Дераза ортидаги дунё

Ўтириб олиб деразадан ташқарига қараган киши иморатларнинг томлари, дарахтларнинг шохлари, осмоннинг бир чети, ерга қозиқдай қоқилган симёғоч устунлари, уларга осилиб олган электр симлари, баъзида қанот қоқиб учиб ўтган қушларни кўриши мумкин. Ойнаи жаҳонни ҳисобга олмаганда, бутун бошли дунёдан атиги шуларгина кўзга ташланади, холос.

Деразадан ташқарида эса биз шу пайтгача чопиб-чопиб ишга, бозорга, қавми-қарин­дошникига борган кўчалар мунғайиб қол­ган. Машиналар бир зум бўлсин тиним бил­май қатнаган асфальт йўллар санжоблашган. Одамлар бир-бири билан масофа сақлаган, фарзанди ё набирасидан телефонда ҳол-аҳвол сўраган, ака-укасини соғинса-да боришга ис­тиҳола қилган, масофадан ишлаётган ходим­лар ишдаги ҳамкасбларига куч-қувват, соғлик тилаган, уларни қўмсаган, соғинган.

Гарчи буларнинг ҳаммаси вақтинчалик тад­бир бўлса-да, бундай кунларнинг ҳар дақиқа­си сабоқ, синов. Ҳар бир киши учун, ҳар бир халқ учун синов. Эҳтимол, бу хатоларимиз­ни тўғрилаб олиш учун имкондир ҳам. Ким­дир бу синовни қабул қиляпти, тартибларга амал қиляпти. Энг бехавотир жой ҳар ким­нинг уйи эканини ҳис этяпти. Аксинча йўл ту­таётганлар ҳам бор.

Ана шундай синовли кунларда уйидаги энг тансиқ нарсаларини меҳмонига илинган са­хий халқимизнинг асл фарзандлари юзага чиқаяпти, ҳомий деган ном остида ҳиммат кўрсатишяпти. Синовли кунларда эл бир-би­рини суяяпти. Тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролар озиқ-овқат маҳсулотлари, тиб­бий ниқоблар, антисептик воситалар тарқа­тишяпти. Ибрат бўлишяпти.

Ҳар на бўлганда ҳам коронавирус деганла­ри биз унгача яшаган кунларимизнинг қадри­ни кўрсатиб берди. Ҳаётимиз нақадар гўзал, осойишта, нақадар эркин, тинч бўлган экан. Яшаётган ҳар бир кунимиз учун шукур деган сўзни айтишга тилимиз айланмагани учун хи­жолатга солди. Оламга деразадан қарашнинг қанчалар азоблигини кўрсатиб қўйди.

Тиббиёт ходимларини айтмайсизми? Биз улар ҳақида нималар демадик? Ҳатто қўл кўтаришгача бордик. Аслида гуруч ичидаги курмак қайси бир соҳада йўқ. Аммо энг оғир дамда улар қаҳрамонлик кўрсатишяпти. Пре­зидентимиз уларни мисоли жанг майдонида ишлашяпти, деб айтдилар. Қўлларимиз дуо­да, Аллоҳдан паноҳ сўраб, аввало Худо деб ҳамма улардан нажот кутяпти, умид қиляпти.

Ривоят қилишларича, Ҳазрат Сулаймоннинг узукларида: “Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи”, деган сўзлар ўйиб ёзилган экан. Энг қайғули дамларида шу ҳикмат у кишига таскин берган.

Инсон ҳам дунёга деразадан қараб қол­майди, бу кунлар албатта ўтади. Ўшанда фақат тани сиҳатлик ва хотиржамлик, бехавотир яшаш, бир-биримиз билан эркин мулоқот қилиш, истаган жойга бамайлихотир бориш нақадар катта бахт эканини ҳис эта олсак бўлгани.

Яна ўқинг:  БАРКАМОЛ АВЛОД МАРКАЗИДА

Бугун эса уйда энг яхши ҳамроҳ – китоб. Уйда қолинг ва китоб ўқинг.

Лола ЎРОҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: