ЭР ЙИГИТ – ЮРТ ПОСБОНИ

Оламга заррин нурларини сочаётган қуёш булутлар орасига яширинди. Бир оздан сўнг ёмғир ёға бошлади. Ёмғир кучайган сари йўл четидаги кўкка бўй чўзган теракларнинг барглари ҳам дув-дув тўкилди. Ҳаво тозаланиб, чанг-ғубор босилди.

– Эндигина навбатдаги машғулотни ўтказиш учун дала-ўқув майдончасига йўл олаётган эдик, – деди “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби, взвод командири капитан Артур Аблякимов. – Саф майдончасида капитан Элдор Муршаев етакчилигидаги гуруҳ шахсий таркиби вазифани бажаришга шай турарди.

Унинг буйруғидан кейин ҳарбий хизматчилар тартиб билан белгиланган йўналиш томон олға юришди. Биз ҳам улар билан бирга пиёда кетдик. Қишлоқнинг ажиб кўчаларини ортда қолдириб, далага чиқдик.

Йўл-йўлакай ҳарбий хизматчилар ҳаракатларини кузатаман. Улар ишонч ва сергаклик билан чор артофга хушёр боқиб қадам босишарди. Гуруҳ шахсий таркибининг жипс бўлиб ҳаракатланиши бизни қувонтирди. Яқинда давлат мукофоти билан тақдирланган бир офицер билан бўлган суҳбат ёдимга тушди. “Шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом кучли бўлса, жанговар шайлик юқори бўлади, муваффақиятга эришиш янада осон кечади”, деганди у.

Дала йўли бошланиши билан командир гуруҳни тўхтатиб, жанговар вазифа берди. Унга асосан ҳарбий хизматчилар ўзларига бириктирилган йўналишни кузатиб, командирга ахборот бериб боришди. Шунингдек, ҳаракат давомида командир гуруҳ аъзоларининг сезгирлиги ва ҳушёрлигини тактик машғулотлар асосида синовдан ҳам ўтказиб борди.

– Ҳаракат мобайнида амалга оширилаётган тактик машқлар ҳарбий хизматчиларнинг сезгирлиги билан бирга эгаллаган билимларини ҳам синовдан ўтказиш имконини беради, – дейди гуруҳ командирининг ўринбосари катта лейтенант Оқил Атамирзаев. – Шу билан бирга хатога йўл қўйган ҳарбий хизматчи йўналиш давомида бу камчилигини тузатишга ҳам улгуради. Энг асосийси, машқдан-машққа уларнинг тажрибаси ошиб, соҳа бўйича билимлари янада бойиб боради.

ДАРЁ УСТИГА АРҚОН ТОРТИЛДИ

Яна ёмғир ёға бошлади. Бироқ, юрт тинчлигини сақлаш ишига ўз ҳаётини бахшида этган мардлар бунга сира ҳам эътибор қилмасдан кўзлаган манзиллари сари дадил одимлашарди. Шу пайт гуруҳ олдида кетаётган мерган, кичик сержант Диёр Мавлонов “Тўхта!” буйруғини берди. Маълум бўлишича, олдинда эни чамаси йигирма метрлар келадиган улкан дарё оқиб ўтарди. Дарёдан талофотсиз ўтиш учун тайёргарлик бошланди. Кимдир мудофаада, кимдир тоғ йўлида зарур бўладиган анжом ва воситаларни амалда қўллашга тайёргарлик кўрмоқда.

Яна ўқинг:  Бола бўлиб яшаш завқи

– Мазкур гуруҳ бугун дала-ўқув майдончасида нишонларга ўқ отиш машқини бажариши керак, – дейди гуруҳ командири капитан Э.Муршаев. – Улар доимо бир йўналишда ҳаракат қилишган. У йўналишда эса ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Бу сафар уларнинг тайёргарлигини, вазифасига қай даражада масъулият билан ёндашишларини текшириш мақсадида бошқа йўналишдан юрдик. Қани кўрамиз, улар йўлда учраётган табиий тўсиқлардан қандай ўтишаркан?

Бу биз учун қизиқарли эди. Чунки, бундай вазиятлардан тез ва тўғри чиқиб кетиш командирнинг билим ва тажрибаси билан бирга, унинг етакчилик қобилиятини ҳам намоён этади. Бу каби машғулотларда ҳар томонлама чиниққан ҳарбий хизматчилар тоғ йўналишида зарур бўладиган анжомларини ҳам ўзлари билан бирга олишган экан. Дарёдан ўтиш учун арқон ва карабинлар шай қилинди. Гуруҳ командири кичик сержант Элбек Мамадалиевга арқонни дарёнинг нариги қирғоғига олиб ўтиб, маҳкамлашни буюрди. Топшириқ олган кичик сержант чаққон ҳаракатни бошлади. Унинг жисмонан бақувват, эпчил ва усталиги бизни лол қолдирган бўлса, командирнинг қўл остидаги ҳарбий хизматчилардан ҳар бирининг имкониятлари ва кўникмасини яхши билиши, тўғри қарор қабул қилиши эътиборимизни тортди. Дарёнинг бошланиши ботқоқликдан иборат бўлиб, қалин қамишзорлар билан қопланган. Бу ҳам ўзига яраша мураккаб вазиятни туғдириши табиий. Кичик сержант Э.Мамадалиев сафдошларининг ёрдами билан ботқоқлик ва қамишзорни осонгина кечиб ўтиб, вазифани бажарди. Мана бир зумда дарё устига арқондан кўприк тортилди. Ҳарбий хизматчилар навбат билан қуролларини елкаларига осиб, ундан ўта бошлашди. Энг сўнгида икки ҳарбий хизматчи сафар қопларини ҳам арқонлар ёрдамида дарёнинг нариги қирғоғига ўтказишди. Илк топшириқ муваффақиятли амалга оширилди. Гуруҳ командири барчани йиғиб, қурол-аслаҳа, алоқа воситаси ва анжомларнинг бутлигини текширди. Ҳаммаси жойида. Яна йўналиш бўйлаб ҳаракатни давом эттирдик.

ҚУМ УСТИДА ИЗ ҚОЛДИРМАСДАН…

Кейинги ҳаракат йўналишида ҳарбий хизматчилар турли тактик вазифаларни бажаришди. Текислик. Ёмғир ёғаётгани учун оёқ остидаги қумлар анча нам бўлиб қолган эди. Ёмғир сувидан чўл юлғунларининг шохлари ерга осилиб қолган. Гуруҳнинг энг сўнгида кетаётган сержант Довурхон Давлетов қўлидаги бута шохини судраб қумда қолаётган изларни текислаб кетяпти. Йўналишдаги ҳар бир нишаблик, чуқурлик ва пана жойлар ҳарбий хизматчилар томонидан жиддий текширилиб, хавфсизлик таъминланяпти. Бундай машқлар мобайнида ҳар бир ҳарбий хизматчининг маҳорати ва тажрибаси янада ошади. Гуруҳда пулемётчи вазифасида хизмат қилаётган сержант Мансур Нурметов кўп йиллик тажрибага эга кичик командирлардан. Назарий ва амалий машғулотларда гуруҳ командирининг энг яқин ёрдамчиси ва маслакдоши.

Яна ўқинг:  Sirdosh qalamlar

– Ватаним тақдири – менинг тақдирим эканлигини юракдан ҳис қиламан, – дейди сержант М.Нурметов.– Хизматим мобайнида бу туйғу қалбим тўридан чуқур жой олиб, мени ҳамиша шу Ватан меҳри билан ёниб яшашга, бурчимни шараф ила ўташга ундаб туради. Муддатли ҳарбий хизмат қалбимда шарафли касбга ҳавас уйғотди. Ўқидим, изландим, меҳнат қилдим ва орзуимга эришдим. Йилдан-йилга касбий маҳоратим ошиб, билимим бойиб боряпти. Ўтказилаётган дала-ўқув машғулотларида қўлга киритаётган ҳар бир ютуғим мени янада улкан марралар сари руҳлантиряпти.

НИШОНГА АНИҚ УРИШ – ҲАРБИЙ МАҲОРАТ

Ўточар қуроллардан нишонларга ўқ отиш майдончасига етиб келгунимизча чамаси беш километр юрдик. Ўқув майдонида жанговар қуролдан нишонларга ўқ отиш учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Шунингдек, ўқув нуқталарида отишгача бўлган тайёргарлик учун зарур ўқув-моддий база тахт қилиб қўйилган. Қисқа дам олишдан сўнг, ҳарбий хизматчилар қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш, қулай позицияни эгаллаш, хавфсизлик қоидалари, қуролни ўқ отишга тайёрлаш каби машғулотларда иштирок этиб, билимларини яна бир бор синовдан ўтказишди.

Гуруҳ шахсий таркиби навбати билан турли позициялардан туриб, ҳар хил кўринишдаги ва турли масофадаги нишонларга ўқ отишни бошладилар. Ҳар бир нишонни бехато уриш учун қисқа сониялар берилган. Жараён қизғин тус олди. Машғулот майдонидаги ҳолатни кўриб, мардлик, шижоат ва жасорат қалбини тўлдирган бу ҳарбий хизматчиларга жуда ҳавасим келди. Уларнинг маҳоратини кўриб, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигига ҳеч қандай ёвуз куч рахна сололмаслигига ишончим янада ортди. Бу вақтда ёмғир ҳам забтига олиб, борган сари кучаяр, нишонлар ҳам бирин-кетин йиқиларди.

Аҳрор ОЧИЛОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: