СОВУҚДАН ҲАМ АЛЛЕРГИЯ БЎЛАДИМИ?

Кейинги вақтда аллергик касаллик­ларнинг аҳоли орасида кўпайиши кузатилмоқда. Бу хасталикнинг бир тури халқ орасида “эшак еми” номли тошма билан маълум. Совуқдан аллергия механизми бошқа аллергик касалликлардан фарқ қилади. Касаллик кишида фақатгина тошма тошиб, қичишишдек нохушлик келтиради, деб билсак, хато қиламиз. Совуқдан аллергия псевдо (сохта) аллергия гуруҳига киради. Бундай ўйлаб қарасак, совуқ ҳам аллерген бўладими?

Аслида у аллерген бўлмаса-да, тана тошмаларида оғриқ, жисмоний қичишишдек нохушликни келтириб чиқарувчи омилдир. Уй шароитида одам ўзида совуқдан аллергия эҳтимоли бор эканини текшириши мумкин. Куб шаклидаги муз қўл терисига 5-8 дақиқага қўйилади. Агарда терида тошма, қичишиш, куйгандек ҳолатлар бўлса, билингки, сизда совуқдан аллергия бўлиш эҳтимоли бор. Лекин бу хулосани, албатта, шифокор тасдиқласагина сизда совуқдан аллергия бор, деб ҳисобланади. Аллергиянинг бошқа шакллари махсус лабораторияларда текширилади. Чунки, овқат ҳазм қилиш тизими, ўт йўли, жигар, меъда ости бези, ҳатто ичак ёки жигарда паразитлар борлиги туфайли организмда талай ўзгаришлар бўлади. Бу ҳолатларда даво комплекс равишда ташкил этилади.

Бу касаллик бир неча хил кўринишда намоён бўлади. Хусусан, совуқдан қичишиш бўлса, теридаги тошма қичитқи (крапива) ўтидан куйгандек кўринишда бўлади. Совуқдан дерматитда қизариш, тери қуриши, қичиши, оғир ҳолатда бутунлай шишиб кетиши кузатилади. Совуқдан тумов кўринишидаги псевдоаллергия тумов (ринит), акса уравериш, бурундан сув оққандек нохуш ҳолатлар рўй беради. Бемор иссиқ жойга кирса, бирдан “ўзидан-ўзи” тузалиб қолгандек бўлади.

Псевдоаллергик конъюктивит касаллигида (совуқ кунларда) кўз ачишиши, ёшланиши кузатилади. Бу ҳолатни асло организмнинг қишда бўлиши мумкин бўлган табиий муҳофаза реакцияси билан адаштирмаслик лозим. Салқин ва совуқда соғлом одамда ҳам кўз ёшланиши, бурун оқиши табиий ҳолдир. Ҳар икки ҳолатда ҳам бундай нохушликлар иссиқ жойга кирилса, ўтиб кетади. Баъзан совуқдан астма (зиққинафас) хуружи кузатилади. Ҳатто, нафас етишмаслик, нафас қисиш ҳоллари ҳам учрайди. Бу касаллик билан аллергологлар эмас, пульмонологлар шуғулланади.

Совуқдан аллергияси бўлган киши кўчага чиқишидан олдин антигистамин (аллергияга қарши) маҳсулот (ҳапдори, спрей, бурун ёки кўз учун томчи)лардан фойдаланиши самара беради. Бу дори воситалари вақтинча енгиллик беришини унутмаслик керак. Лекин ҳарорат нолдан пастга тушса, касаллик ружу қилавериши мумкин.

Яна ўқинг:  Nega aqliy qobiliyat IQ bilan o'lchanadi?

Керагидан ортиқ қалин кийиниш ҳеч қандай наф бермайди. Синтетик ва жун толали ки­йимлар танага тегиб туришидан эҳтиёт бўлинг. Ич кийим ва танага тегиб турувчи кийимлар табиий толали (ипак, пахта, зиғир толали) бўлиши зарур. Акс ҳолда касалликнинг бутун танага тезроқ ёйилишига йўл қўйган бўласиз.

Бизнинг кескин ўзгарувчан иқлимда қишнинг аёзли кунларида, айниқса, куз тонггида совуқдан аллергия бўлиши кузатилади. Бунинг аллергия эканига эътибор бермаганлар “шамоллабман”, деб ўйлаб, ўзларича муолажа бошлайдилар. Айниқса, мутахассис билан маслаҳатлашмай, антибиотиклардан нажот қидирадилар. Ёдингизда бўлсин: ўзингиз ёки оилангиздаги беморни кузатишни одат қилинг. Албатта кўп кузатиб, вақтни ўтказиш ҳам ножоиз. “Кузатиш” деганда беморнинг ҳозирги ва бундан аввал шамоллагандаги ёки аллергия қўзғашида қандай белгилар бўлганини қиёсланг, демоқчимиз. Сизнинг бу кузатишларингиз шифокор қабулида кечадиган савол-жавобларда жуда қўл келади.

Совуқдан аллергия бўлмаслик учун бутун организмни тиббий-лаборатор текширтириш лозим. Аллерголог ва гас­троэнтеролог беморга тегиш­ли парҳезни белгилайди, ўт ҳайдовчи, паразитларга қарши ва шу каби дори воситаларини тавсия қилади. Меъда ширасини меъёрга келтиради. Биз меъдасида яллиғланиш (гастрит) ёки яраси бўлмаган беморларга бир неча курс маъданли сув ичишларини тавсия қиламиз. (Ҳар бир бемор айнан қандай минералли сув ичиши кераклигини шифокор билан келишиб олгани мақсадга мувофиқ.) Сувни наҳорга, ярим-бир стакан, илиқ-иссиқроқ ҳолда ёки (кундузи) овқатдан камида 30 дақиқа олдин ичиш керак. Ва албатта аллергия чақириши мумкин бўлган сунъий рангли озиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда ичимликларни истеъмол этмаслигимиз зарур.

Кейинги тавсиямиз: организмни чиниқтириш керак. (Албатта, шифокор билан маслаҳатлашиб, чиниқиш режасини тузгандан сўнг.) Аввало чиниқишни қўлдан, контраст ванна қабулидан бошлаш зарур. Қўлларни 30 сония олдин совуқ сувда, кейин иссиқ (қўлни куйдирмайдиган даражадаги) сувга солиб, қўлни иситиб олиш керак ва яна 2-3 марта шу муолажани такрорлаш зарур. Бошқа куни оёқларни шундай чиниқтириш мумкин. Шу тариқа секин-аста бутун танани чиниқтиришга ўтилади. Бир неча кундан сўнг идиш (ваннача)га музлатгичдаги катакчали идишдан ях олиб, совуқ сувга соласиз. Шунда сув­нинг ҳароратини борган сари пасайтириб бориш мумкин.

Кун бирдан совиб, терида шиш, қизариш ёки енгил қичиш бошланиб келаётганини сезсангиз, тезда яқин орадаги иссиқ бинога кириб, чой ёки кофе ичинг. Унутманг, хасталикни даволагандан кўра унинг олдини олган афзал.

Яна ўқинг:  БЎЛАЙ ДЕСАНГ СОҒ – ОМОН...

Мунира ЗУПАРОВА,

Чилонзор тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: