўқинг:  ВАТАНПАРВАРЛИК сабоқхонаси

– Машқ қилаяпман, дадам жисмонан чиниқсанг, синовлардан ўтолсанг спорт мактабига ўқишга қўяман, деди.

– У ерда нима қиласан?

– Чиниқиб, чемпион бўлиб, юртимиз байроғини чет элларда бошим узра кўтармоқчиман.

– Баракалла ўғлим, ҳавас билан яшаганга нима етсин…

– Бобо, эшитдингизми, – ҳовлиқиб савол берди Нигинабону.

– Нимани?

– Дилноз опамнинг қизи Миллий университетнинг журналистика факультетига ўқишга кирибди, унинг нияти сиздек журналист бўлиб, “Олтин қалам” олиш экан.

Лайло жиянимнинг қизи, Қаршидаги 2-сонли академик лицейда ўқиб юрган кезларидан буён қалам тебратиб туришини биламан, бир-икки битикларини кўриб ҳам бергандим, мана, изланишлари самара бериб, мамлакатимиздаги энг нуфузли университетлардан бирининг талабаси бўлибди:

– Мана, кўрдингми, яхши ўқиганнинг самарасини?! Сен ҳам мактабни, лицейни аъло баҳоларга тугатсанг, опангдек талаба бўлишинг тайин, – бир-икки шеърий машқлари матбуот юзини кўрган набирамнинг юрагига ғулғула соламан.

– Албатта шунга интиламан, – дейди у қатъият билан…

* * *

… – Бобо қуёшнинг нур беланчаги қойилмақом, осилиб мазза қиласан, – дейди Мироншоҳ кумуштус баданини офтоб нурларига тобларкан.

– Жонажон Ватанимиз ўзига хос бахт беланчаги, – дейди Нигинабону укасига жавобан, – Қара, биз ёшлар учун ўқиб, олим, шоира бўлиш, чиниқиб чемпионлик мақомига эришиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган, Юртбошимизга қуллуқ, у киши бахт беланчагимизни тебратиб турибди.

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: