ОНА ТИЛИ – миллат тафаккури кўзгуси

Тамаддун тарихидан яхши маълумки, дунёда ҳар қандай миллат ёки элат борки, унинг ўзигагина хос маънавий-маданий дунёси бор. Табиийки, бу бебаҳо мерос шу халқ билан бирга яшаб, бирга тараққий этади. Ана шу ривож­ланиш жараёнида баъзи миллий анъаналар унутилиши, эсдан чиқиши мумкин. Баъзилари эса, аксинча, яна-да ривожланиш, янгиланиши, таъбир жоиз бўлса, замонавийлик касб этиши ҳам бор ҳақиқат.

Албатта, айни икки эврилишнинг биринчиси – у ёки бу миллий анъананинг йўқликка юз тутиши миллат маданияти ва маънавиятининг кемтик бўлиб қолишига, бениҳоя бетакрор миллий хосликнинг заифлашувига олиб келади. Миллий анъаналарнинг ривожланиши эса том маънода шу миллат маънавиятининг юксалишига, кўҳна дунё айвонида барқарор турмоғига ҳамда миллат “менлигининг”, мақсаду моҳиятининг рамзи сифатида яшашига замин ҳозирлайди. Ана шундай миллий ва олий қадриятлар қаторида она тилини ҳам кўрсатиш зарур. Зотан, миллий тил миллат маънавий қиёфасининг ёрқин кўзгуси ўлароқ, халқнинг ўзини, ўзлигини ифода этади. узоқ йиллар давомида тўпланган маданий ва маънавий бойликларини имкони қадар сақлаб, келгуси авлодларга етказади.

Миллат, маънавият ва она тили тушунчалари бир-бири билан шу қадар жипс боғланганки, улардан бирининг мавжуд бўлмаслиги халқ маънавий меросининг тугал эмаслигини кўрсатади. Шунинг учун ҳам тилсиз миллатни, миллатсиз тилни тасаввур этиб бўлмайди. Дунё илм-фанининг мислсиз ютуғи сифатида эътироф этилган, холис тафаккур тарзининг меваси тарзида баҳоланадиган бир қатор сунъий тиллар – эсперанто, волапюк каби сунъий тиллар яшай олмаслигининг сабаби ҳам, аслида, бу “тил”ларнинг соҳиби, эгаси йўқлигидандир. Ўз навбатида она тилиси йўқ миллатнинг дунё айвонида собит тура олиши ҳам гумон. Бундай халқ алал-оқибат миллий руҳиятию менталитетидан, бир сўз билан айтганда, ўзлигидан жудо бўлади. Бундай тил, нари борса, алоқа воситаси сифатидагина кун кечиришга юз тутади.

Тўғри, бу ёруғ оламда бир тилда сўзлашадиган бир неча ўнлаб халқлару элатлар бор. Улар ер юзида яшаб юрибди. Аммо уларнинг миллий маданияти ҳам тили сингари ё қоришиқ, ёки “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолган. Соф ўзбекона руҳ билан йўғрилган, азалдан асллик мезони билан йўргакланган андиша, истиҳола, ҳаё, ибо каби сўзлар англатадиган маъноларининг айнан муқобилини бошқа бирор тилдан топиб бўлмаслигининг сабаби ҳам ана шундадир. Бу сўзларда жо бўлган теран ва таранг мантиқ кучи ҳам миллийлик отлиғ моҳиятнинг зилол чашмасидан суғорилганлигидан, заминдай хокисору тоғдай ғурурли халқ феъли-атворидан ранг олганидан, узоқ йиллар давомида тўп­ланган тажрибасидан, орзу-умидлари ифодасидандир. Бир сўз билан айтганда, ўзбекнинг ўзидан бегона бўлмаганидандир. Негаки саналган ўзига хосликлар бўлмаганда ёки олам деб аталмиш воқелик ўзбекона идрок этилмаганда эди, ўзбек халқи тафаккурида бундай тушунчалар, она тилида эса уларни ифода этувчи сўзлар ҳам мавжуд бўлмас эди.

Яна ўқинг:  Олам офтобидек мангусан

Она тилимиз бўлган ўзбек тили соҳибининг ўзи каби қадимий. Унинг пайдо бўлиши миллат деб аталмиш бирликнинг шу кўҳна заминда вужудга келиши билан боғлиқ. Мутахассисларнинг фикрича, ўзбек тилига оид қадим манбалар турк ҳоқонлиги даврларидан ҳам узоққа бориб тақалади. Аммо сўнгсиз жангу жадаллар, даврининг муҳорабаю мусоҳабаларидан омон ўтиб келгани Ўрхун Энасой ёдгорликларидир. Тарихнинг кейинги йилларида яратилган “Девону луғотит турк”, “Қутадғу билиг”, “Ҳибатул ҳақойиқ”, “Қисаси Рабғузий” каби ўнлаб дурдона асарларнинг она тилимизнинг ниҳоясиз нодирликлари экани ҳам қалбларни ғурурга тўлдиради. Айниқса, Алишер Навоий даҳосида ҳадди аълосига кўтарилган, мирзо Бобур сиймосида “туркнинг бош бўғини” билан диллашган ўзбек тили тарихининг буюк бўлганидан далолат беради.

Миллий маънавиятимизнинг тиниқ тажассуми, айниқса, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган, ўзга тиллардан айнан ифодасини топиб бўлмайдиган мақол ва маталлар, ҳикматли сўзу ибора аталмиш қайроқи сўзларда бениҳоя бетакрор инжаликлар билан ифодаланади. Масалан, “Алифни калтак дейди”, “Игна ташласанг, ерга тушмайди”, “Атторнинг қутисида ҳам йўқ гаплар” сингари маталлар, “Оз-оз ўрганиб, доно бўлур, Қатра-қатра йиғилиб, дарё бўлур”, “Адабиёт яшаса, миллат яшар” каби ҳикматли сўзлар ҳамда “игна билан қудуқ қазимоқ”, “зиғир ёғдай кўнгилга урмоқ”, “қай­чи қуда бўлмоқ”, “бир ёқадан бош чиқармоқ” сингари ибораларда ўзбекона руҳ, миллийлик барқ уриб туради. Улар намоён этадиган маъноларни шу халқ турмуш тарзидан айро ҳолда тасаввур қилиб ҳам, тушунтириб ҳам бўлмайди.

Истиқлол йилларида ўзбек тили, унинг луғат таркиби янги тушунчаларнинг ифодаси сифатида кириб келган ўзлашма сўзлар, она тилимизнинг ички имкониятларига таяниб, янги сўзлар яратиш ва сўз ёки ибора маъно қамровининг янги маънолар билан бойиши эвазига ривожланиб бормоқда. Бу давр­да она тилимизга жамиятнинг турли соҳаларига оид янги сўзлар, масалан, ахборот коммуникация технологияларига доир андроид, блог, блогер, блогпост, браузер, бренд, вебсайт, гигабайт, мегабайт каби лисоний бирликлар ўзлашиб улгурди. Мазкур жараён мамлакатимиздаги шу соҳанинг ривожи билан боғлиқ, албатта.

Шунингдек, интернет журналистикасининг аста-секин шаклланиб бориши билан бевосита айни соҳа хос сўзлар ҳам тилимизга кириб келмоқда. Масалан, инг­лиз тилидан айнан ўзлашган блог (“бир кишининг ҳаёти, фаолияти ёки ижодига доир янгиликларни бериб боришга мўлжалланган сайт”; “онлайн-кундалик” – Ўзининг шахсий вебсайти ва блогига эга бўлишни истаган ёш журналистлар учун зарур тавсиялар берилди. (Туркистон, 2015, 20 июнь), блогер (“муайян блог фаолиятини амалга оширувчи шахс” – Мамлакатимизда ижтимоий масъулиятли блогерларни рағбатлантиришга катта эътибор бериб келинмоқда. (Туркистон, 2015, 17 июнь), блогпост (“муайян блог учун ёзилган хабар, мақола ва бошқа ёзма асарлар” – Уни [Носирни] финалга олиб чиққан “Иммунитет” номли блогпости ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган турли диний оқимлар нинг кирдикорларини очишга қаратилган. (Туркистон, 2015, 17 июнь) кабилар шулар жумласидандир.

Яна ўқинг:  Спорт хабарлари (2015–42)

Ички имкониятлар асосида ўзбек тили луғат таркиби бойиб бормоқда. Масалан, транспарентлик (сиёсий соҳага оид термин), блогерлик, интестициявий, диверсификацияламоқ, модернизацияламоқ, глобаллашув, интеграциялашмоқ, легаллаштирмоқ, либераллаштирмоқ кабилар шулар жумласидандир. Қолаверса, авиабозор, авиакорхона, авиалайнер, авиапарк, авиаташув, авиахаб, авиаходим, авиақатнов сингари сўз қўшиш йўли билан ясалган сўз пайдо бўлди.

Тил моҳият эътибори билан инсонга наф келтиришга хизмат қилади. Ўз навбатида, ҳар бир киши ўз она тилининг ривожи, тараққиёти учун баҳоли қудрат ҳаракат қилмоғи керак. Башарти шундай иш қўлидан келмаганда ҳам, исми қўйилган, илк бор алла эшитган тилига ҳурмату эҳтиром билан муносабатда бўлиши, энг камида, ўз она тилисининг зарари бўлиб қоладиган хатти-ҳаракатлардан тийилиши зарур. Аммо, таассуф билан айтиш мумкинки, баъзи замондош­ларимизнинг она тилига бўлган беписанд муносабатларини кўриб, ёқангни ушлайсан. Уларнинг қоришиқ тилда мулоқот қилаётганларини кўриб, ўзбекми ёки бошқа миллат вакилими, деган савол кўнгилдан ўтади. Барака топкур, агар хорижий тилни биладиган бўлсанг, марҳамат, жойини топиб, фақат ўша тилда гапир. Ҳеч кимнинг эътирози ҳам, иштибоҳи ҳам йўқ. Уддасидан чиқолмасанг, ўз она тилингни бузма. Уни бузиб гапираётганларга-да эътиборсиз бўлма.

Албатта, бу каби ҳолатларни бартараф этиш бир кишининг иши эмас. Аввало, оилада тилга муносабатни тўғри йўлга қўйиб олиш керак. Ота-онанинг ўзи фарзандига тўғри тил тарбияси борасида намуна кўрсатиши зарур. Таълим-тарбия муассасаларида ўқитувчи ва мураб­бийлар, маҳаллада эса қўни-қўшнилар она тилига бўлган муносабат борасида ибрат бўлмоқликлари лозим. Хуллас, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигидаги ишларнинг бир қисми сифатида ёш авлодни ўзбекона сўзлашга ўргатиш мақсад қилинган бўлиши лозим.

Ёрқинжон ОДИЛОВ,

ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёти институти илмий ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: